Қорақалпоғистоннинг Чимбой туманида «Юсуф ота» жоме масжиди ўз фаолиятини бошлади. Бу ҳақда Ўзбекистон мусулмонлари идораси хабар қилди.
Маълум қилинишича, туманнинг «Кенгес» овулида жойлашган масжид қурилиши 2020 йилда бошланган. Ҳозирда масжид иморати тадбиркорлар ва маҳаллий аҳоли томонидан қуриб битказилган.
Қайд этилишича, масжиднинг очилиш маросимида Қорақалпоғистон Вазирлар кенгаши раиси ўринбосари Р.Сапарбаев, Қорақалпоғистон мусулмонлари қозиёти қозиси Ш.Бауатдинов, Чимбой тумани ҳокими А.Тажетдинов, Қорақалпоғистон Адлия вазирлиги бўлим бошлиғи А.Отеўлиев, шунингдек, масжид имомлари иштирок этган.
Таъкидланишича, ҳозирда Ўзбекистондаги масжидлар сони 2101 тага, Қорақалпоғистондаги масжидлар сони эса 58 тага етган.
Эслатиб ўтамиз, Қашқадарё вилоятининг Қарши туманида вилоятнинг биринчи тадбиркор аёли — Назира Шодмонова томонидан қуриб битказилган масжид 14 йилдан бери ҳувуллаб ётгани, қишлоқ аҳли эса қишлоқдан 10-15 километр узоқликда жойлашган шаҳардаги масжидларга қатнаб, намозини адо этаётгани хабар берилганди. Таъкидланишича, масжид фаолиятига рухсат берилиши мумкин. Масъуллар бу ҳақда таклиф бергани айтилмоқда.
Аввалроқ Сурхондарё вилояти Адлия бошқармаси томонидан «Домулло Маҳмуд» жоме масжиди рўйхатдан ўтказилиб, унинг рўйхатдан ўтказилгани тўғрисидаги гувоҳнома диний ташкилотга топширилганди.