Шимолий Корея янги турдаги зенит ракетасини синовдан ўтказганини маълум қилди. Синовлар 30 сентябрь куни КХДР Мудофаа фанлари академияси томонидан ўтказилган. Бу ҳақда Жанубий Кореянинг «Yonhap» агентлиги хабар берди.
Синовларнинг мақсади «ишга тушириш мосламасининг амалийлигини», шунингдек, ракетанинг «кенг қамровли жанговар хусусиятларини» тасдиқдан ўтказиш эди, дейилади Пхеньян баёнотида.
Ракетанинг хусусиятлари ҳақида батафсил маълумот берилмаган.
28 сентябрь куни Шимолий Корея мамлакат тарихида биринчи марта гипертовушли ракета учирганди. КХДР маълум қилишича, «Хвасон-8» деб номланган ушбу турдаги ракета синовлари муваффақиятли ўтган. Шунингдек, ўша куни Жанубий Корея штаб бошлиқлари қўмитаси КХДР Япон денгизи томон камида битта ракета учирганини маълум қилди. Kyodo манбаларига кўра, бу қисқа масофали баллистик ракета бўлган.
Ундан аввал КХДР 15 ва 13 сентябрь кунлари ракета учиргани ҳақида хабар берилган. Ўшанда Шимолий Корея ҳукумати ракеталар мамлакатнинг янгиланган мудофаа стратегияси доирасида синовдан ўтказилганини айтган.
Япония бош вазири Ёсихиде Суга КХДР фаолиятини ўз мамлакати ва бутун минтақа учун таҳдид деб атади. 26 сентябрь куни БМТ бош котиби Антонио Гутерриш инсоният ядро қуроллари сабабли йўқ бўлиб кетиш ёқасида турганини таъкидлади.
Шимолий Кореянинг БМТдаги вакили эса КХДР АҚШ ва Жанубий Корея хавфсизлигини ҳеч қачон бузмаслигини ваъда қилди.
Изоҳ (0)