Туркия хавфсизлик кучлари 1 май куни Ироқ шимолида 2 нафар хавфли террорчини махсус операция давомида йўқ қилган. Бу ҳақда Anadolu нашри хабар берди.
Манбада айтилишича, йўқ қилинган террорчилар Туркияда тақиқланган Курдистон ишчи партиясига алоқадор бўлган. Турк ҳаво кучлари ва хавфсизлик гуруҳлари Ироқ шимолидаги қатор нуқталарга ҳужумлар уюштириши давомида террорчилар йўқ қилинган.
“Террорчи ва экстремистларга қарши курашимиз самарали ва қатъий давом эттирилади”, — дейилган Туркия Миллий мудофаа вазирлиги расмий хабарида.
Аксилтеррор ҳужум терактлар кўп учрайдиган Ироқ шимолидаги Метина вилоятида амалга оширилган. Ҳозирда турк қуролли кучлари махсус операция зонасида барқарорликни таъминлашга эришган.
Маълумот ўрнида, Курдистон ишчи партияси 40 йилдан ортиқ вақтдан бери Туркия ва Яқин Шарқ ҳудудида террорчилик ҳужумлари ташкил этиб келади. Партия расман Туркия, АҚШ ва Европа Иттифоқи томонидан террорчи ташкилотлар рўйхатига киритилган. Партия уюштирган терактлар оқибатида умумий 40 минг нафардан ортиқ одам, жумладан, аёллар, болалар ва гўдаклар ҳалок бўлгани хабар қилинади.
Изоҳ (0)