Эслатма: Ушбу материал биринчи марта 2021 йил 14 июлда чоп этилган ва йилнинг эътиборга молик материаллардан бири сифатида такроран эълон қилинмоқда
Аммо легионерлар ҳақида футбол жамоатчилиги орасида яна турли хил афсонасифат гаплар юрадики, беихтиёр бу миш-мишларнинг бари бир тийинга қиммат эканлигига ишонишни хоҳлайсан. Ҳар йили Сербия ва Африкадан келадиган футболчилар оқимини кўриб эса яна ўйланиб қоласан киши... Шунга қарамай, миллий чемпионатда нисбатан яхшироқ ҳаракат қилган легионерлар ҳам бўлган. «Дарё» қуйида айнан шулар ҳақида фикр юритади.
Хосе-Луис Вильянуэва (Чили)
Клуби: «Бунёдкор»
«Қалдирғочлар» тарихидаги энг омадли ва ўзини тўлалигича оқлаган кам сонли легионерлардан бири Хосе-Луис Вильянуэва 2008 йилда жамоага келиб қўшилган ва дарҳол кўп сонли мухлисларнинг қалбидан жой олган. У ўзининг дебют ўйинини «Пахтакор»га қарши кечган Тошкент дербисида ўтказиб, дубль муаллифига айланади. Жамоанинг асосий футболчиларидан бири бўлган Хосе ОЧЛ доирасидаги ўйинларда ҳам голлар уриб, ҳет-трикни расмийлаштирган вақтлар бўлган. У машҳурлик борасида ҳам жамоадаги бошқа легионерлардан қолишмаган. Аммо клубга Луис Фелипе Сколарининг келиши билан у захира ўриндиғига «михланади» ва охир-оқибат 2009 йилда жамоадан кетишга мажбур бўлади. Бироқ ўзбекистонлик мухлислар унинг ўрнига олиб келинган бразилияликларни эмас, аксинча уни кўпроқ ёдга олиши бор гап.
«Мен ҳеч қачон ‘Бунёдкоръдан кетишни хоҳламаганман, мени жамоадаги ҳамма нарса қониқтирарди. Менинг ўрнимга олиб келинган Денилсон ва бошқалардан ҳеч ким ‘Бунёдкоръда яхши из қолдирмади. Умид қиламанки, у ерда ҳали мени кўп эслашади. ‘Бунёдкоръдан кетганимдан сўнг Аргентина ва Чилининг бир нечта жамоаларда тўп сурдим, 2015 йилда эса катта футбол билан хайрлашишга қарор қилдим. Ҳозир телевидение соҳасида фаолият юритяпман деганди», — деганди Вильянуэва 2019 йилда «Интерфутбол» газетасига берган интервьюсида.
Артур Геворкян (Туркманистон)
Клублари: «Шўртан», «Пахтакор», «Насаф», «Локомотив», «Қизилқум»
2007 йилдан 2019 йилгача Ўзбекистоннинг турли клубларида тўп сурган туркманистонлик футболчини бемалол Ўзбекистон чемпионати афсоналари сафига қўшиш мумкин. Боиси, у ўзи ўйнаган деярли барча жамоаларда етакчилик қилган. Ҳам шахсий, ҳам жамоавий соврин қўлга киритиш борасида унга етадиган легионер йўқ бўлса керак. Ярим ҳимоячи бўлишига қарамай 2014 йилда 18 та гол билан Ўзбекистон Олий Лигасининг (ҳозирги Суперлига) энг яхши тўпурари бўлган.
Геворкян «Насаф» чемпион бўлган 2011 йилги ОФК Кубогида ҳам ажойиб ўйин кўрсатиб, мусобақанинг энг яхши ўйинчиси совринини ўзиники қилганди.
Кахи Махарадзе (Грузия)
Клублари: «Локомотив», «Пахтакор», «Сўғдиёна»
Тошкентнинг «Локомотив» клуби грузиялик футболчи Кахи Махарадзени 2009 йилда ўз сафига қўшиб олган. У бу орада «Пахтакор», «Сўғдиёна» ва танаффуслар билан «темир йўлчилар» сафида ҳаракат қилишга улгурди. Махарадзе «Локомотив» (2016, 2017 йилларда) ва «Пахтакор» (2012, 2014, 2015 йилларда) билан Ўзбекистон чемпиони бўлган, шунингдек, уч бор мамлакат Кубогида зафар қучган. Кахининг ушбу рўйхатдан жой олганига эътирозлар ҳам янграши мумкин, аммо тан олиш керак, айнан Махарадзе кўп йиллардан бери нисбатан барқарор ўйин кўрсатиб турган легионер футболчилардан бири ҳисобланади.
Гочкули Гочкулиев (Туркманистон)
Клублари: «Пахтакор», «Бунёдкор»
2002–2005 йилларда «Пахтакор» шарафини ҳимоя қилиб, тўрт бор Ўзбекистон чемпиони бўлган Гочкули Гочкулиев 2007 йилда яна Ўзбекистонга қайтади, фақат бу сафар «шерлар»нинг принципиал рақиби «Бунёдкор» сафига. Туркманистонлик футболчи «қалдирғочлар» сафида ҳам уч бор мамлакат чемпионлигини қўлга киритади. 2002 йилда эса Ўзбекистонда йилнинг энг яхши футболчиси совринига эга чиқади. Умуман олганда, Гочкулиевни Ўзбекистон чемпионати тарихидаги энг юқори даражали легионер сифатида кўрсатиш мумкин. Унинг чап қанот ҳимоясидаги ўйинларини нафақат ўзбекистонлик мухлислар, балки бутун Ўрта Осиё футбол жамоатчилиги яхши эслайди.
Акмал Холматов (Тожикистон)
Клублари: «Нефтчи», «Пахтакор», «Локомотив», «Шўртан»
Акмал Холматов профессионал фаолиятини Тожикистоннинг «Регар-ТадАЗ» жамоасида бошлайди. 1996 йилда эса Фарғонанинг «Нефтчи»си билан келишувга эришади. Акмал «Нефтчи» сафида том маънода афсонага айланади ва жамоа тўпурарлари рўйхатида ҳам юқори ўринларда туради (301 ўйин, 69 гол). «Нефтчи»нинг сўнгги чемпионлиги (2001 йил) ҳам айнан Акмалнинг етакчилигига тўғри келади. Кейинчалик у «Пахтакор», «Локомотив», «Шўртан» ва «Андижон» каби клубларда фаолият юритади. Аммо ҳеч қайси клубда «Нефтчи»даги каби ютуқ ва мартабага эришолмайди. Ҳужумкор ярим ҳимоячи Холматов қанотлардан, асосан чап томондан ажойиб рейдларни амалга оширарди. Шунингдек, у кучли зарбаси билан мақтана оларди. Айни вақтда унинг 18 ёшли ўғли Диёр Холматов «Пахтакор»да тўп тепмоқда. 2020 йилги мавсумда дебют қилган футболчи, бу йили жамоанинг деярли асосий таркибидан жой олди. Қайд этиш керак, Диёр Ўзбекистон фуқароси ва у отасидан фарқли равишда Ўзбекистон миллий терма жамоасида ҳаракат қилиш имкониятига эга.
Драган Черан (Сербия)
Клублари: «Насаф», «Пахтакор»
Драган Черан Ўзбекистоннинг сўнгги йиллардаги энг яхши легионери эканлиги борасида ҳеч кимда ортиқча шубҳа бўлмаса керак. Бунга унинг кетма-кет икки мавсумдан бери чемпионат тўпурари бўлиб келаётгани ҳам яққол мисол бўла олади: сербиялик 2019 йилда 23 та гол урган бўлса, 2020 йилда бу кўрсаткич 21 тани ташкил қилди. Ўзбекистондаги фаолиятини 2016 йилда Қаршининг «Насаф»ида бошлаган Черан орадан икки йил ўтиб, «Пахтакор»га ўтади. У пойтахт клубида ҳам жамоанинг асосий фигураларидан бирига айланди ва «шерлар»нинг сўнгги йиллардаги ғалабаларига ўзининг улкан ҳиссасини қўшиб келмоқда. Ўзбекистон чемпионатини мунтазам кузатиб борадиган мухлислар биладики, айни дамда биринчиликда Черан даражасидаги ва унинг майдондаги функцияларини бажара оладиган ўйинчи йўқ. Ҳатто Чераннинг ёрқин ўйинлари сабаб миллий терма жамоанинг собиқ мураббийи Вадим Абрамов уни маҳаллийлаштириш ҳақида ўйлаб кўрганди.
Черан 33 ёшда бўлишига қарамай ҳамон яхши спорт формасини ушлаб турибди ва яна 2-3 йил давомида Суперлига даражасида ўйнаши мумкин.
Ривалдо (Бразилия)
Клуби: «Бунёдкор»
Ҳозиргача Ўзбекистонга ишлаш (футбол ўйнаш) учун келган энг машҳур ва энг кучли легионер Ривалдо 2008 йилда «Бунёдкор» билан шартнома имзолаб, 2010 йилгача «қалдирғочлар» шарафини ҳимоя қилади. Бу вақт оралиғида у икки бор Ўзбекистон чемпиони бўлади ва бир қанча шахсий ютуқларни қўлга киритади. У билан бирга ўйнаган маҳаллий футболчилар Бразилиядан келган ўйинчилардан фақат Ривалдо ўз ишига профессионал ёндашганини таъкидлаган. Гарчи, «Бунёдкор» 1999 йилги «Олтин тўп» соҳиби билан ёруғ юз билан хайрлашмаган бўлса-да, клуб ва мухлислар у ҳақида илиқ хотираларга эга.
Терма жамоада ҳам, клуб даражасида ҳам исталган футболчи ҳавас қилиши мумкин бўлган натижаларга эришган собиқ юлдузнинг Ўзбекистонга нима сабабдан келгани маълум. Аммо унинг келиши барибир ўзбек футболига қандайдир бир учқун бера олганди. Ўша пайтларда Тошкент дербиси деб ном олган «Пахтакор» ва «Бунёдкор» қарама-қаршилиги ўзининг энг юқори чўққисига чиққанди, икки жамоа ўртасидаги беллашувлар том маънода шиддатли тарзда ўтарди. Вилоятларда ўтадиган «Бунёдкор» иштирокидаги ўйинларга-ку кўпчилик мухлислар айнан Ривалдо ва унинг бразилиялик шерикларини кўриш учун ҳам келарди. Ривалдо эса Ўзбекистондаги икки йили давомида Европа майсалари билан солиштиришга арзимайдиган ўнқир-чўнқир майдонларда истаган ишини қилди. «Бунёдкор»дан кетгач, «қийшиқ оёқли ўрдак» (Ривалдонинг лақаби шундай эди) Ангола чемпионатида ҳам ўйнашга муваффақ бўлди.
Изоҳ (0)