1989 йилнинг 21 октябрида Ўзбекистонда мамлакат мустақиллиги рамзларидан бири — ўзбек тилига давлат тили мақоми берилган эди. 2020 йилдан бошлаб бу сана Ўзбек тили байрами сифатида нишонланмоқда. «Дарё» ушбу сана муносабати билан октябрни «Ўзбек тили ойлиги» деб эълон қилади ва ой давомида ҳар куни тил масаласида турли йилларда қилинган ва ҳамон ўз долзарблигини йўқотмаган чиқишлар, нутқлар, мақолаларни қайта чоп этади.
Кейинги пайтларда «Ўзбек тили инқирозга юз тутмоқда», «Она тилимиз ҳалокат ёқасига келиб қолган» қабилидаги гаплар қам қулоққа чалинмоқда. Лекин Ойбек, Ғ. Ғулом, А. Қаҳҳор, О. Ёқубов, П. Қодиров, А. Орипов, Э. Воҳидов, О. Матжон каби қатор сўз усталари яратган, яратаётган дилбар асарлар, уларнинг тили бу қарашни маълум даражада инкор этади. Албатта, адолат юзасидан айтиш керакки, тилимиз имкони бор жойларда ривож ва сайқал топиб борган бўлса-да, унинг иш кўриш ва фаолият доираси ўта чегараланиб қолган эди. Ҳа, ўзбек тилининг қадри жуда тушиб кетди. Биргина унинг расмий-иш услуби олиб кўрилса ҳам, шунга амин бўлиш мумкин. 20 йилларда рус тилидан андоза олиш туфайли шамойил топган «Ушбу справка берилди шул ҳақдаким, ҳақиқатан ҳам бул ўртоқ шул жойда яшаб туради» тарзидаги ноўзбекча маълумотнома-ҳужжатлар ҳамон ёзиб келинмоқда. Ўзбек тилининг шираси, гўзаллиги, жозибаси, назаримда, бадиий адабиётдагина сақланиб қолган. Айни чоқда, унинг уй-рўзғор тилига айланиб қолганлигини таассуф билан таъкидлаш керак.
Ўзбек тилига давлат тили мақоми берилиши муайян шарт-шароитлар яратишни тақозо этади, албатта. Бу жабҳадаги муҳим ишлардан бири ўзбек тилини ўқитишни яхшилашдир.
Бугунги кунга келиб, она тилини ўқитишдай муҳим борада талай муаммолар йиғилиб қолганлиги, камчиликлар беҳисоб эканлиги аён бўлмоқда. Она тилини ўқитишни янада яхши йўлга қўйиш ҳаётий заруратга айланди. Тилга муҳаббат, унинг қонуниятларини чуқур билиш ва ҳурмат қилиш ахлоқий-маънавий «гигиена»га риоя қилишнинг бош кўрсаткичи. Том маънодаги миллийлик ва интернационализм, ватанпарварлик туйғусининг ибтидоси ҳам асли шундан бошланади.
Она тилини, унинг қонун-қоидаларини яхши билмаслик бошқа тилларни муваффақиятли ўрганишга ҳам халақит беради. Шунга қарамасдан, турғунлик даврида интернационал тарбия, рус тилини ўрганиш ва бошқа масалалар юзасидан қатор тадбирлар белгиланди. Аммо, афсуски, она тилининг ролига етарли эътибор қилинмади. Шунинг оқибатида мазкур тадбирлар самараси кўнгилдагидек бўлмаганлиги бугун ҳаммага равшан.
Она тилига муҳаббат болаликдан шаклланади. Болада сўзни ҳис этиш малакасини таркиб топтиришда мактабнинг, яъни ўзбек тилини ўқитишнинг аҳамияти беқиёс. Мактаб бу вазифани қандай бажармоқда? Афсуски, кўнгилдагидек эмас. Биргина савод масаласининг ўзиёқ аҳвол нечоғлик ташвишли эканини англатади. Шунинг учун ҳам зудлик билан «Ўзбек тили» дарсликлари ва программаларини такомиллаштириш лозим. Энг аввало, программаларда материалларнинг берилиш тартибини ўйлаб кўриш мақсадга мувофиқ. Ҳозирги ҳолатида такрорийлик устунлик қилиб тургани сезилади. Грамматика ўқитиш ижодий фикрлаш, фикрни лўнда ва чиройли ифодалаш, равон оғзаки нутқ малакаларини ҳосил қилиш мақсадига бўйсундирилса, балки дарслар зерикарли чиқишига барҳам берилар?!
«Ўзбек тил» дарслиги ҳар қандай услуб ва сўз сакталигидан холи бўлмоғи, ўқувчида сўзга онгли ва эстетик муносабат ҳиссини тарбияламоғи керак. Лекин, афсуски, ҳозирги дарсликларнинг тили жуда ғализ, ночор. Кўринадики, дарслик ва программалар ҳар жиҳатдан такомиллаштиришга муҳтож. Собиқ Маориф министрлиги томонидан эълон қилинган ўзбек тили дарсликлари конкурсининг тезроқ якунланишига эришиш зарур. Эҳтимол, ана шу конкурс якунлари бу соҳадаги ишларимизнинг бир қадар яхшиланишига кўмак берар.
Ҳозирги ёшларимизда (нафақат ёшларимизда!) тил маданиятининг ачинарли аҳволда эканлигининг сабабларидан яна бири юқори синфларда ўзбек тили фанининг ўқитилмаслигидир. Бир пайтлар 9-синфга она тили дарси киритилган эди. «Стилистика» дарслиги яратилиб, нашр ҳам қилинди. Аммо дарслик чиқиши билан 9-синф программасидан бу фан чиқариб ташланди. Юқори синфларда ўзбек тили дарсларини тиклашнинг аллақачонлар вақти етган деб ҳисоблайман. Мактаб ўқувчилари учун турли ўқиш китоблари яратиш, уларда тил билан боғлиқ хилма-хил, қизиқарли масалаларни оммабоп тарзда ёритиб бериш бугунги кунда жуда зарур. Тилнинг пайдо бўлиши, унинг тараққий этиб бориши, бойиш йўллари, бошқа тиллар билан, масалан, араб, форс, рус тиллари билан алоқаси каби масалалар ёритилган китобчалар ўқувчиларни лоқайд қолдирмайди, айни чоқда, уларнинг умуммаданий савиясини оширишга, тилларга, миллатларга ҳурмат билан қараш ҳиссини тарбиялашга хизмат қилади. Ҳозирча эса тил бўйича ўқувчиларнинг дарсликдан бошқа китоблари йўқ. Тил ва адабиёт ўқитувчиларининг ҳам шундай китобларга эҳтиёж сезишлари шубҳасиз. Бундай характердаги китоблар рус тили бўйича юзлаб чиқарилган.
Ҳозир олий мактабларда тилнинг ўқитилиши ҳам замон талабидан орқада. Педагогика институтларини битириб, ўзбек тили ва адабиёти ўқитувчиси дипломини олаётган ёшларнинг аксарияти назария ва методика билан яхши қуролланган эмас. Улар тилшуносликнинг бугунги проблемаларини яхши тасаввур қила олмайдилар. Чунки, масалан, синтаксис бундан қарийб 30 йил олдин яратилган дарслик асосида ўқитилади. Тўғри, бу дарслик 1987 йилда учинчи марта қайта нашр қилинди, лекин унда тилшуносликнинг кейинги ютуқлари акс этмаган. Ўзбек тилшунослиги кейинги йилларда ривожланиб, катта ютуқларни қўлга киритди. Бир қанча лингвистик ҳодисалар ўзбек тилининг ўз материалидан келиб чиққан ҳолда янгича талқин қилинди. Аммо мазкур назарий янгиликлар, олий филологик таълим системасига изчил кириб бормаяпти. Бу, табиийки, бўлажак тил мутахассисларининг умумназарий савиясига салбий таъсир кўрсатмоқда. Шу маънода олий мактаб ўқитувчиларининг қачонлардир ёқлаган диссертацияларини студентларга махсус курс сифатида ўқишлари амалиётидан воз кечиш, бундай курсларда тилшуносликнинг бугунги проблемалари билан студентларни таништириб бориш мақсадга мувофиқ. Бунинг учун олий мактабнинг академия институтлари, хусусан, Тил ва адабиёт институти билан алоқасини яхшилаш, бу институтдаги етакчи олимларни ана шу ерга жалб қилиш фойдалидир.
Рус тили грамматикасидан нусха кўчириш, ундаги грамматик қоидаларни ўзбек тилига механик равишда олиб ўтиш тилшуносликда, ўзбек тилини ўқитишда жуда кўп нотўғри талқинларга олиб келган. Рус тили материалидан келиб чиқиб айтилган фикрларни ўзбек тили фактларига асоссиз татбиқ этиш ҳозиргача дарсликларда давом этиб келмоқдаки, буни оқлаб бўлмайди. Бу тилга материалистик ёндашув принципига мутлақо зиддир. Биргина мисол келтираман: «бу ерда» сўз бирикмаси ҳозиргача барча дарсликларда (ҳатто илмий ишларда ҳам) ўрин равиши, яъни бир сўз деб ўргатилади. Ушбу сўз бирикмасининг битта сўз эмаслигини исботлаб ўтиришнинг ҳожати йўқ, чунки «бу ерда», «бу жойга», «у ўринда», «шу жойдан» ва ҳ. к. тарзида компонентларни алмаштириш бемалол мумкин. Нега унга ҳозиргача бир сўз сифатида қараб келинди? Бу русчадан нусха олиш оқибати: рус тилидаги «здесь» сўзи ҳақиқатан ўрин равиши, лекин уни ўзбекчага таржима қилса, бир сўз эмас, балки сўз бирикмаси ҳосил бўлади. Демак, ўзбек тилида «здесь»га эквивалент бўлган ўрин равиши йўқ, бу тилнинг қашшоқлигини эмас, ўзига хослигини кўрсатади. Афсуски, дарсликларимизда бундай нуқсонлар анчагина, бунга кўплаб мисоллар келтириш мумкин. Лекин мақсад бу эмас. Мақсад — ҳозирги ҳолатдан қутулиш чораларини кўплашиб излаш, топиш. Дастлабки вазифа — олий мактаблар учун ҳам ўзбек тили дарсликларини яратиш бўйича конкурс эълон қилиш, деб ўйлайман.
Шу ўринда яна бир нарсани айтиб ўтиш лозим. Ўзбек тили ва адабиёти факультетлари (педагогика институтлари)да «Ҳозирги ўзбек адабий тили» назарий курси учун 550 соат ажратилган, рус тили учун эса 500 соат ва бунга қўшимча равишда яна 400 соат, жами 900 соат ажратилган. Соатлар нисбати, кўриниб турганидай, мантиқли эмас.
Яқинда бўлиб ўтган халқ таълими ходимларининг Бутуниттифоқ съездида таълимни гуманитарлаштириш ва бунда ижтимоий фанларнинг роли алоҳида таъкидланди. Бу зарур ишда ҳам она тилининг ўрни муҳимдир. Ҳозир аксар кишиларнинг саводхонлик даражасини қониқарли дейиш қийин. Шунинг учун республикамиздаги ўқиш ўзбек тилида олиб бориладиган барча ўқув юртларида, қисқа ҳажмда бўлса-да, она тилини ўқитиш лозим.
Ҳозирги ўзбек графикасини такомиллаштириш ҳам кун тартибидаги масалалардан биридир. Бу соҳада ҳам муайян ишлар қилина бошланди.
Эски ўзбек графикаси ҳақида ҳам ҳар хил таклифлар айтилмоқда. Энг маъқул ва адолатли йўл эски ўзбек ёзуви (араб ёзуви)ни мактабларда ва гуманитар профилли олий ўқув юртларида алоҳида предмет сифатида ўқитишни жорий қилишдир. Бу, ҳеч шубҳасиз, маданий-маънавий камолотимиз учун жуда зарур, буни тўғри тушунмоқ ҳар биримизнинг гражданлик бурчимиздир.
Халқлар, миллатларнинг ўзаро яқинлашувида, улар ўртасидаги дўстликнинг мустаҳкамланишида тил билишнинг аҳамияти беқиёс. Бу азалий ва абадий қақиқат минг йиллардан буён халқлар қалбидан жой олган. Машҳур совет ёзувчиси Васил Биков шундай дейди: «Менимча, бизнинг давримизда бошқа миллат маданиятига муносабат жамият маънавий етуклигининг асосий белгиларидан биридир» («Известия», 1988-й., 8 октябрь).
Бизда миллий-рус икки тиллилиги анча ривожланган.
Лекин рус-ўзбек икки тиллилиги мутлақо талаб даражасида эмас. СССР Фанлар академиясининг академиги Г. Л. Смирнов айтади: «Биз шундай мамлакатда яшаймизки, унда икки тиллилик ҳар бир граждан учун эҳтиёжга айланмоғи лозим. Миллий республикада яшовчи рус кишиси шу республиканинг тилини рус бўлмаган киши рус тилини билганидай билиши керак» («Правда», 1988-й., 30 декабрь). Академик Н. I. Бухарин совет ёзувчиларининг Бутуниттифоқ I съездида (1934 йил) қилган докладида ўзбек ва тожик тилларини билмаслиги, шунинг учун Ўзбекистон ва Тожикистонда яратилган поэзия ҳақида фикр айта олмаслигини афсус билан айтиб, «уларни ўрганишга тўғри келади, бу ҳам, шубҳасиз, жуда зўр иш бўлади», деган эди.
Ўзбек бўлмаган кишиларга ўзбек тилини ўргатиш ўзбек тилига давлат мақоми бериладиган бўлса, қанчалик муҳим эканлиги равшан. Ҳозирнинг ўзидаёқ ўзбек тилини ўрганишга қизиқиш катта. Бу ишда камчиликлар жуда кўп.
Рус мактабларида ўзбек тили учун ажратилган соатлар кам, уларда бу тил 3-синфдан бошлаб ўқитилади ва бунга жами 540 соат ажратилган. Ўзбек мактабларида рус тили 1-синфдан бошлаб ўқитилади, бунга 1560 соат ажратилган. Маълумки, мактабларда рус ва чет тиллари группачаларга, яъни бир синф иккига бўлинган ҳолда ўқитилади.
Аммо бу қоида ўзбек тили предметига татбиқ этилмайди.
Бир синфда 30—40 ўқувчи бўлиши ҳисобга олинса, тил ўргатиш қай даражада бўлишини тасаввур қилиш мумкин. Албатта, тезлик билан мактабларда ўзбек тили дарсларини синфни иккига бўлиб ўтишни жорий қилиш керак. Бугунги кун талаблари ана шуни тақозо этади.
Рус мактабларида ўзбек тилига муносабат кўнгилдагидай эмас. Бу предмет иккинчи даражали, ҳатто умуман кераксиз предмет сифатида қаралаётгани ҳам ҳеч кимга сир эмас. Бундай муносабат ўқувчиларда ўзбек тилига бўлган озми-кўпми қизиқишнинг мутлақо сўндириб юбориши тайин. Очиғи, мактаб маъмурияти, жойлардаги халқ таълими органлари раҳбарларининг бу фанга бўлган лоқайд, совуқ муносабатини тубдан ўзгартирмасдан, тафаккурни қайта қурмасдан бу муҳим ва масъулиятли ишда ижобий натижага эришиб бўлмайди. Оқибатда ҳар қандай тадбир қуруқ гап бўлиб қолаверади.
Шу ўринда бир таклифни ўртага ташлашни мақсадга мувофиқ деб биламан. Педагогика институтларининг кўпчилигида рус группаларда ўзбек тили ўқитилади. Унга ажратилган соатлар ҳам ҳар хил. Масалан, Низомий номли педагогика институтида 180 соат, илгари 240 соат бўлган.
Аммо бу тил ўргатиш учун мутлақо етарли эмас. Барча студентлар ўзбек тилининг мактабда яхши ўқитилмаганидан нолишади. Шу ўринда мен студентларни ҳақ деб биламан. Рус мактабларида ўзбек тили дарс соатлари миқдорини (ҳозир ҳафтада 2 соат атрофида) кескин оширишни ва ўзбек мактабларидаги рус тили дарслари каби 1-синфдан бошлаш кераклигини ҳозирги давр тақозо этади. Ҳамонки, тил интернационал тарбиянинг қудратли қуролларидан бири экан, бундай қуролни боланинг жуда ёшлигидан бошламоқ мантиқлидир.
Айни пайтда фақат педагогика институтларида ёки университетлардагина эмас, балки республикамиздаги барча институтларда, ўқув юртларида (ихтисосидан қатъи назар) рус группаларида ўзбек тилини ўқитишнинг жорий этилиши жуда зарур. Ахир, ўзбек тилини билмайдиган, аммо қишлоқ жойларида ишлайдиган медикнинг, инженернинг, ирригаторнинг, маданият ходими ва бошқа мутахассисларнинг қандай фаолият кўрсатишини тасаввур этиб кўринг. Ҳозир ўзбек тилини ўргатадиган хилма-хил курслар ташкил этилмоқда. Буни маъқулламоқ керак.
Рус ўқувчилари ва студентлари учун мўлжалланган дарсликлар (ўзбек тили бўйича)нинг сифати ва савияси тоқат қилиб бўлмайдиган даражада. Бу ҳақда кўп ёзиляпти. Тошкент шаҳридаги 149-мактабнинг ўқитувчилари яхши бир таклифни ўртага ташладилар. Ўзбек тили дарслигини икки китобга бўлиш керак: ўзбек тили дарслиги ва ўзбек адабиёти дарслиги. «Ҳозирги дарсликда Алишер Навоий ҳақидаги ахборот бор-йўғи ярим бетлик холос», дейди улар. («Пионер Востока», 1988 йил, 19 ноябрь).
Олий ўқув юртлари студентлари учун чиқарилган ўзбек тили дарслиги ҳам ўз олдига қўйилган вазифани уддалай олмайди. Жумлалар, текстлар жуда оғир, ғализ, услубий жиҳатдан яроқсиз. Материалларнинг берилиши оғзаки ҳамда ёзма нутқ малакасини ҳосил қилишга қаратилган эмас, грамматик материал керагидан ортиқ берилган. Тематик лексикага эътибор йўқ ҳисоби. Унда тилимиз жозибаси, жаранги, оҳанги мутлақо акс этган эмас.
Республикамизда бошқа миллат вакилларининг ўзбек тилини ўрганишларини осонлаштирадиган қўлланма ва бошқа материалларни етарли деб бўлмайди. Бир-икки сўзлашув китоби ва мустақил ўрганувчилар учун қўлланмадан ташқари ҳеч нарса йўқ ҳисоби. Бошқа тилларда жуда кўплаб ва хилма-хил расмли суратлар, турли ўйинлар асосида тил ўргатишга бағишланган қўлланмалар, маълумотномалар нашр этилган бўлишига қарамасдан, ўзбек тилида бундай типдаги бирорта китоб чиқарилган эмас. Шу ўринда ўтмишдаги бир ижобий фактни эсламасликнинг иложи йўқ. Инқилобдан олдин, ундан кейин, то 30—40 йилларга қадар ўзбек тилини жуда кўплаб ўзбек бўлмаган кишилар томонидан ўрганилишига ёрдам берувчи китоблар нашр қилинган. Мисол тариқасида В. П. Наливкин, Е. Д. Поливанов ва бошқаларнинг китобларини кўрсатиш мумкин. Инқилобдан аввалги даврларда руслар томонидан ўзбек тилининг кенг ўрганилишининг объектив ва субъектив сабаблари ҳозир тушунарли. 1893 йилнинг 20 декабрида ташкил қилинган «Ташкентское реалное училище»да ўзбек тилини ўқитиш ўқув программасига киритилган эди. Шу билим юртининг ўқитувчиси М. С. Андреев «Руководство для первоначального обучения сартовскому языку в Ташкентском реалном училище» (1899), бошқа бир ўқитувчи Л. А. Зимин эса «Учебник сартовского языка, основанный на натуральном методе» (2-нашри, Тошкент, 1914) деган қўлланмалар тузган эди. 1902 йилда Шарқшунослик жамиятининг Тошкент бўлими томонидан «Руслар учун пулли кечки сарт ва форс тиллари курслари» ташкил этилган бўлиб, ўзбек тилидан П. Е. Кузнецов дарс берган. В. П. Наливкиннинг «Руководство к практическому изучению сартовского языка» (Тошкент, 1899) номли китоби асосий дарслик вазифасини ўтаган.
Туркистон ўлкасининг ўша даврдаги маъмурияти томонидан ўзбек ва бошқа маҳаллий тилларни ўрганиш ҳар тарафлама рағбатлантирилган. Туркистон генерал-губернаторининг 1905 йил декабридаги хатида, жумладан, шундай дейилган эди: «Маъмуриятнинг барча амалдорларига, то уезд бошлиқларига қадар, маҳаллий тилларни ўрганиш топширилсин… 7. Рағбатлантирувчи чора сифатида маҳаллий тилни ўрганганлиги учун уларнинг маошига қўшимча ҳақ тайин қилинсин».
Октябрь инқилобидан кейин кўп ишлар қилинди. Аммо кейинги қарийб 40 йил ичида бошқа миллат вакилларига ўзбек тилини ўқитиш иши ўз ҳолига ташлаб қўйилди. Фақат рус тилини ўрганишгина зўр бериб тарғиб қилинди, ўзаро узвий боғлиқ бўлган бу ишнинг иккинчи томони, яъни ўзбек тилини ўрганиш «эсдан чиқариб қўйилди».
Мамнуният билан айтиш лозимки, бугунги ошкоралик шарофати боис бу ишга алоҳида эътибор қилиниб, тил муаммоларидай муҳим ва мураккаб масалалар одилона ҳал этилмоқда. Ҳар бир халқ ўз тилини мукаммал билмоғи, бошқа халқлар тилларига ҳурмат билан ёндашмоғи лозим. Бу, шубҳасиз, улар ўртасидаги дўстликни мустаҳкамлайди. Ахир, тил мавқеи — эл мавқеи. Шунинг учун ўзбек тилини ўқитиш соҳасида йиғилиб қолган муаммоларни тезлик билан ҳал қилиш филологлардан, қолаверса, барча зиёлиларимиздан алоҳида сафарбарликни талаб этади.
Низомиддин Маҳмудов,«Ёшлик» журнали, 1988 йил, 6-сон
Изоҳ (0)