Ижтимоий тармоқларда хориждан ўқишни «перевод» қилиш тўғрисида хабар тарқалди. Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ушбу хабар ёлғон эканини маълум қилди.
Тарқалган хабарда Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги номидан хориждан ўқишини кўчирмоқчи бўлган талабалар ҳеч қандай имтиҳонларсиз ўқишини Ўзбекистонга кўчиришга рухсат берилиши ва кўчириш учун барча ҳужжатлар 15 февралгача қабул қилиниши билдирилган.
«Аввало, бу каби хабарлар асоссиз эканини маълум қиламиз. Тўғри тушунамиз, ахборотни биринчи бўлиб оммага тезкор етказиш – давр талаби. Аммо ҳар қандай хабарни эмас, балки текширилган, асосланган маълумотларни эълон қилиш – энг муҳим жиҳат ва журналистиканинг ‘олтин қоида’си эканини яна бир бор эслатиб ўтамиз!
Шу билан бирга асоссиз ва ёлғон ахборотни тарқатганлик учун қонунларимизда маъмурий ва жиноий жавобгарлик нормалари белгиланганини унутманг», – дейилади вазирлик муносабатида.
Изоҳ (0)