1997 йилда экран юзини кўрган «Титаник» ўз даврининг энг қиммат кино лойиҳалари саналишидан ташқари, бугунги қадар ҳам энг кассабоп фильмлар учталигидан ўрин олади. Ундаги «My heart will go on» қўшиғини билмайдиган, якунига етганида кўз ёшларини тия оладиган томошабин бўлмаса керак. Орадан шунча йил ўтганига қарамай, ҳали ҳамон мухлисларни экран қаршисига михлаб қўядиган фильм билан боғлиқ турли, шу билан бирга, бири-биридан қизиқ фактларни эътиборингизга ҳавола қиламиз.
Фильмдаги кекса жуфтликнинг хонасидан чиқмасдан ҳалокатни ётоғида қарши олгани – реал одамлар ҳикояси
Фильм сюжетига кўра кемани сув боса бошлаганида хонасидан чиқмаган кекса жуфтлик дарҳақиқат ҳаётда бўлган. «Титаник»даги йўловчилар орасидан ўрин олган Исидор ва Ида Штраусснинг севги ҳикояси Роуз ва Жекники сингари таъсирли. Гувоҳларнинг айтишича, турмуш қурганига 40 йил бўлган жуфтликнинг ёши улуғ экани ҳисобга олиниб, қутқарув қайиғига тушишга биринчилардан бўлиб рухсат берилган. Аммо Исидор кемадаги барча аёл ва болалардан аввал қайиққа ўтиришдан бош тортган. Рафиқаси эса умр йўлдошини ёлғиз қолдириб, тарк этишни истамаган. Сўнгги бор уларни кемада, бир-бирини қўлларини тутган ҳолда кўришган.
Ирландиялик аёлнинг фарзандларига айтиб берган ҳикояси Тир на ног — Келтлар афсонасидаги «ёшлик ороли ҳақида»
«Кейин эса улар узоқ, бахтиёр ҳаёт кечиришибди. Кўп бола-чақа кўриб, 300 йилдан кейин икковлари ҳаётдан кўз юмишибди». Кемада мусиқачилар чолғу чалаётган лаҳзаларда мухлисларга бошқалар қаҳрамонлар: капитан, конструктор, қари жуфтлик ҳамда болаларига эртак айтиб бераётган ирландиялик аёл кўрсатилган. Оригинал сценарийда бўлмаган ушбу ҳикояни қўшишни ирландиялик актёрлар таклиф қилган.
Жекнинг папкасидаги Роузнинг портрети ва хомаки чизмалар режиссёр Жеймс Кэмерон томонидан чизилган
«Титаник»да томошабинларга ёд бўлиб кетган бир нечта саҳна бор. Жекнинг Роузнинг расмини чизиши шулар жумласидан. Аммо кадрда кўрсатилган қалам тутган қўллар Ди Каприо эмас, Кэмеронники. Нафақат Роузнинг портрети, балки Жекнинг папкасидаги барча «француз аёллари»нинг чизмаси ҳам режиссёрга тегишли. Аммо бу ҳали ҳаммаси эмас: Ди Каприонинг чапақайлиги Кэмероннинг эътиборидан четда қолмаган. Кадр шуни инобатга олган ҳолда тасвирга олинган.
Роузнинг Келнинг юзига тупуриши сценарийда бўлмаган.
Жекнинг Роузни тупуришга ўргатиш саҳнаси ҳақиқий импровизация бўлган, Кейт буни бошқа саҳнада қўллашга қарор қилган. Кема чўкишни бошлаганида қиз Жекнинг олдига қайтиш учун оиласидан узоқлашмоқчи бўлади, қўлидан ушлаб олган қайлиғи Кел эса уни қўйиб юбормайди. Шунда Роуз унинг юзига қарата тупуриб, эркинлик томон бағрини беради. Аслида сценарийга кўра, у заколка ишлатиши керак бўлган, аммо айнан Жек ўргатгани учун тупуриш саҳнаси ишонарлироқ чиққан. Келни гавдалантирган актёр Билли Зейннинг Уинслетнинг бу ғоясидан бехабар бўлган. Шунинг ҳисобига унинг ҳайрати ва ажабланиши табиий кўринган.
Суратга олиш майдончасидаги сувнинг совуқлигидан Кейт Уинслет музлаб қолган
Кема ғарқ бўлганидан кейин Жек ва Роуз муздек сувнинг ичида турган. Фильмда Роузнинг совуқдан қалтираши бу шунчаки роль эмас. Кейт Уинслетнинг шунчалик музлаганидан у ҳатто пневмония орттириб олгани ҳақида миш-миш тарқалган. Аммо The Late Night Shоw кўрсатувида актрисанинг ўзи пневмониягача бормагани, аммо шу билан ҳаддан ортиқ совқотганини маълум қилган. Актёрларни бундай қийнашнинг нима кераги бўлган, деган саволга Уинслет сув шунчалик кўплигидан иситишни иложи бўлмаганини таъкидлаган.
Ғарқ бўлган «Титаник»нинг сув остидаги тасвири ҳақиқий, Кэмерон уни ўз кўзлари билан кўриш учун сув остига шўнғиган
Жеймс Кэмеронга «Титаник»ни суратга олиш ғояси унга машҳур лайнернинг қолдиқларини топган экипаж лидери Робер Баллард билан учрашганидан кейин келган. Жараён 1995 йилда бошланган ва режиссёр шу йилнинг ўзида ҳақиқий кемани кўриш учун сув остига шўнғиган. Жами 12 марта сув остига тушишга муваффақ бўлган Жеймс ўрганиш ва суратга олиш учун «Титаник»да 15-17 соат вақт ўтказган. У томонидан олинган кадрлардан фойдаланилгани ҳисобига фильм муваффақиятли ва ишонарли чиққан. Томошабинни бу навбатдаги драма эмас, ҳақиқий одамлар билан содир бўлган ҳақиқий фожиа эканини ҳис қилишини истаган Кэмерон бунинг уддасидан чиқа олган.
Фильмдаги гиламлар ҳақиқий «Титаник» учун гилам тақдим қилган компания томонидан ишлаб чиқарилган
Суратга олиш майдончасидаги декорацияларнинг аксарияти максимал даражада аслидан фарқ қилмаслиги учун астойдил ҳаракат қилинган. Кэмерон деталларнинг тарихий аниқлигига алоҳида эътибор берган. Шунингдек, у ҳақиқий гулқоғозлар, қандиллар ишлатилиши, мустаҳкам ойналар ўрнатилиши ҳамда White Star Line’s логотипи туширилган буюмлардан фойдаланишни талаб қилган. Бундан ташқари, ҳақиқий «Титаник» учун гилам ишлаб чиқарган Англиянинг BМК-Stoddart фирмасини фильм учун ҳам гилам тайёрлаб беришга кўндирган. Ишлаб чиқарувчиларда асосий салон, зинапоянинг пастки қисми ва люкс номер йўлакларида кўриш мумкин бўлган нақшлар сақланиб қолган.
Режиссёр асосий зинапоянинг сув босишини бир уринишда тасвирга олиши керак бўлган
Суратга олиш майдончасидаги асосий зинапоя худди ҳақиқий кемадагидек кўринишда бўлган. Аввалданоқ у йўқ қилиш мақсадида қурилган. Кема чўкишни бошлаганида зинапояли хона сув билан тўла бошлайди. Максимал даражада фожиавий кўриниши учун зинага 90 000 галлон (340 минг литрга яқин) сув қуйилган. Продюсерлар гуруҳи бундай катта миқдордаги сув қуйилишининг оқибати декорациянинг яксон бўлиши билан тугашини олдиндан билган.
Кэмерон фильмида ҳеч қандай қўшиқдан фойдаланишни истамаган, аммо «My heart will go on» фикридан қайтишига сабаб бўлган
Жеймс фильмда сўзлардан иборат қўшиқ янграшини истамаган, поп-мусиқани-ку хаёлига ҳам келтирмаган. Аввалига партитура ёзиши учун Эняга мурожаат қилган. У бош тортганидан кейин Жеймс Хорнерга юзланган. Кэмероннинг нима хоҳлаётганини билганига қарамай Хорнер Селин Дион билан «My heart will go on» қўшиғини ёзиш борасида келишиб қўйган. Тинглаб кўрганидан кейин режиссёрнинг фикри аввалгисидан ўзгарган. Натижада қўшиқ нафақат Дион, балки «Титаник»даги энг эсда қоларли ўзига хосликлардан бири бўлган.
Сув босиш жараёнида Роуз ва Жекнинг ёнида шароб ичган ошпаз — реал қаҳрамон
Англо-америкалик Чарльз Жон Жоуфин муздек сувда икки соат вақт ўтказганидан кейин ҳам яшаб қолишга муваффақ бўлган. «Титаник»даги омон қолган саноқли инсонлардан бири ҳисобланган эркак спиртли ичимлик сабаб совуқ ҳароратни ҳис қилмаганини таъкидлаган.
Фильм бошида кемага кўтарилган автомобиль 1912 йилда ишлаб чиқарилган Renault Type CB Coupe dе Villе бўлган
«Титаник» бортида дарҳақиқат шундай моделдаги машина бўлган. Қизиғи, кемага ундан бошқа автомобиль олиб чиқилмаган. Америкалик Уильям Картер уни оиласи билан Европа бўйлаб саёҳати давомида сотиб олган. 1985 йил Роберт Баллард «Титаник» қисмларини топганида қутқарувчилар автомобиль қолдиқларини қидирган, аммо уринишлар натижасиз якун топган. «Титаник»даги тушлик таомномасининг 25 минг долларга сотилганидан келиб чиқилса, автомобиль аукционда миллион долларга сотилган бўларди, деб тахмин қилиш мумкин.
Жекнинг Роузни тупуришга ўргатган саҳнаси тўлақонли импровизация бўлган
Режиссёр фильмда актёрларга импровизация қилишни тақиқламаган. Жек Роузга ҳаётида бўлган қизиқ воқеаларни айтиб берганидан кейинги саҳна деярли буткул актёрлар томонидан импровизация қилинган: Роуз йигитга ҳеч қачон эркаклар сингари тупура олмаганини айтган, Жек эса жавоб тариқасида тупуришни кўрсатиб берган.
Роуз устига чиқиб олган эшикнинг шакли ҳақиқий «Титаник»даги эшиклардан биридек кўринишга эга
Ҳақиқий эшик бўлакларидан бирини Янги Шотландиянинг Галифакс шаҳрида жойлашган Атлантика денгизи музейида кўриш мумкин. Ушбу артефактнинг шакли ҳалокатдан кейин Роуз чиқиб олган эшик бўлагини эсга солади.
Кекса Роузнинг ити фожиадан кейин тирик қолган ҳақиқий итларга ишора
Фильмда Кекса Роуз померан зотли бароқ итни олиб юради. Бу шунчаки тасодифий деталь эмас, режиссёр шу тариқа кема чўкканидан кейин тирик қолган итларни эсга олган. Айнан шу зотдаги ит ҳам бежиз танланмаган. Тирик қолган уч нафар итнинг иккитаси померан шпици бўлган. Ҳақиқий кема чўкаётганида эгалари итларни озодликка қўйиб юборган. Кэмерон тасвирга олган ушбу саҳна монтажнинг сўнггисида чиқариб юборилган.
Кечки овқат дастурхонида актёрларга ҳақиқий белуга икраси тортилган
Жек ва Роуз биринчи класс ресторанидаги кечки овқатга кирганида, уларнинг икра келтирилган. Аслига мувофиқ бўлиш учун штатларда қадоғи 3500-5000 доллар турадиган ҳақиқий белуга икраси олиб келинган.
Изоҳ (0)