Эрон ўзининг ядровий дастури бўйича Қўшма ҳаракатлар режасига қайтиш тўғрисида қарор қабул қилиши керак, аммо АҚШ уни узоқ кутмайди. Бу ҳақда АҚШ Давлат котиби Энтони Блинкен Питцбургда АҚШ ва Европа Иттифоқи томонидан тузилган Савдо ва технологиялар бўйича кенгаш йиғилишида қатнашган журналистларга айтиб ўтди.
«Улар (эронликлар) уч ойдан буён музокара ўтказмади. Уларда сайловлар бўлиб ўтди, янги ҳукумат тузилди, лекин улар музокараларни давом эттирмади. Демак, ҳалигача қарор қабул қилинмаган ва тўп улар томонда қолмоқда, лекин бу узоқ давом этмайди », — деди Блинкен.
Давлат котибининг тушунтиришича, агар Эрон ўз ядровий дастурини музокараларсиз давом эттирса, шундай лаҳза келадики, «ядровий битимга одатий йўл билан қайтиш маълум бир босқичда етарли бўлмай қолади».
Апрель ойидан буён Вена шаҳрида Эрон ва халқаро «бешлик» (Россия, Буюк Британия, Германия, Хитой ва Франция) ўртасида Эрон ядровий битимини асл шаклида тиклаш бўйича музокаралар олиб борилмоқда. Томонлар Американинг Ислом Республикасига қўйган санкцияларини бекор қилиш, ядровий соҳадаги мажбуриятларини бажариш, шунингдек, АҚШнинг битимга қайтишини муҳокама қилмоқда.
Шартномага аъзо давлатлар вакиллари, шунингдек, Эрон иштирокисиз Америка элчилари билан алоҳида маслаҳатлашувлар ўтказмоқда. Дастлаб, делегациялар ишни май ойининг охирида, кейин июнь ойининг бошида якунлашга умид билдирганди. 21 сентябрь куни Эрон Ташқи ишлар вазирлиги матбуот котиби Саид Хатибзоданинг айтишича, ядровий битимни тўлиқ қайта тиклаш бўйича музокаралар бир неча ҳафта ичида Венада қайта бошланади.
Изоҳ (0)