Ўзбекистон терма жамоаси ва Туркиянинг “Башакшеҳир” клуби ярим ҳимоячиси Аббосбек Файзуллаев УЕФА Конференциялар Лигаси саралаши доирасидаги Норвегиянинг “Викинг” жамоасига қарши баҳсларда майдонга туша олмайди. Бу ҳақда журналист Александр Троицкий хабар берди.

Аббоснинг яқинлашиб келаётган ўйинларда иштирок этишига рухсат берилмаган. У 14 августгача бўлган баҳсларда жамоасига ёрдам бера олмайди. Демак, “Викинг”га қарши икки учрашувда Файзуллаев иштирок этмайди. Умид қиламизки, “Башакшеҳир” кейинги босқичга йўл олади ва Аббос бу мавсум Еврокубоклардаги дебютини ўтказади, дейди журналист.
Александр Троицкийнинг қўшимча қилишича, Файзуллаевнинг иштирокига қўйилган чеклов ҳужжатларни расмийлаштиришдаги муаммолар билан боғлиқ бўлиши мумкин. Унга кўра, бу ҳолат футболчининг Россия клубидан трансфер қилинганидан келиб чиққан.
Эслатиб ўтамиз, “Башакшеҳир” ва “Викинг” ўртасидаги учрашувлар 7 ва 13 август кунлари бўлиб ўтади.
Маълумот учун, июль ойининг охирида “Башакшеҳир” Аббосбек Файзуллаев билан беш йиллик шартнома имзолаганини расман эълон қилган эди. Истанбул клуби футболчи учун “ЦСКА”га 7,5 миллион евро тўлади.
Изоҳ (0)