Германияда 26 сентябрь куни парламент сайловлари бўлиб ўтди , унинг якунларига кўра, Ангела Меркель канцлер лавозимини тарк этади. У мағлубиятсиз кетмоқда: у ҳукумат раҳбарлигини ўз ихтиёри билан топширишга қарор қилди, ушбу лавозимда 16 йил ишлаб, бу борада устози Гельмут Колнинг рекордини янгилади. Жаҳон сиёсатидаги энг катта таъсирга эга аёл билан хайрлашиш бир неча ой давом этиши мумкин, чунки янги ҳукмрон коалицияни тузиш бўйича музокаралар чўзилиши кутилмоқда. Шунга қарамай, Меркель даври ниҳоялаб бормоқда. Meduza унинг фаолиятидаги муҳим босқичлар акс этган фотосуратларни жамлади.
Ангела Каснер (турмушга чиққач Меркель фамилиясини олган) Ҳиммелпфортдаги лагерда овқат пиширмоқда. Лейпциг университетида физика йўналиши бўйича таҳсил олган Меркель 1973 йилнинг июлида олийгоҳни тугатгандан сўнг дўстлари билан шу лагерга келган. Меркель мамлакат ғарбидаги Гамбургда туғилган бўлса-да, Шарқий Германияда ўсган. Фото: AFP
Меркель қизғин сиёсий фаолиятини Германия Демократик Республикасининг сўнгги йилларида бошлаган ва «Демократик ютуқлар» гуруҳига қўшилган. Германия бирлашгандан кўп ўтмай, Меркель Аёллар ва ёшлар ишлари бўйича федерал вазири этиб тайинланди. Шу тариқа у Шарқий Германиянинг умумгерман тузилмасидаги илк вакиллардан бирига айланди. Меркель 1991 йил 18 январда Бундестагда қасамёд қилди. Ўша пайтда парламент мажлислари ҳали Ғарбий Германия пойтахти Боннда ўтказиларди. Фото: AFP
Меркелнинг сиёсий карьераси тез ривожланди: 1991 йил декабрда у Христиан демократик иттифоқида канцлер Гельмут Колнинг ўринбосарига айланди. Уни истеҳзо билан — «Колянинг қизи» деб аташарди. Фото: LETA
Вақт ўтиши билан Меркелнинг меҳнатсеварлиги тилларга тушди. 1992 йил 3 февралда у уч ҳафта олдин оёғини синдириб олганига қарамай, Христиан демократик иттифоқи президиумининг йиғилишида қатнашди. Фото: AP Photo
Аёллар ва ёшлар ишлари вазирлиги кичик муассаса эди, 1994 йилда Меркель каттароқ вазирликни ўз қўлига олди — у атроф-муҳитни муҳофаза қилиш вазири этиб тайинланди. Янги йил арафасида вазирлик унинг иштирокида реклама эълон қилди: Меркель совға ўрайдиган қоғозни қайта ишлатиш учун қандай тайёрлаш мумкинлигини кўрсатган. Бундан мақсад ёғочни тежаш ва ўрмонларнинг кесилишини камайтириш эди. Фото: ullstein bild
1996 йил февраль ойида Меркель Чернобиль АЭСга ташриф буюрди. Заводдаги фалокат немис жамиятида катта таассурот қолдирган, бу ҳодиса «Яшиллар» ҳаракатининг халқ орасида машҳур бўлиши, шунингдек, атом энергиясидан воз кечиш ҳақида жиддий мунозараларнинг бошланишига ёрдам берди. Меркель канцлер бўлгач, Фукусима авариясидан кейин бу жараённи кучайтириб келмоқда. Фото: Getty Images
1998 йилги сайловларда христиан -демократлар мағлубиятга учраганидан сўнг, Меркель Германия ҳукуматини тарк этди, лекин Бундестаг аъзоси бўлиб қолди ва Христиан-демократлар иттифоқининг бош котибига (аслида партия ишининг раҳбари) айланди. Ушбу фотосурат 2000 йил март ойида Болтиқбўйида олинган. Фото: ullstein bild
Христиан-демократлар иттифоқининг тўлақонли етакчиси Ангела Меркель 2005 йил 18 сентябрда бўлиб ўтган сайловларда овоз бермоқда. Ушбу сайловдаги ғалаба натижасида у мамлакат ҳукуматини бошқарди ва кейинги 16 йил давомида канцлер бўлиб қолди. Фото: EPA
Германия Федератив Республикасининг биринчи аёл канцлерига айланган Ангела Меркелнинг портрети Берлиндаги KanzlerEck («Канцлер бурчаги») меҳмонхонасида аввалги ҳукумат раҳбарларининг портретлари ёнига илинмоқда. 2005 йил 23 ноябрь. Фото: EPA
Ангела Меркель, Владимир Путин ва лабрадор Конни «Бочаров Ручей» қароргоҳида, 2007 йил 21- январь. Канцлер итларни ёқтирмайди. Икки раҳбар ўртасидаги шахсий муносабатлар ҳеч қачон илиқлашмаган: Қрим Россияга қўшиб олингандан сўнг, Америка матбуоти хабарида ёзилишича, Меркель Обамага Россия президенти «бутунлай бошқа дунёда яшаётганини» айтган. Фото: «ТАСС»
Меркель сиёсатининг асосий йўналишларидан бири мамлакатни хавфли ва қайта тикланмайдиган энергия манбаларидан босқичма-босқич воз кечишига қаратилган энергетик бурилиш (Energiewende) эди. 2010 йил 18 августда у Кремпиндаги шамол электростанциясига ташриф буюрди. «Яшил энергия»га йирик ҳажмдаги сармоялар киритилганига қарамай, Германия ҳукумати ўз олдига қўйган мақсадларнинг ҳаммасига эриша олмади. Шу сабабли Меркель ҳукумати учун «Шимолий оқим 2» қувурини қуриб битказиш муҳим аҳамиятга эга бўлди. Лойиҳа атом энергиясидан воз кечиш ва кўмир қазиб олиш оқибатида кўрилган зарарни қоплаши керак эди. Фото: Getty Images
Йиллар давомида Меркель Германиянинг энг севимли сиёсатчисига айланди. Унинг ўз фарзандлари йўқ, лекин немис газеталарида уни «онажон» (Мутти) деб аташади. Суратда у Германия шимолидаги ўзини сайлаган Марлоу округидаги боғда тўтиқушларни овқатлантирмоқда. 2012 йил 17 апрель Фото: DPA
Чапдан ўнгга: Буюк Британия бош вазири Дэвид Камерон, АҚШ президенти Барак Обама, Ангела Меркель ва Еврокомиссия раиси Хосе Мануэль Барроса 2012 йил 19 майдаги «Челси» — «Бавария» Чемпионлар лигаси финалини томоша қилмоқда. Унда Англия пенальтилар сериясида ғалаба қозонганди. Фото: Reuters
Айтишларича, Ангела Меркель ва Барак Обама ўртасида алоҳида ҳамфикрлик бор эди. Сурат 2015 йил июнь ойида Бавария Алпларида бўлиб ўтган G7 саммити доирасида икки сиёсатчининг учрашувидан олинган. Фото: AP Photo
2015 йилдаги миграцион инқироз Ангела Меркель учун энг оғир синовлардан бири бўлди. 25 августда Меркель ҳукумати Германиядан бошпана олиш қоидаларининг енгиллаштирилишини эълон қилди, эртаси куни эса канцлер мамлакат шарқидаги Хайденау лагерига ташриф буюрди. Кейинги ойларда мамлакатга Яқин Шарқдан бир неча миллион қочқин келди. Меркелнинг сиёсатини ўнглар ҳам, сўллар ҳам танқид қилди, натижада «Германия учун муқобил» ўнглар популистининг машҳурлиги ошди. Фото: AFP
Ангела Меркель Кил шаҳридаги ҳарбий-денгиз базасига ташрифи чоғида. 2016 йил 19 январь Фото: Reuters
Махсус кўзойнак таққан Ангела Меркель астронавтларни тайёрлаш бўйича Европа марказига ташрифи чоғида. Кёльн, 2016 йил 18 –май Фото: Getty Images
Агар Меркель Барак Обама билан жуда илиқ муносабатда бўлган бўлса, Дональд Трамп канцлернинг асосий рақибларидан бирига айланди. Трамп уни бир тарафдан Россияга қарши санкциялар жорий этиб, бошқа тарафдан «Шимолий оқим 2» қувурини қураётгани ва НАТО олдидаги молиявий мажбуриятларини бажармаётгани учун танқид қилди. 2018 йилда Квебекдаги G7 саммитидан олдин, Трамп Қримни Россия ҳудуди деб билиши ҳақида бир нечта шов-шувли баёнотлар берди, учрашувни эса қўшма баёнотга имзо чекмасдан тарк этди. Фото: Reuters
Қўлларни шу тарзда қовуштириш «Меркель жести» деб атала бошлади. Фото: photothek.net
Канцлернинг бир рангда костюм кийиши ҳам ўзгармас қоидага айланганди Фото: EPA
Украина Президенти Владимир Зеленский илк хорижий ташрифини 2019 йил 18 июнь куни Берлинга уюштирди. Зеленскийнинг мақсадларидан бири Германиянинг «Шимолий оқим 2»дан воз кечишига эришиш эди — бу қувур орқали Украина Россия газининг транзитидан оладиган даромадидан маҳрум бўларди. Лекин Зеленский ўшанда ҳам, ундан кейин ҳам мақсадига эриша олмади. Канцлер лавозимидаги сўнгги йилларда Меркель Украина шарқидаги низони ҳал қилишда у қадар фаоллик кўрсатмаган, лекин айнан унинг дипломатик саъй-ҳаракатлари туфайли 2015 йил бошида Минск келишувлари имзоланди, шундан сўнг минтақада фаол ҳарбий ҳаракатлар тўхтатилган. Фото: AFP
Пандемия Меркель учун ҳам сиёсий ғалаба, ҳам синов бўлди. Дастлабки ойларда немислар иқтисодиётга ёрдам сифатида кўрилган чоралари билан бир қаторда ҳукумат томонидан қўйилган қаттиқ чекловларни қўллаб-қувватлади, бу даврда кўплаб сиёсатчилар ҳатто Меркель ўз лавозимини тарк этмасдан бешинчи муддатга канцлерликни давом эттириши кераклиги ҳақида гапира бошлашди. Аммо эмлаш кампанияси бошланиши ва чекловларнинг босқичма-босқич олиб ташланиши билан танқидлар сезиларли даражада ошди. Меркелнинг ўзи ушбу суратдаги каби ҳалигача ҳар қандай ёпиқ бинода ниқобда юради. Сурат 2021 йил 13 январда Бундестаг йиғилиши пайтида олинган. Фото: Bildgehege
Изоҳ (0)