Ўзбекистон Адлия вазирлиги хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш билан боғлиқ муаммолар таҳлил қилиниб, уларнинг олдини олиш бўйича қонунчиликни такомиллаштириш юзасидан бир қатор таклифлар берди.
Таъкидланишича, қонунчиликда «таъқиб этиш» (stalking), яъни қизларни, аёлларни орқасидан кузатиб юриш тушунчаси киритилмаган ҳамда бу ҳолатдан ҳимояланиш механизмлари мавжуд эмас.
Бу ҳолатларнинг олдини олиш мақсадида қонунчиликка «таъқиб этиш» (stalking) тушунчасини киритиш ва таъқиб остида қолган хотин-қизларга ҳам ҳимоя ордери бериш тизимини жорий этиш таклиф этилмоқда.
Шунингдек, қонунчиликда иш ва ўқиш давомида тазйиқ ва зўравонликка учраган аёллар иш берувчисининг ёки таълим муассасаси раҳбарининг жавобгарлиги белгиланмагани туфайли бундай ҳолатларга чек қўйиш учун жабрланувчи ва тазйиқ ўтказган шахс ўртасидаги ҳар қандай алоқаларни чеклаш тартибини жорий этиш таклиф этилмоқда.
Маълум қилинишича, АҚШ, Австралия ва Францияда ҳар 5 нафар аёлдан биттаси таъқиб этишни бошидан кечиради ва ушбу давлатларда мазкур ҳаракатлардан ҳимоя қилиш институтлари шаклланган.
Таҳлилларда хотин-қизларнинг турли кўринишдаги расмлари, видеоларини тарқатиш орқали уларнинг шахсий ҳаёт дахлсизлигини, айниқса интим ҳаёт дахлсизлигини бузиш ҳолатлари кўплаб учрагани аниқланган. Шуни инобатга олиб, аёлларнинг шахсий ҳаётига турли тажовузларнинг олдини олиш мақсадида, шахсий ҳаёт дахлсизлигини тўлиқ кафолатлаган ҳолда, уларнинг интим ҳаёт дахлсизлигини бузганлик учун алоҳида жавобгарлик жорий этиш назарда тутилмоқда.
Яна бир муаммо сифатида аёлларни реабилитация қилиш ва мослаштириш бўйича марказлари зўравонликка учраётган аёлларни тўлиқ қамраб ололмаётгани келтирилган. Буни ҳал қилиш учун соҳага хусусий тадбиркорларни жалб қилиш, хусусан, тадбиркорларга ер ажратишда, давлат бино ва иншоотларидан фойдаланишда, солиқ, давлат грантлари, субсидиялар, ижтимоий буюртмалар каби турли йўналишларда имтиёзлар бериш кўзда тутилмоқда.
Бундан ташқари, аёлларга гап отиш ва бошқа нафсониятга тегадиган изоҳлар айтиш, уларнинг қадди-қоматини баланд овозда тасвирлаш, қиёслаш баъзи ҳолларда руҳий тушкунлик, соғлиққа ҳам зарар етказади.
Қайд этилишича, юқоридаги ҳаракатларни тақиқлаш ва ушбу ҳаракатлар учун маъмурий жавобгарлик чорасини белгилаш, шу билан бирга аёлларга шикаст етказиш ҳолати учун жавобгарлик чораларини кучайтириш таклиф этилмоқда.
Маълумот берилишича, Бельгия, Португалия, Аргентина, Канада, Янги Зеландия ва АҚШ каби давлатларда бундай ҳаракатлар майда ҳуқуқбузарлик сифатида баҳоланиб, 750 еврогача жарима солишга сабаб бўлади.