Халқ таълими вазири лавозимига янги тайинланган Бахтиёр Саидов вазирлик вакилларидан иборат ишчи гуруҳ билан 3 та вилоятда бўлиб, мактаблардаги шароитни ўрганди. Бу ҳақда унинг ўзи Telegram’даги каналида хабар қилди.
Унинг айтишича, мактаблардаги аҳвол қониқарли эмас. Таълим сифатини яхшилаш учун жуда кўп иш қилиш зарур.
«Керак бўлса ҳар бир ҳудуд раҳбаридан бугун ўз вилоят ва туманидаги барча мактаблар шароитини билиш талаб этилади. Жойларда фан ўқитувчиларининг билим ва савиясини оширишимиз керак. Айрим ўқитувчилар билан суҳбатлашдим, афсуски, ҳатто ўз фани бўйича оддий саволга ҳам жавобни билмайдиган ўқитувчилар бор экан», — дея таъкидлаган вазир.
Қайд этилишича, ҳудудда бир нафар яхши педагог бўлса ҳам фойдаланиб, уни қолган ҳамкасбларига маҳорат дарси ўтказишга жалб этган ҳолда, мактабларда таълим сифатини ошириш керак.
«Тўғри, мактабда шароит йўқ дерсиз, лекин ўқитувчи ўша ерда вақтини кетказиб ўтирибди-ку, жонкуярлик бўлмаса нима қилади бу касбни танлаб?! Унинг қўлида инсон тақдири ётибди! Мактабларда шароит, инфратузилма яхшиланишини кутсак, болаларни йўқотамиз»,— деган Бахтиёр Саидов.
Аввалроқ Халқ таълими вазирлиги Ўзбекистонда 5 миллиондан ортиқ ўқувчига мўлжалланган мактабларда 6,2 миллион ўқувчи таълим олаётганини маълум қилганди. Собиқ халқ таълими вазири Шерзод Шерматов бу масалага тўхталиб, 2025 йилга келиб мактаблар сиғимидаги ҳолат жуда қийин аҳволга тушиб қолиши мумкинлигини билдирган.
Президент Шавкат Мирзиёев 12 май куни ўтказилган йиғилишда мактаблардаги аҳвол ва муаммолар ҳақида сўз юритганди. «Мактаблардаги аҳволни кўрса, одам, тавба деб юборади», — деган давлат раҳбари.
Изоҳ (0)