АҚШ президенти Жо Байден 2022-молия йилида (1 октябрдан бошланди) мамлакатга қочқинларни қабул қилиш квотасини икки баравар оширди. Энди АҚШ 62,5 минг эмас, 125 минг кишини қабул қилади. Бу ҳақда 8 октябрь куни Оқ уй тарқатган баёнотга таяниб «Korrespondent.net» хабар берди.
«2022-молиявий йилда Қўшма Штатларга 125 минггача қочқиннинг қабул қилиниши инсонпарварлик нуқтаи назаридан келиб чиқади ёки миллий манфаатларга асосланади», — деб таъкидлади Америка раҳбари.
Шу билан бирга, Вашингтон маъмурияти Европа ва Марказий Осиё мамлакатларидан 10 минг қочқинни қабул қилмоқчи. Аввалроқ ҳукумат қочқинларни қабул қилиш квотасини ошириш нияти ҳақида Конгрессни огоҳлантирганди.
Май ойида Байден ўтган 2021-молиявий йилда қочқинларни қабул қилиш чегарасини 62,5 минг кишига оширганди, ундан аввалги президент Дональд Трамп даврида ушбу квота 1980 йилдан буён энг кам — 15 минг киши учун белгиланганди. Февраль ойида Байден чет элдан қочқинларни қабул қилиш квотасини 2022-молия йилида 125 минг кишига ошириш ниятида эканлигини маълум қилди.
Изоҳ (0)