Хитойда чивин чақиши орқали юқадиган чикунгуня вируси тез суръатда тарқалмоқда. Гуангдонг провинциясида ушбу касалликка чалинганлар сони 7 мингдан ошди. Бу ҳақда BBC хабар берди.

Энг кўп касаллик қайд этилган ҳудуд Фошан шаҳри бўлиб, бу ерда беморлар касалхонага ётқизилганидан кейин, тест манфий натижа кўрсаца ёки бир ҳафта ўтгач чиқариб юборилмоқда. Ушбу вирус одатда иситма ва кучли бўғим оғриғига сабаб бўлади. Баъзи ҳолларда бу оғриқ йиллар мобайнида ҳам давом этиши мумкин.
Сўнгги ҳафтада мамлакатда деярли 3 мингта янги ҳолат аниқланган. Вирус инфекцияланган одамни чаққан чивин орқали тарқалади. Шунга қарамай, Хитойда бу вирус юқумли эмаслиги ҳақида расмий баёнот берилган. Расмийларга кўра, касалларнинг 95 фоизи бир ҳафта ичида соғайиб кетмоқда. Аммо касаллик ҳақидаги маълумотнинг камлиги одамлар орасида хавотир келтириб чиқарган.
“Бу жуда қўрқинчли. Узоқ давом этадиган оғриқлар жуда азобли бўлса керак”, деб ёзган интернет фойдаланувчиларидан бири.
Қўшни Гонгконгда ҳам илк касаллик ҳолати қайд этилган – 12 ёшли болада Фошан шаҳри сафаридан қайтгач иситма, тошма ва бўғим оғриғи белгиларини намоён қилган. Бу орада АҚШ ўз фуқароларини Хитойга сафар қилишда ҳушёрликка чақирмоқда. Хитой расмийлари эса вирус тарқалишининг олдини олиш учун кескин чоралар кўрмоқда. Аҳолига идишлар (гулдон, идиш, кофе машинаси)даги сувларни ишлатишда эҳтиёт бўлиш айтилган. Бунга амал қилмаганларга 10 минг юан (тахминан 1 400 доллар) жарима солинади. Ҳукумат вирус тарқалишини чеклаш учун COVID-19 пандемиясидаги каби қатъий чораларни қўлламоқда.
Шунингдек, ҳукумат чивинларга қарши курашда махсус “фил чивинлари” ва сувдаги чивин личинкаларини еб юборадиган балиқларни ҳам қўлламоқда. Фошан шаҳрида 5 мингдан ортиқ шундай балиқлар сув ҳавзаларига ташланган. Ҳаво дронлари эса сув йиғилган жойларни аниқлашда фойдаланилмоқда.
Изоҳ (0)