Ўзбекистон ҳукумат қарори билан «Геном бўйича давлат рўйхатига олиш тартиби тўғрисида»ги низом тасдиқланди, деб хабар бермоқда Telegram’даги «Ҳуқуқий ахборот» канали.
Низомга мувофиқ, геном бўйича давлат рўйхати Ички ишлар вазирлигининг Эксперт-криминалистика бош маркази томонидан юритилади. Қуйидагилар геном бўйича мажбурий рўйхатга олинади:
- оғир ва ўта оғир жиноят, жинсий эркинликка қарши жиноят, 16 ёшга тўлмаганлар билан жинсий алоқа қилиш ва уларга уятсиз ҳаракатлар қилиш билан боғлиқ жиноят содир қилганлар;
- оғир ва ўта оғир жиноят содир этишда гумон қилинувчи ёки айбланувчи тариқасида жалб қилинганлар;
- терговга қадар текширув, суриштирув ва дастлабки тергов жараёнида биологик материал олинган аниқланмаган шахслар;
- таниб олинмаган мурдалар.
Геном бўйича давлат рўйхатига олиш — биологик материалдан фойдаланиш, одамнинг шахсини, таниб олинмаган мурдани аниқлаш учун геномга оид ахборотга ишлов бериш билан боғлиқ фаолият.
Эслатиб ўтамиз, 2020 йилнинг 20 ноябрь куни Сенатнинг тўққизинчи ялпи мажлисида «Геном бўйича давлат рўйхатига олиш тўғрисида»ги қонуни муҳокамаси бўлиб ўтганди. Унда маълум қилинишича, Ўзбекистонда 2020 йилнинг 9 ойида қарийб 400 нафар бедарак йўқолганлар топилмаган, юзлаб номаълум мурдалар шахси аниқланмаган.
Изоҳ (0)