Суперелим ўз номига монанд – у деярли ҳар қандай сиртни тез ва маҳкам ёпиштиради. Агар эҳтиётсизлик натижасида қўл терисига теккудек бўлса, ваҳима қилишнинг кераги йўқ. Аксинча қуйидаги маслаҳатлардан фойдаланиб, ушбу ноқулайликни бартараф этиш мумкин. Тўрт усул, албатта, ёрдам беради.

Фото: Live Journal

Ацетон

Аксарият ёпиштирувчи моддалар сингари суперелим ҳам эритувчиларга сезгир. Хусусан, бунда биринчи навбатда ацетон – лак тозалаш воситасидан фойдаланиш мумкин. Фақат уни иложи борича елим ёпиштириб қўйгунча, тезроқ терига қўллаш керак. Бармоқлардаги қаттиқ елим қолдиғи учун уларни чуқур эритгичли идишга 5-7 дақиқа ботириб олинади. Намлангандан кейин елим теридан осонгина кетиши керак.

Жараёндан сўнг қўллар илиқ сув ва совун билан яхшилаб ювилади, уларга намлантирувчи крем суртилади. Чунки ацетон терини жуда қуритиб юборади ва тирнаш хусусиятини келтириб чиқариши мумкин.

Тузли сув

Агар олдингизда ацетон бўлмаса, оддий тузни скраб сифатида ишлатиб, суперелимни кетказиш мумкин.

Жараён олдидан елимни илиқ сувда намлаш мақсадга мувофиқдир. Бармоқларни суюқликка 10 дақиқага ботириб, кейин қолган елимни туз билан ишқалаш лозим. Ушбу процедурани бир неча марта такрорлашга тўғри келиши мумкин, айниқса, елим яхши қуриган бўлса.

Жараённи тезлаштириш учун эса сувга битта лимон шарбати қўшилади. Агар тананинг сувга етмайдиган қисмларига елим ёпишган бўлса, иссиқ сувда намланган сочиққа ўраб олинади.

Идиш ювиш воситаси

Агар уйда туз бўлмаса, идишларни ювиш учун мўлжалланган оддий суюқлик ёрдамга келади. Шунингдек, кимёвий моддаларга тоқат қилолмайдиган нозик тери эгалари учун бу маҳсулот асқатади. Идиш ювиш суюқлиги ҳам ёпиштирувчи моддалардаги молекулаларнинг боғланишини яхши бузади.

Бунинг учун чуқур идишга бир стакан илиқ сув қуйилади ва унга 5-6 томчи тозаловчи восита қўшилади. 5-7 дақиқа давомида елим ёпишган жойлар суюқликка ботирилади. Кейин бармоқлар билан суперелим қатлами тозаланади. Агар бу иш бермаса, қўллар яна сувга солинади. Елим теридан эркин чиқа бошлагунча жараён давом эттирилади. Маҳсулотнинг барча зарралари олиб ташланганидан сўнг, қўлларга ёғли крем суртилади.

Тиббиёт спирти

Барчанинг уйида бўлувчи тиббиёт спирти доғларни, шу жумладан, суперелим изларини олиб ташлаш учун ишлатилади. Спиртнинг эритувчи таъсири мавжуд, лекин елим тўлиқ йўқ бўлиши учун кўп вақт керак бўлади.

Биринчидан, елимни илиқ сувда юмшатиб, оддий ёки кир совун суртиш керак. Шундан сўнг елим бор жойларни спиртга намланган пахта билан артилади. Керак бўлса, пахта елим изларига 1-2 дақиқа босиб турилади. Елим тўлиқ йўқолгунча терига суртишни давом эттириш лозим, сўнг қўлларни тоза сув билан ювиш ва зарарланган жойларга крем суртиш тавсия этилади.