Тошкент вилояти Оққўрғон туманида жойлашган маҳаллаларнинг бирида эр-хотин ис газидан заҳарланиб, вафот этди. Бу ҳақда Бош прокуратура «Дарё»га маълум қилди.
Маълум қилинишича, 26 ноябрь куни туманнинг «Султонобод» маҳалласида яшовчи фуқаро Д.А. (1995 йилда туғилган) ва унинг турмуш ўртоғи С.А.нинг (1997 йилда туғилган) мурдаси тез тиббий ёрдам ходимлари томонидан туман тиббиёт бирлашмасига ис газидан заҳарланиш ташхиси билан олиб келинган.
«Gazeta.uz»нинг ёзишича, улар 2021 йилнинг август ойида оила қурган бўлган.
Тергов-тезкор гуруҳи томонидан ҳодиса жойи кўздан кечирилганда Д.А. уйнинг яшаш хонадонига 25 ноябрь куни кечки вақтда қўлбола усулда ясалган табиий иситувчи печни олиб келиб қўйгани маълум бўлган. Бироқ иситиш печини ўрнатмаган ҳамда дудбўрон қўймаган.
Хонадонга газ ўтказилишига оид ҳамда қўлбола усулда ясалган темир печ, 15 метрлик оқ рангли резина шланг ва тежамкор ёндиргич («гарелка») ашёвий далил тариқасида олинган.
Суд-тиббий экспертизасининг дастлабки маълумотномасида фуқароларнинг ўлимига номаълум этиологияли заҳарланиш, ўткир юрак-қон томир нафас етишмовчилиги, мия ва ўпкалар шиши сабаб бўлгани кўрсатилган.
Мазкур ҳолат юзасидан туман прокуратураси томонидан терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Шунингдек, Оққўрғон тумани ҳокимининг қарори билан мазкур бахтсиз ҳодиса сабаблари махсус ишчи гуруҳ томонидан ўрганилмоқда.
Аввалроқ Фарғонадаги боғчадан эркак кишининг жасади топилгани, у ис газидан заҳарланган бўлиши мумкинлиги, Нукусда ижарада яшовчи 18 ёшли талаба йигит ис газидан заҳарланиб, вафот этгани, Самарқандда контейнердан ўлик ҳолда топилган икки ишчи ҳам ис газидан заҳарланиб, вафот этгани маълум қилинганди.
Изоҳ (0)