Даврон Ҳидоятов Шавкат Мирзиёев фармонига биноан Чирчиқ шаҳри ҳокими этиб тайинлангани тўғрисида хабар берилганди. Тошкент вилояти ҳокимлиги ахборот хизматининг маълум қилишича, шаҳарнинг собиқ ҳокими ўз аризасига кўра лавозимдан озод этилган.
Маълум қилинишича, 18 ноябрь куни Чирчиқ шаҳар ҳокимлигида фаоллар йиғилиши бўлиб ўтган. Йиғилишда Президент Администрацияси раҳбари Зайнилобиддин Низомиддинов иштирок этган. Шунингдек, Чирчиқ шаҳар ҳокимининг ўринбосарлари, сектор раҳбарлари, халқ депутатлари Чирчиқ шаҳар Кенгаши депутатлари, шаҳардаги ташкилот ва идоралар бошлиқлари қатнашган.
Йиғилишда ташкилий масала кўриб чиқилиб, Чирчиқ шаҳар ҳокими Санжар Юсупов ўз аризасига кўра лавозимидан озод этилган.
Айни пайтга қадар Тошкент вилояти ҳокими лавозимида фаолият юритиб келган Даврон Ҳидоятов Чирчиқ шаҳрининг янги ҳокими сифатида фаолларга таништирилган. Аввалроқ Тошкент вилояти ҳокими лавозимига Зоир Мирзаев тайинланган эди.
Эслатиб ўтамиз, Санжар Юсупов 2020 йилнинг февралидан буён Чирчиқ шаҳар ҳокими лавозимида ишлаб келаётганди. Юсупов меҳнат фаолияти давомида Тошкент трактор заводи, «Ўзбекистон темир йўллари» компаниясида масъул вазифаларда фаолият олиб борган. У 2018-2020 йилларда Тошкент вилояти ҳокимининг капитал қурилиш ва коммуникациялар масалалари бўйича ўринбосари бўлган.
Изоҳ (0)