Республика махсус комиссиясининг йиғилишида Ўзбекистонда эпидемиологик вазият барқарорлигини сақлаб қолиш ва мамлакат ҳудудига коронавирус инфекциясининг янги «омикрон» штамми кириб келишига йўл қўймаслик мақсадида бир қатор янги тартиблар белгиланди, деб хабар беради ССВ матбуот хизмати.

Фото: «Дарё» / Мадина Нурман

Унга кўра, аҳоли саломатлигини таъминлаш ҳамда Ўзбекистонда эпидемиологик вазият барқарорлигини сақлаш мақсадида фуқароларга янги 2022 йил байрами тадбирларини имкон қадар оила даврасида ўтказиш тавсия этилган.

Бундан аввал Республика махсус комиссияси қарори билан Ўзбекистон эпидемиологик вазият мураккаб бўлган бир қатор давлатлар билан халқаро авиақатновларни тўхтатиши ҳақида хабар берилган эди. Шунингдек, эндиликда Ўзбекистонга айрим давлатлардан келувчилар мажбурий карантинга олинади.

Эслатиб ўтамиз, Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизмати бошлиғи ўринбосари, тиббиёт фанлари доктори, профессор Нурмат Отабеков коронавируснинг Африкада аниқланган янги штамми — «омикрон» иккинчи ва учинчи мамлакатлар орқали Ўзбекистон ҳудудига кириб келиши эҳтимоли мавжудлигини айтганди. Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти ушбу штаммни бутун дунё учун хавфли дея тан олган.