Бугун,

  • USD 11014.01
  • RUB 191.8
  • EUR 10674.78

Президент Шавкат Мирзиёев раислигида бўлиб ўтаётган қишлоқ хўжалиги ерларини ижарага бериш, мева-сабзавотчилик кластерлари ҳамда томорқа хўжаликлари фаолиятини янада ривожлантириш борасидаги устувор вазифалар мавзусидаги видеоселектор йиғилиши аввалида давлат раҳбари туман ҳокимлари олдига қўйиладиган вазифалар ҳақида гапириб ўтди.

Фото: «Дарё» / Мадина Нурман

Фото: «Дарё» / Мадина Нурман

«Яқинда қабул қилинган қарорлар билан пахта-тўқимачилик ва ғалла кластерлари фаолияти билан боғлиқ барча масалалар ечиб берилди.

Бунинг ҳисобидан, тўқимачилик саноати корхоналари экспорти 2021 йилда 3 миллиард доллардан, келгуси беш йилда эса 7 миллиард доллардан оширилади. 2022 йилда олдимизда турган пахта-тўқимачиликнинг оғир масалалари ечимини топдик. Тўқимачилик соҳаси қишлоқ хўжалиги етакчиси бўлиши керак. Албатта, 7 миллиард сўмга етишимиз керак», — дейди Мирзиёев.

Худди шундай ишлаб, мева-сабзавотчилик экспортини бугунги кундаги 1,2 миллиард доллардан камида 5 миллиард долларга кўпайтириш бўйича барча имкониятлар борлиги қайд этилди.

«Учта вилоятда янги тайинланган ҳокимлар шуни тушуниши керак. Кўп туман ҳокимлари президент қарорини тушунмайди. Ҳокимлар билими бўлса ҳам, энди натижа бериши керак», — деди Мирзиёев.

Йиғилишда оилавий тадбиркорлик, томорқа бўйича кўп қарорлар қабул қилингани, лекин шунга қарамай, 25 та туманда экспорт 1 миллион доллардан ошмаган бўлса, мева-сабзавотга ихтисослашган 8 та туманда кластерлар ташкил этилмагани танқид қилинди.

«Биз келгуси йилда пахта ва ғалладан бўшаган 80 минг гектар ерларни аҳолига бўлиб беряпмиз. Бундан ташқари, 70 минг гектар ерлар ‘оборот’га қайтарилади. Аҳолининг ўзида ҳам 500 минг гектар атрофида томорқа ерлари мавжуд. Ушбу ерлардан қўшимча 10 миллион тонна маҳсулот олиш, 1,5 миллион аҳолини банд қилиш ва 800 миллион долларлик экспорт қилишга шароит яратилмоқда», – дея маълум қилди давлат раҳбари.

Бунда, мева-сабзавот кластерлари, деҳқон хўжаликлари ва томорқани ривожлантириш, уларни молиялаштириш, агрохизматлар кўламини кенгайтириш бўйича мутлақо янги тизим жорий этилиши билдирилди.

Бу борада Асака, Ангор, Денов, Жомбой, Самарқанд, Олтиариқ, Қува, Юқори Чирчиқ, Янгиқўрғон туманларида мева-сабзавотчилик кластерлари фаолияти тўғри йўлга қўйилиб, улар 20-25 миллион доллардан маҳсулот экспорт қилаётгани айтилди.

Изоҳ
Асосий янгиликлар