Сирдарё вилоятининг Гулистон шаҳрида Миллий гвардия ҳарбий хизматчилари томонидан Гулистон шаҳридаги уч нафар болакайнинг ҳаёти ис гази заҳарланишидан сақлаб қолинди, деб ёзмоқда «Сирдарё хабарлари».
Маълум қилинишича, 29 октябрь куни Гулистон шаҳар «Бўстон» маҳалласидаги уйларнинг бирида истиқомат қилувчи А.О. уйининг эшиги қулфлиги, эшикни тақиллатишига қарамасдан уч нафар фарзанди жавоб бермаётгани юзасидан Сирдарё вилояти бўйича Миллий гвардия бошқармаси навбатчилик қисмига мурожаат қилган.
Мурожаатга кўра Махсус тезкор ҳаракатланувчи гуруҳ томонидан кўп қаватли уйлар биносига зудлик билан етиб борилган. Ҳарбий хизматчилар томонидан кўп қаватли уйнинг дераза қисмидан кириш орқали хонадонда ис гази аниқланиб, заҳарланиш оқибатида карахт ҳолда бўлган уч нафар болага биринчи тез ёрдам кўрсатилган.
Хавф бартараф этилиб, болалар онаси бағрига соғ-саломат топширилган.
Аввалроқ Қаршидаги кўп қаватли уйларнинг бирида қамалиб қолган 2 ёшли бола қутқарилгани, Олмазорда қудуққа тушиб, аҳволи ёмонлашган икки фуқарога ёрдам кўрсатилгани, Фарғонада оёғи сув қувурига қисилиб қолган 1,5 ёшли бола қутқарилгани ҳақида хабар берилганди.
Изоҳ (0)