30 ноябрь куни ўтказилган «Ўзбекистон бизнес ҳамжамиятида ҳалоллик» бизнес форумида мамлакатдаги бизнес вакиллари фаолияти учун яратиб берилаётган кенг имкониятлар юзасидан ўзаро мулоқот қилинди, деб хабар беради Коррупцияга қарши курашиш агентлиги.

Фото: Коррупцияга қарши курашиш агентлиги

Маълум қилинишича, бизнес ва тадбиркорлик соҳасидаги янги муҳим ҳужжат — «Ўзбекистон бизнесининг коррупцияга қарши курашиш хартияси» форумнинг асосий мавзуси бўлган.

Мазкур Хартия БМТнинг Коррупцияга қарши конвенцияси талаблари асосида Коррупцияга қарши курашиш миллий кенгаши томонидан тасдиқланган коррупцияга қарши халқаро стандартларни миллий қонунчиликка имплементация қилишни давом эттириш бўйича «йўл харитаси»нинг ижроси юзасидан ишлаб чиқилган. Хартия Коррупцияга қарши курашиш агентлиги, Савдо-саноат палатаси ва Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакил томонидан тасдиқланган.

Ҳужжат 43 та вазирлик ва идоралар, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар, жамоатчилик ташкилотлари мутахассислари иштирокида қатор муҳокамалардан ўтказилган. Шунингдек, халқаро стандартлар, МДҲ давлатлари, Франция, Руминия, Грузия ва АҚШ каби мамлакатларнинг хусусий секторда коррупцияга қарши курашиш чораларни жорий этиш борасидаги тажрибаси ўрганилган.

Қайд этилишича, ҳужжат тадбиркорлик субъектининг молиявий фаолиятини бошқариш, шартнома муносабатлари, кадрларни танлаш ва ўқитиш, ички интизом ва қонунийликни мустаҳкамлаш, давлат харидлари каби муҳим йўналишларда коррупция хавфларининг олдини олишга қаратилган комплекс чораларни ўз ичига олган.

Мутахассислар фикрича, мазкур ҳужжат нормаларининг амалиётга татбиқ этилиши хусусий секторда коррупциянинг олдини олиш, мамлакатнинг инвестициявий жозибадорлигини ошириш, «ҳалол» тадбикорларни рағбатлантириш тизимини жорий этиш имконини беради.

Форумда, шунингдек, «Коррупцияга қарши курашиш Хартияси аъзолигига қўшилиш ва ягона Реестрни юритиш тартиби тўғрисида»ги низом хусусида ҳам батафсил маълумот берилган.

Фото: Коррупцияга қарши курашиш агентлиги

Ушбу ҳужжат Коррупцияга қарши курашиш агентлиги, Савдо-саноат палатаси, Ўзбекистон президенти ҳузуридаги Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакилнинг қўшма қарори билан тасдиқланган. Низомда тадбиркорлик субъектлари томонидан Хартияга қўшилиш, маълумотларни электрон «ягона реестр»да акс эттириш ва реестрдан чиқариш тартиби аниқ белгилаб берилган.

Реестрни юритишга Савдо-саноат палатаси масъул этиб белгиланиб, коррупцияга қарши чораларни самарали жорий этган тадбиркорлик субъектларига сертификат топшириш йўлга қўйилган.

Тадбирда иштирок этган халқаро экспертлар, жумладан, Global Rick Alliance компанияси директори А.Тош (Буюк Британия), КПМГ Россия ва МДҲ Хавфларни бошқариш бўйича консалтинг департаменти директори И.Бурдикова (Россия) Ўзбекистонда хусусий секторда коррупциянинг олдини олишга қаратилган мазкур ҳужжатнинг қабул қилинишини ижобий баҳолаган.

Форум доирасида тадбиркорлик субъектлари ҳамда экспертлар томонидан билдирилган фикр-мулоҳазалар, тавсиялар асосида хусусий секторда коррупцияга қарши курашиш тизимини янада такомиллаштиришга доир амалий таклифлар ишлаб чиқилган.

Бундан аввал Ўзбекистонда коррупционерлар «қора рўйхати» шакллантирилиши ва ушбу рўйхатга тушган шахслар қатор ҳуқуқлардан маҳрум этилиши ҳақида хабар берилганди.