Самарқанд вилояти Каттақўрғон туманида тадбиркордан 2 минг доллар ундирмоқчи бўлган халқ таълими бўлими мутахассиси ушланди, дея хабар қилмоқда Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти.
Маълум қилинишича, Давлат хавфсизлик хизмати ва Бош прокуратура ҳузуридаги департаментнинг Каттақўрғон бўлимлари тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш юзасидан тезкор тадбир ўтказган. Унда туман халқ таълими бўлими мутахассиси А.Ш. тадбиркорга Л.С. МЧЖ томонидан тумандаги мактабда амалга оширилган 300 миллион сўмлик жорий таъмирлаш ишлари бажарилгани ҳақидаги далолатномани ХТБ мудирига тасдиқлатиб беришини айтгани аниқланган. У бунинг эвазига 2 минг доллар сўраган.
У пулларни олган вақтда ашёвий далиллар билан қўлга олинган.
Ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 168-моддаси (фирибгарлик) ва 28, 211-моддаси (пора бериш) билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.
Изоҳ (0)