Сурхондарё вилоятининг Денов шаҳридаги савдо марказида рўй берган портлаш воқеаларини ўрганган «Дарё» мухбирининг воқеа жабрланувчилари билан кўришишига тўсқинлик қилган ИИБ ходими хатти-ҳаракати учун жавобгарликка тортилади. Бу ҳақда ички ишлар вазирининг матбуот котиби Шоҳрух Ғиёсов Қарши шаҳрида журналист ва блогерлар билан бўлиб ўтган матбуот анжуманида маълум қилди, дея хабар берди «Дарё» мухбири.
Қайд этилишича, вилоят ИИБ бошлиғи мухбир фаолиятига қаршилик кўрсатган ходимига портлаш асоратлари бартараф этилганидан сўнг чора кўрилишини билдирган.
«Бу ҳақда раҳбари билан гаплашдим. Ҳақиқатан ҳам бизнинг ходим у ерда хатога йўл қўйган. Аслида бемор олдига кириб-чиқишга рухсат бериш ёки бермаслик шифокор ваколатига киради. Аммо ўша пайт бизнинг ходим ташаббус кўрсатиб, кириш мумкин эмас деган. Ходим бу ҳаракати билан ҳақиқатан ҳам нотўғри қилган. Шунинг учун бу ҳақда раҳбари билан гаплашдик. Раҳбар қайтганидан сўнг, ходими билан гаплашиб, унга чора кўрилишини айтди», — деди Шоҳрух Ғиёсов.
Унинг тахмин қилишича, мухбир фаолиятига қаршилик кўрсатиб, унинг ахборот олишига тўсқинлик қилган ходимга танбеҳ чораси қўлланилади.
«Бу ходимимизга танбеҳ берилади. Яъни нотўғри ҳаракат қилгани учун», — деди Шоҳрух Ғиёсов.
Эслатиб ўтамиз, Деновдаги портлаш воқеаларини ўрганган «Дарё» мухбири портлашдан жабрланган беморларнинг 4 нафари билан кўришиб, уларнинг воқеа ҳақидаги фикрларини ўргангач, туман тиббиёт бирлашманинг бошқа бўлимида даволанаётган уч нафар бемор билан ҳам суҳбатлашишни мақсад қилган. Бироқ ўзини Шерзод дея таништирган ИИБ ходими мухбир фаолиятига тўсқинлик қилиб, унинг беморлар билан кўришишини тақиқлаган.
ИИБ ходимлари томонидан «Дарё» мухбирининг иш фаолиятига тўсқинлик қилиш аввалроқ Қарши шаҳрида ҳам рўй берганди. Ўшанда журналист фаолиятига қаршилик қилган Қарши шаҳар ИИО ФМБ бошлиғи ўринбосари Азамат Шаймарданов мухбирнинг хизмат гувоҳномаси билан танишган бўлишига қарамасдан унинг иш қуролини тортиб олиб, асабига ўйнамасликни маслаҳат берганди.Вилоят ИИБ масъуллари эса журналист фаолият қаршилик қилган ўзбошимча ходимга шунчаки «қаттиқ ҳайфсан» бериш билан чекланганди.
Эслатиб ўтамиз, Сурхондарёнинг Денов шаҳри марказидаги «Indenim» савдо мажмуасида кучли портлаш 7 декабрь тонгида юз берган. Расмий маълумотларга кўра, портлаш оқибатида камида икки киши ҳалок бўлган, 11 киши турли тан жароҳатлари билан шифохонага ётқизилган. Кейинчалик Деновдаги портлашда 65 та уй зарар кўргани, 6 та хонадон деворлари эса ёрилиб, яшаш учун хавфли ҳолатга келиб қолгани маълум бўлди.
Сурхондарё вилояти ҳокими Тўра Боболов икки нафар марҳумнинг яқинларига моддий ёрдам пули тўлаб берилаётганини маълум қилди. У, шунингдек, тадбиркорларга етказилган зарар, 65 та хонадон таъмири ва ижтимоий соҳа объектларининг зарарланиши оқибатида келиб чиққан чиқимлар ҳам суд қарорига кўра икки хил усулда қопланишини билдирган.
Дастлабки тахминларга кўра, портлаш газ асбоб-ускуналаридан фойдаланиш қоидаларининг бузилиши оқибатида тўпланган газ-ҳаво аралашмасининг чақнаши оқибатида юз берган. Ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 257-модда (меҳнатни муҳофаза қилиш қоидаларини бузиш) ва 259-моддалари (ёнғин хавфсизлиги қоидаларини бузиш) билан жиноят иши қўзғатилган.
Мавзуга доир:
- «Қонга беланган бир аёл ва эркак бақириб ёрдам сўрарди». Деновдаги даҳшатли портлаш жойидан репортаж
- Ўзбекистон марказий телеканалларидаги «Ахборот»дан бошқа информацион дастурлар куннинг асосий воқеаси — Деновдаги портлашни қандай ёритди?
- «Қўл панжалари билагидан узилиб тушган 36 ёшли аёл ҳаёти сақлаб қолинди». Вазир ўринбосари Деновдаги портлашдан жабрланганлар ҳақида маълумот берди