Кувайтда аёлларга мамлакат Қуролли Кучларидаги бир қанча бўлинмаларда хизмат қилишга рухсат берилди. Тегишли қарорга бош вазир ўринбосари, Кувайт мудофаа вазири Ҳамад Жабер Али ас-Сабаҳ имзо чекди.
Кувайтлик аёллар биринчи марта армияда хизмат қилиш ҳуқуқини олди. Қайд этилишича, дастлабки босқичда аёллар Кувайт армиясининг тиббий ва ёрдамчи бўлинмаларида кичик офицер ва мутахассис сифатида хизмат қилиши мумкин бўлади.
«Кувайтлик аёллар мамлакат бошидан кечирган энг оғир шароит ва даврларда ҳам барча соҳада эркаклар билан тенг ҳаракат қилишини исботлади, шунинг учун уларга Кувайт армиясида эркаклар билан ёнма-ён хизмат қилиш имкониятини бериш вақти келди», — деди Кувайт мудофаа вазири.
Кувайт Яқин Шарқ мамлакатлари орасида аёлларга ҳарбий хизматга рухсат берган биринчи давлат эмас. Бирлашган Араб Амирликларида аёлларнинг армияда хизмат қилишига 2014 йилдан рухсат берилган. Бу ҳуқуқни 2018 йилда Қатардаги, 2021 йил бошида Саудия Арабистонидаги аёллар қўлга киритди. Баҳрайн ва Уммонда ҳам бир неча йил олдин аёлларга армияда хизмат қилишга рухсат берилган.
Изоҳ (0)