Саратон — исталган киши учун энг қўрқинчли ташхислардан бири. Онкологик касалликлар ўлим хавфи юқори бўлган касалликлар рўйхатида учинчи ўринни эгаллайди. Бироқ касаллик ўз вақтида аниқланиб, зарур муолажалар қилинганида саратонни ҳам енгиш мумкин. Саратон ташхиси оғир синов, бироқ ҳаётнинг якуни дегани эмас. Ўзбек шоу-бизнеси вакиллари орасида даво муолажалари туфайли саратон устидан ғалаба қозонганлар кам эмас.

«Тушкунликка тушиб қолиш керак эмас»

Фото: Собиржон Раҳимжонов архивидан

Томошабинлар актёр Собиржон Раҳимжоновни «Опа-сингиллар» сериалидаги меҳрибон қайнота роли орқали яхши танишади. 81 ёшни қаршилаган актёр ҳамон таклиф этилган ролларни рад этмайди ва дубляж жараёнларида ҳам иштирок этади. 11 йил аввал шифокорлар уни ҳаёти ниҳояланаётганидан огоҳлантирган эди. Аммо ундай бўлмади.

— 70 ёшни қаршилаб бирор марта касалликдан азият чеккан инсон эмасдим. Айни «Опа-сингиллар» сериалининг суратга олиш ишлари авжига чиққан пайтда қулоғим орқасида нўхатдек тугун пайдо бўлди. 7-сон шаҳар касалхонасига бориб кўрикдан ўтсам, шифокор битта укол билан тугун йўқолишини айтди. Афсуски, муолажадан сўнг кичик тугун катталашиб кетди. Шошилинч Республика онкология марказига юборишди.

Таҳлилларнинг бари саратон касаллигига чалинганимни кўрсатди. Аслида бу тугунни жарроҳлик йўли билан олиб ташламаса, аҳвол янада оғирлашиши мумкин экан. Шу боис, таҳлилларни швейсариялик мутахассисларга юборишди.

Бир ҳафтадан кейин: «Тугун асосий қон томирга жуда яқин, операция қилиш хавфли» деган жавоб хати келди. Шундан сўнг даволаш ишларини бошлашди. Ҳар ой бир ҳафта давомида касалхонада ётиб даволандим. Умумий ҳисобда 14 та кимётерапия ва 18 маротаба нур амалиётларини олдим. Қаттиқ тушкунликка тушиб қолгандим, аммо касалхонадаги беморларнинг аҳволини кўриб, Яратганга шукр айтдим. У ерда ҳали ёшига тўлмаган гўдаклар, чимилдиқ кўрмаган йигитлар, эмизикли оналар ҳам бор эди.

«Опа-сингиллар» сериалининг суратга олиш майдончасига келиб кайфиятим кўтариларди. Актёрлар жамоаси кўнглимга қараб, юпатишга уринишарди. «Дода ўлиб қолмасинлар, сериални тугатиб олайлик», деган гаплар ҳам қулоғимга чалинди. Аммо ранжиганим йўқ. Ҳақиқатан аҳволим ҳавас қилгудек эмасди. Шукрки, умрим узоқ экан, даволанишлар самара бериб дарддан халос бўлдим. Инсон тушкунликка тушиб қолиши керак эмас. Руҳият бутун танани бошқаради, «Мен ўламан» деган фикр мияга ўрнашиб қолса, муолажалар самара бермайди.

«Ҳаётнинг баҳоси қиммат экан»

Фото: Instagram / @akisha_Parast

Алие Параст — асли профессионал раққоса, аммо уни кўпчилик «Мени асра» сериалидаги Рухшона образи орқали танишади. У ҳам оғир хасталикка чалиниб, ҳаёт нархи ниҳоятда қиммат эканини англаб етган.

— Саратон – жуда қўрқинчли сўз, очиғи у ҳақида ўйлашни ҳам истамайман. Менга 3-босқич Нехожкина лимфома ташхиси қўйилган. Касаллик кун сайин ривожланиб борган. Жуда кўп терлардим, чап қўлимни қимирлатишга ҳам кучим етмасди. Кўкрагим ва қўлим туташган нуқтада кучли оғриқни ҳис қилардим. Ҳар куни қаттиқ нафас қисиши, заифлик, кучли йўтал, бўйин ва юз шишиш ҳолатлари кузатиларди. Оғриқлар сабаб туни билан кўзимга уйқу келмасди.

Ўзим яшайдиган Фарғонадаги энг малакали шифокорларнинг барига мурожаат қилдим. Аммо улардан самара бўлмагач, оғир аҳволда Тошкентга келдим. Текширувлар натижасида 21 сантиметр ўсимта ва ўпкамда 1 литр сув борлиги аниқланди. Республика онкологияси шифокори Сергей Викторович Камишов таҳлил натижаларини кўриб, менга умид берди. Уч йиллик даволанишлар ўз самарасини бериб дарддан бутунлай қутулдим.

Саратон билан курашган уч йиллик умримни сўз билан ифодалаб беришим қийин. Ҳаётнинг баҳоси нақадар қиммат эканини ана ўшанда ҳис қилганман. Бу хасталик билан курашаётган инсонларга маслаҳатим — ҳар кимнинг ҳам гапига қулоқ солманг, табибга-ку мурожаат қилмаганингиз маъқул. Сабаби буларнинг бари вақтни бесамар ўтказишга сабаб бўлади. Саратон — ҳаммаси тугади, дегани эмас. Унинг ҳам давоси борлигини унутмаслик ва муолажаларни кечиктирмай бошлаш керак.

«Мен касалман, деманг»

Баҳром Матчонов – ўзбек томошабинларига «Кичкина табиб», «Ойижон», «Шайтанат» ва «Илҳақ» фильмидаги роллари билан яхши таниш. 19 йилдан буён АҚШда истиқомат қилаётган актёрни ҳаёт кўп бор синаган. 2006 йилда унда лимфомия хасталиги аниқланган.

— АҚШга келганимда деярли инглиз тилини билмасдим. Хорижда яшаш, одамларига мослашишнинг ўзига яраша қийинчиликлари бор. Орадан тўрт йил ўтиб, менда лимфомия хасталиги аниқланди. Жуда тез вазн йўқотдим. Чарчоқ, ҳолсизлик, кўп терлаш, оғриқлар...

Дард қанчалик оғир бўлмасин одам ўзини қўлга олиши, руҳан синмаслиги керак. Бу хасталик билан бир-иккита танишим ҳам даволанган. Шу боис, руҳиятимни чўктирмадим. Америкалик шифокорларга минг раҳмат, гарчи ҳужжатларим бўлмаса-да, ижтимоий ҳимоя ходимларининг ёрдами сабаб, бепул даволандим. «Мен касалман!» деган фикр мияга ўрнашиб қолса, танадаги оғриқлар янада зўраяди. Шу боис, касаллик аниқланган тақдирда ҳам «Мен соғломман, касаллик мени енголмайди», деб ўз-ўзини ишонтириш соғайишнинг энг мукаммал давоси ҳисобланади.

«Қизим туғилгач, дарддан қутулдим!»

Фото: Instagram / @muqaddas_sadullaeva

Гулчеҳра Саъдуллаева – Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист, ўзбек томошабинлари қалбига Зайнаб роли орқали муҳрланган ижодкор. Унга 31 йил аввал шифокорлар танасида оғир хасталик куртак очаётганини айтишган. Ўшанда актриса 39 ёшда эди.

— Касалликнинг келиши осон, кетиши қийин. Тан олиш керак, ўзбек аёллари соғлиғига ниҳоятда эътиборсиз бўлади. Менда ҳам толиқиш, кучли чарчоқ, асаббузарлик ва кўкрак қисмида санчиқлар бўлиб турган. Шифокорлар менда «киста» борлиги аниқлади. Улардан бири хасталикдан қутилишнинг энг осон йўли фарзандли бўлиш эканини айтди. Шу ёшда фарзанд кўришга бироз иккиландим, аммо Аллоҳнинг қудрати билан қиз фарзандлик бўлдим. Кенжатойим Муқаддас туғилгач, танамдан дард ҳам ариди. Фарзанд нафақат оилани қувончга тўлдиради, она танасини ҳам яшартиради.

«Аҳволим анча яхшиланди»

Фото: «Дарё»

Саида Раметова – Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист, 37 йилдан буён санъат қозонида қайнаётган ижодкор. 2020 йил у учун ҳам қувонарли ва синовли йил бўлди. Боиси, Туркиядаги гастрол сафари чоғида унда 2-даражали кўкрак саратони хасталиги аниқланди.

— 2020 йил бутун дунё учун синовли йил бўлди. Айни пандемия авжига чиққан пайтда бир гуруҳ ижодкорлар билан Туркияда «Жалолиддин Мангуберди» сериалида суратга тушаётгандик. Уйдагилар қўнғироқ қилиб кетма-кет қайнсинглим ва туғишган опамдан айрилганимни айтишди. Яқинларимни сўнгги манзилга кузатолмадим, деб роса йиғладим. Орадан ҳеч қанча вақт ўтмай чап кўкрагимда оғриқ пайдо бўлди, шамол тегди, деб тахмин қилдим. Аммо оғриқ зўрайиб бораверди. Тоҳир Саидов шифокорга кетаётган экан, мен ҳам кўрикдан ўтаман, деб унга эргашдим. Тоҳирни беш дақиқада кўрикдан ўтказишди, мени эса анча вақт текширишди. Кейин профессор менда 2-даражали кўкрак саратони хасталиги аниқланганини маълум қилди. Касаллик ҳақида ўйлаганим йўқ, фақат бегона юртда қолиб кетмасликни, тезроқ оилам бағрига қайтишни истадим. Хайриятки, бир неча кундан кейин Тошкентга чартер рейс билан самолёт учадиган бўлди. Ўзбекистонга қайтиб муолажаларни олдим. Шу кунгача бир неча марта кимётерапия, ундан кейин нур олдим. Аҳволим анча яхшиланди.

П.С.: Дунёда давосиз дарднинг ўзи йўқ. Ишонч, сабр ва ҳаракат ҳар қандай дардни енгади. «Мен соғломман» деб ҳаётга кулиб боқинг. Зеро, бу хасталикка чалинган ягона инсон сиз эмассиз. Минглаб инсонлар даво топган хасталикни сиз ҳам енголасиз.

Муаллиф:Наргизахон Муродова