Грузия собиқ президенти Михаил Саакашвили ўзининг Батумида экани ҳақидаги баёнотларига қарамай, мамлакатда эмас. Бу ҳақда ҳукмрон «Грузия орзуси» партияси раиси Ираклий Кобахидзега таяниб, «Интерфакс» хабар берди.

Фото: Getty Images

«Мен қатъий айтаман, Саакашвили Грузияда эмас. У фонида Батуми кўринган видео кадрларни монтаж қилган», — деди Кобахидзе журналистларга.

Унинг таъкидлашича, Саакашвили тарқатган видеотасвирлар, биринчи навбатда, «ўз партиясида етакчиликни қўлга киритишга» қаратилган. «Биламизки, ‘Ягона миллий ҳаракат’ партиясида ички қарама-қаршилик мавжуд, Саакашвили эса ўзини шу ерда қилиб кўрсатиш билан мухолифатнинг асосий етакчиси эканини исботлашга қарор қилган», — деди Кобахидзе.

Саакашвалининг Грузияда эканини мамлакат Ички ишлар вазирлиги ҳам рад этди. «Саакашвили давлат чегарасини кесиб ўтмаган», — дейилади ИИВ матбуот хизмати хабарида.

Грузияда қидирувда бўлган собиқ президент Михаил Саакашвили ижтимоий тармоқларда ватанига келгани ҳақида хабар қолдирганди. Кейинроқ 2 та видеомурожаат тарқатиб, унда Грузиянинг Батуми шаҳрида эканини айтган.

У ўз баёнотида мухолифатнинг барча тарафдорларини 2 октябрь куни бўлиб ўтадиган маҳаллий сайловлардан сўнг бутун Грузия ҳудудларидан пойтахт Тбилисигача юришга чақирган.

Аввалроқ собиқ президент ижтимоий тармоқларда Грузияга Киев-Тбилиси рейси билан 2 октябрь куни кечқурун, маҳаллий сайловларда овоз бериш тугагач етиб келиш ниятидалигини ёзган.

Саакашвили Грузияда ички қидирувга берилган ва бир нечта жиноий ишлар бўйича тергов қилинмоқда. Грузия расмий вакиллари Саакашвали чегарани кесиб ўтиши билан ҳибсга олинишини бир неча бор таъкидлаган.