Эрон ядрочи олимлари 2024 йил август ойида Россияга тўрт кунлик сирли ташриф билан келгани аниқланди. Бу ҳақда журналистик суриштирувга таяниб, Financial Times хабар берди.

Делегация Россияга дипломатик хизмат паспортлари билан учиб келган. Уларнинг таркибида 43 ёшли ядро физикаси олими Али Калванд ва яна тўрт нафар ходим бўлган. Жамоа аъзоларидан бири Эрон Мудофаа вазирлиги назоратидаги махфий Мудофаа инновациялари ва тадқиқотлари ташкилотида ишлайдиган атом мутахассиси эди. Олимлар ташриф давомида “Ростех” билан боғлиқ “Техноэксперт” ва “Ториж” илмий ташкилотларда бўлгани айтилмоқда.
Ғарб расмийларига кўра, делегациянинг яна бир аъзоси Амир Яздян Эрон ҳарбий контрразведкаси ходими бўлган. Энг муҳим делегат Эроннинг Амиркабир технология университетида фаолият юритаётган нейтрон генераторлари бўйича мутахассис, атом олими Соруш Моҳташамий эди.
Калванд 2024‑йилнинг май ойидан бери Россияда радиоактив изотоплар — тритий, стронсий-90 ва никел-63 олишга қизиқиб келмоқда. Бу элементларнинг барчаси ядро қуролларининг портлаш кучини оширади. Ҳар бир изотопнинг экспорти қатъий назорат остида амалга оширилади.
Таъкидланишича, Калванд рус тилини мукаммал билади ва Киев политехника институтининг ядро физикаси йўналиши бўйича дипломига эга. Уни Россияга 78 ёшли россиялик олим Олег Масленников таклиф қилган. Эронлик мутахассислар ядро синовларида ишлатилиши мумкин бўлган юқори қувватли рентген трубкалари ва электрон тезлатгичларга қизиқиш билдирган.
Изоҳ (0)