Икки кун «яшаган» Европа Суперлигаси
2021 йилнинг 18 апрель куни Европанинг 12 гранд клуби бошчилигида Суперлигага асос солинди. Ушбу лойиҳанинг етакчилари сифатида «Барселона», «Реал» ва «Ювентус» катта саҳнага чиқди. Бироқ Лига ташкил топганидан икки кун ўтиб, барча клублар ФИФА, УЕФА ва мухлисларнинг жуда кучли босими остида бирин-кетин лойиҳадан чиққанини эълон қила бошлади. Юқорида номи қайд этилган клублар эса ҳамон лойиҳадан воз кечгани йўқ ва курашишда давом этмоқда.
Гарчи Суперлига асосчилари Еврокубоклар савиясини оширишни, юқори даражадаги клублар ва футболчилар бир-бири билан рақобат қиладиган формат яратиш ҳақида бонг урган бўлса ҳам, бунинг тагида молиявий манфаатлар ётгани ҳеч кимга сир эмас. Аммо УЕФА уларга майдонни осонликча бўшатиб бермади, ташкилот клубларга турли санкциялар, четлатишлар билан босим ўтказди ва лойиҳани тўхтатиб қолди.
Шундан сўнг томонлар ўртасида судлашувлар бўлиб ўтди ва унда клублар фойдасига қарор қабул қилинди. Айни пайтда УЕФА Суперлиганинг утопия эканлигини айтаётган бўлса, Флорентино Перес бошчилигидаги «Суперлигачилар» лойиҳа давом этиши ҳақида гапирмоқда ва пухтароқ режа ҳозирламоқда.
Октябрь ойида ОАВ Суперлига янгиланган регламентда қайтиши ҳақида бонг урди. The Athletic хабарига кўра, аввал эълон қилинган ва муваффақиятсизликка учраган ёпиқ турнир эмас, балки 140 та жамоа иштирок этадиган мусобақалар пирамидаси ташкил этилади. Турнир учта босқичда ўтказилади: олий дивизионда 20 та клуб, иккинчи дивизионда 20 тадан жамоага эга 2 та гуруҳ, 3-дивизионда эса 4 та гуруҳ бўлади. Асосий эътибор ўз лигасида гегемон бўла туриб, ЕЧЛда муваффақиятсиз қатнашадиган мамлакатлар жамоаларига қаратилади.«Аристократлар»нинг шоҳсупага қайтиши
2016/17 йилги мавсумдан кейин катта мусобақаларда ғалаба қозонмай қўйган «Челси» узоқ вақт давомида инқироз даврини бошдан ўтказди. Бу инқироз 2021 йилга келиб барҳам топди дейиш мумкин. Клуб президенти Роман Абрамович 2020/21 йилги мавсум бошида трансферлар учун ақл бовар қилмас пул сарфлади ва юқори даражали футболчиларни Лондонга олиб келди. Январь ойига келиб эса Фрэнк Лэмпарднинг ўринини Томас Тухель эгаллади. Германиялик мутахассис келиши жамоанинг ўйини дарҳол ўзгарди. «Кўклар» унинг қўл остида АПЛда 4-ўринни эгаллаган бўлса, Чемпионлар Лигаси бош совринини ўзиники қилди.
Бу «Челси» учун ушбу мусобақада 2012 йилдан кейинги илк ғалаба бўлди. Жамоа бу йўлда плей-офф босқичида «Атлетико М», «Порту», «Реал» каби жамоаларни доғда қолдирди. Ҳал қилувчи баҳсда эса бошқа бир инглиз клуби «Манчестер Сити» минимал ҳисобда таслим этилди.
Тухель жамоаси ушбу мавсумда ҳам ўзига хос услубда ўйин кўрсатиб келмоқда ва АПЛда ҳам, ЕЧЛда ҳам ғолиблик учун асосий даъвогарлар қаторида тилга олинмоқда.Евро—2020 ва енгилмас Италия
Коронавирус пандемияси туфайли бир йил кечикиб ўтказилган Евро—2020 мухлисларга кутилганидан ҳам кўпроқ эмоция бера олди. Гуруҳ босқичидан тортиб, то ҳал қилувчи баҳсларгача бўлган барча беллашувлар миллионлар ўйини ишқибозларининг эътиборини ўзига жалб қилди.
Франция, Испания, Бельгия, Германия, Португалия каби фаворитлар қаторида тилга олинган жамоалар ўз даражасидан пастроқ ҳаракат қилган бўлса, Дания ва Швейцария мусобақа кашфиёти бўлиб томошабинлар меҳрини қозонди.
Мусобақа ғолибига айланган енгилмас Италия эса гуруҳ босқичидан 100 фоизлик натижа кўрсатиб, плей-оффда Бельгия, Испанияга қарши ажойиб ўйин кўрсатди. «Уэмбли»да кечган финалда пенальтилар сериясида Англияни мағлуб этди. Шу тариқа Роберто Манчини бошчилигидаги итальянлар 5 йил кутилган қитъа чемпионати бош совринини Апенин ярим оролига олиб кетди ва 2022 йилги Жаҳон Чемпионати олдидан ўзлари учун кўтаринки кайфият яратди. Аммо ҳозирча Италиянинг Қатар—2022 га бориши катта сўроқ остида турибди. Бунинг учун жамоа плей-офф босқичида иккита ўйинда ғалаба қозониши керак.Бутун дунёни қўрқитган Кристиан Эриксен
Евро—2020 гуруҳ босқичи доирасидаги Дания ва Финляндия терма жамоалари ўртасидаги баҳснинг биринчи бўлимида Кристиан Эриксен тўсатдан, ҳеч қандай контакт йўқ жойда майдонга йиқилди. Ушбу вазиятда унинг юраги тўхтаб қолди.
Шундан сўнг Эриксенни сақлаб қолиш учун учрашув деярли бир соатга тўхтатилди. Бу вақт давомида шифокорлар уни жонлантиришга ҳаракат қилди. Эриксен фақат касалхонага олиб кетилиш олдидангина кўзини очди. Шифохонада операцияни бошдан ўтказган футболчининг юрагига кардиовертер-дефибриллятор қўйилди.
Ушбу бир соат давомида бутун футбол олами том маънодаги даҳшатни бошдан кечирди ва Эриксеннинг тирик қолиши учун дуода бўлди. Эриксен йиқилган вазиятда тезкорлик билан шифокорларни чақирган, бу даҳшатнинг камераларга муҳрланмаслиги учун жонли айлана ташкил қилган ва Кристианнинг рафиқасига далда берган Симон Кьер эса том маънода йил қаҳрамонига айланди.
Евродан сўнг футболчи узоқ вақт давомида шифокорлар назоратида бўлди, бу орада кардиовертер-дефибриллятор билан А Серияда ўйнаб бўлмаслиги маълум бўлди ва «Интер» даниялик футболчи билан шартномани бекор қилди. Ҳозирда Эриксен эркин агент мақомида, унинг Дания чемпионатига қайтиши ҳақида хабарлар янграмоқда.Мессига аталган Копа Америка
Жанубий Америка чемпионатининг Евро—2020 билан бир вақтда ўтгани қайсидир маънода унинг соясида қолиб кетишига сабабчи бўлди. Шунга қарамай мусобақани кузатган мухлислар Лотин Америкаси футболининг ҳақиқий жозибасига гувоҳ бўла олди.
2021 йилги мусобақагача Лионель Месси терма жамоадаги ўйини сабаб тинимсиз равишда танқид қилиниб келинарди ва бу қитъа биринчилиги Леони ушбу «тамға»дан халос этди.
Месси бошчилигидаги Аргентина терма жамоаси мусобақа ғолиблиги йўлида ҳеч қайси рақибини аяб ўтирмади. Жамоа ярим финалга қадар ортиқча қийинчиликларсиз, тартибли ўйин кўрсатиб етиб келди. 1/2 финалда пенальтилар сериясида Колумбияни мағлубиятга учратди. Ҳал қилувчи ўйинда эса мусобақа мезбони Бразилия таслим этилди. Лионель Месси 4 та гол билан мусобақа тўпурари бўлди.
Унинг финалдаги ғалабадан кейинги қувончи ҳақида яхшиси ортиқча гапирмаган маъқул. Унинг ўрнига кўз ёшлар гапирди...
Ўша куни нафақат, Мессининг персонал мухлислари, балки шунчаки унинг ўйинини кузатадиганлар ҳам Леонинг орзуси (терма жамоа билан соврин қўлга киритиш) ушалганидан хурсанд бўлди.Беш йил кутилган Токио Олимпиадаси
Юқорида таъкидланганидек, 2020 йилда ўтиши керак бўлган йирик мусобақалардан яна бири беш йил кутилган тўрт йилликнинг энг нуфузли мусобақаси — Олимпиада бўлди.
200 дан ортиқ давлат делегациялари қатнашган Токио—2020 Олимпиадасида умумий ҳисобда 339 та медаллар жамланмаси ўз эгаларига топширилди.
Карантин талаблари қатъий амал қилинган мусобақа жуда кўплаб такрорланмас лаҳзалари билан ёдда қолди. Бунга беш йил давомида Олимпия ўйинлари лицензияси учун курашган ва машғулотлар олиб борган спортчиларнинг мусобақаларга киришишига атиги бир неча соат қолганида вирус юқтириб олиб, изоляцияга олиниши, шоҳсупага кўтарилган совриндорларнинг медалларни ўз бўйнига ўзи тақиши ва бошқа бир қанча ноодатий ҳолатларни келтириш мумкин.
Медаллар ҳисоби бўйича умумий рейтингда АҚШ (39 та олтин, 41 та кумуш, 33 та бронза) биринчи ўринни эгаллаган бўлса, Хитой (38 та олтин, 32 та кумуш, 18 та бронза) ва мезбон Япония (27 та олтин, 14 та кумуш, 17 та бронза) кучли учликка якун ясаб берди.Мессининг «Барселона»дан кетиши
2021 йилнинг 5 августида Мессининг «Барселона»дан кетгани ҳақидаги хабар нафақат футбол олами, балки миллионлар ўйинига қизиқмайдиганларнинг диққатини тортди. Фаолиятини каталон клубида бошлаган даҳо шу вақтга қадар бошқа жамоада ўйнамаганди ва аллақачон том маънода клубнинг рамзига айланиб улгурганди. Мессини «Барселона»сиз ва «Барселона»ни Мессисиз тасаввур қилиб бўлмас эди.
Гарчи томонлар келишувни узайтиришни хоҳлаган бўлса-да, Ла Лига регламенти билан боғлиқ иқтисодий ва таркибий тўсиқлар туфайли ҳужжатни расмийлаштиришнинг иложи бўлмади.
Месси 2020 йилда ҳам «Барселона» раҳбариятидан хафа бўлиб, жамоадан кетмоқчи бўлганди, бироқ ўзини «одам қилган» клуб билан судлашишни хоҳламай, қолишга қарор қилганди. Аммо 2021 йилда умуман бошқача ҳолат бўлди.
Дунёнинг энг яхши (агар энг яхшиси бўлмаса) икки футболчисидан бири эркин агентга айланганида уни ўз сафига қўшиб олишни истаганлар табиийки, кўп бўлди, аммо фақат «ПСЖ»гина унинг молиявий истакларини қондира олди. Шу тариқа Месси Франция пойтахтига йўл олди ва парижликлар сафида Лео, Неймар, Килиан Мбаппедан иборат фантастик трио ташкил топди. Гарчи трио кутилгани каби зўр ўйнамаётган бўлса ҳам, барибир мухлис ҳам, мутахассис ҳам уларнинг иштирокидаги ўйинни катта қизиқиш билан кузатиши бор гап. Ҳозирча Месси Франция чемпионатида 11 та ўйин ўтказиб, атиги 1 та гол урди.
Месси «Барселона» унинг уйи эканлигини ва қачондир у ерга қайтишини айтиб келади. Маълумот учун, унинг «ПСЖ» билан амалдаги шартномаси 2023 йилда ўз ниҳоясига етади. Ўша йилга бориб, Лео 36 ёшда бўлади ва молиявий қийинчиликларни бошдан ўтказаётган «Барселона»га эркин агент сифатида қайтиш эҳтимоли йўқ эмас.«Адашган ўғил» — Роналдунинг «Манчестер Юнайтед»га қайтиши
Мессининг «Барселона»дан кетганидан-да шов-шувлироқ қандай хабар бўлиши мумкин? Жавоб жуда оддий: Криштиану Роналдунинг «Манчестер Юнайтед»га қайтиши.
Манчестердаги юришини 2003 йилда бошлаган португалиялик 2009 йилга келиб, катта саргузаштлар излаб, у ердан бош олиб кетганди. Шундан сўнг Криш 12 йил давомида Испания ва Италияни забт этди, бир неча марта Чемпионлар Лигасида ғалаба қозонди, «Олтин тўп»ларни қалаштириб ташлади.
Август ойига келиб эса унинг «Ювентус»дан кетмоқчилиги, унга асосий даъвогарлардан бири «Манчестер Сити» эканлиги айтилди. Ҳатто жаҳон футболининг энг номдор инсайдерлари ҳам Криштианунинг «шаҳарликлар» билан келишувга эришгани ҳақида хабар бера бошлади.
Бироқ сўнгги паллада барчаси ўзгариб кетди ва Роналдунинг уйга қайтиши аниқ бўлди. Маълумотларга кўра, Кришнинг «Сити» сафига йўл олишига Алекс Фергюсон йўл қўймаган ва Роналдуни иккинчи марта жамоага олиб келган.
Кўпчилик Роналдунинг «Манчестер»га қайтиши жамоа учун фақат зарар бўлишини тахмин қилганди. Ҳозирча бу тахминлар ўзини оқлагани ёки аксинча эканлиги ҳақида бирор нима айтиш қийин. Лекин Роналду келганидан бери жамоада ҳеч қайси футболчи ундан кўп гол ура олмагани фактдир — 14 та.УЕФА Миллатлар Лигаси
Кўпчилик учун тушунарсиз бўлган Миллатлар Лигаси мусобақаси ҳам бу йил анча-мунча воқеаларга бой бўлди. Хусусан, 6 йиллик танаффусдан кейин терма жамоага қайтган Карим Бензема бошчилигидаги аламзада (Евро—2020 даги муваффақиятсизликдан кейин) Франция доминант ўйин кўрсатиб, ғолибликни қўлга киритди. «Уч-ранглилар» финалда кучга тўлган ёш Испанияни таслим қилди.
Европа чемпионати ғолиби Италия эса 3-ўрин учун баҳсда ҳеч нима ютмаган Бельгиянинг олтин авлодидан устун келди.
2024 йилдан УЕФА Миллатлар Лигасида Жанубий Америка вакиллари ҳам иштирок этади. Ушбу маълумотни декабрь ойи ўрталарида УЕФА вице-президенти Збигнев Бонек тасдиқлади. Аргентина, Бразилия, Колумбия, Перу, Уругвай ва Чили А Лигада, Боливия, Эквадор, Парагвай ва Венесуэла эса Б Лигада иштирок этиши кутилмоқда.
Шу тариқа УЕФА Жаҳон Чемпионатини ҳар икки йилда ўтказмоқчи бўлаётган ФИФАга жуда кучли зарба берди. Ҳа, УЕФА ички фронтда гранд клублар билан, халқаро майдонда эса ФИФА билан курашмоқда.Мессининг еттинчи «Олтин тўпи»
Франциянинг France Football нашри 1960 йилдан бери йил давомида энг яхши ўйин кўрсатган, жамоавий ва индивидуал совринларни қўлга киритган футболчиларни тақдирлаб келади. Бу йилги соврин Лионель Мессига топширилди, аргентиналик даҳо учун мазкур қимматли тўп ҳисоб бўйича еттинчиси бўлди. Қайд этиб ўтиб кетиш керак, бу борада унинг энг яқин таъқибчиси Криштиану Роналдунинг ҳисобида бешта «Олтин тўп» бор.
Совриннинг Мессига топширилиши медиа оламида «йил ўғирлиги», «йил қовуни», «йил адолатсизлиги» сифатида қайд этилди. Аксарият мутахассис ва мухлислар совринни Роберт Левандовски олиши керак эди деган фикрни илгари сурди. Боиси у 2021 йилда энг кўп гол урган футболчига айланди — 69 та. Ва бутун йил давомида бир хил — юқори даражада ўйин кўрсатди. Бундан ташқари, 2020 йил учун ҳам «Олтин тўп»ни Роберт олишга ҳақли деганлар топилди. «Уйда ўтирилган» йилда France Football коронавирус туфайли тарихда илк марта мукофотни ҳеч кимга топширмаганди. Ўшанда польшаликнинг ғолиб бўлиш имконияти деярли 100 фоиз эди.Агуэронинг футбол билан хайрлашиши
Одатий кунларнинг бири эди ва «Барселона» 31 октябрь куни Ла Лига доирасидаги ўйинда ўз майдонида «Алавес»ни қабул қилаётганди. Учрашувнинг 41-дақиқасида Агуэро ўзини ёмон ҳис қилди. Шифокорлар унинг юрагида муаммо борлигини маълум қилди ва Кун захирага олинди. Ўшанда ҳеч ким Агуэрони охирги марта майдонда кўраётгани ҳақида ўйлаб ҳам кўрмаганди...
Дастлабки тиббий кўрикдан сўнг «Барселона» матбуот хизмати футболчининг аҳволи яхши эканлиги, аммо 3 ой давомида футбол ўйнай олмаслиги ҳақида маълумот берди. Бироқ орадан ҳеч қанча ўтмай, 15 декабрь куни Агуэрога юрак тахикардияси ташхиси қўйилди ва унинг бошқа майдонга қайта олмаслиги аниқ бўлди.
Катта ниятлар билан мавсум бошида «Барселона»га келган Агуэро илк кунларданоқ муаммодан боши чиқмади. Дастлаб, қадрдон дўсти Месси жамоадан кетган бўлса (аслида у Месси билан бирга ўйнаш учун келганди), кейинчалик жароҳат сабаб узоқ вақт майдонга туша олмади. Охир-оқибат бир-йўла катта спорт билан хайрлашиб қўя қолди. У матбуот анжуманида бу ҳақида кўзида ёш ва алам билан эълон қилди...
Мана шунақа, дўстлар, 2021 йил футбол олами учун шундай қайғули хабар билан якунланди.
Мавзуга доир: «Марадона Италияни забт этди, Месси Испанияни, Агуэро эса Англияда буни уддалади». Футбол аҳли Серхио Агуэро билан хайрлашди
Йил жанглари
- MMA афсонаси Фёдор Емеляненко 2 йиллик танаффусдан октагонга қайтди. У америкалик рақиби Тимоти Жонсонни 1-раунддаёқ даҳшатли нокаутга учратди.
- 2021 йилда кўпчилик Тайсон Фьюри ва Энтони Жошуа қарама-қаршилигини кутганди, аммо уларнинг иккиси ҳам бошқа боксчиларга қарши жанг қилди. Фьюри драматик жангда Деонтей Уайлдерни 11-раундда нокаутга учратган бўлса, Энтони Жошуа Лондонда Олександр Усикка ютқазиб қўйди. Усик ушбу ғалабадан кейин британиялик боксчининг уcта камарини ўзиники қилиб олди.
- Икки йиллик танаффусдан сўнг рингга қайтган Мэнни Пакьяо очколар ҳисобига кубалик боксчига ютқазиб қўйди. Ушбу жангдан кўп ўтмай филиппинлик боксчи профессионал фаолиятини якунлаганини эълон қилди. Пакьяо 2022 йилда Филиппинда бўлиб ўтадиган президентлик сайловига ўз номзодини қўйган.
- Сауль «Канело» Альварес эса 2021 йилда нақ 3 та жанг ўтказди ва уларнинг барчасида ғалаба қозонди. «Канело» февраль ойида Авни Йилдирим, майда енгилмас Билли Жо Сондерс, ноябрь ойида бошқа бир енгилмас жангчи Калеб Плантни «ер тишлатди». Шу тариқа мексикалик жангчи суперўрта вазн тоифасида мутлақ чемпионга айланди. Альварес эндиликда оғир вазнда ҳам жанг қилиш нияти борлигини маълум қилди.
Изоҳ (0)