Сурхондарё вилояти прокуратураси ижтимоий тармоқларда тарқалган Узун туманида бир гуруҳ шахслар ўртасида содир бўлган муштлашув видеоси бўйича расмий маълумот берди.
Ижтимоий тармоқларда Узун туманида бир гуруҳ шахслар ўзаро гуруҳбозлик қилиб, ичимлик дўконининг олдида катта жанжал уюштиришгани тасвирланган видео тарқалди.
Маълум қилинишича, кадрлардаги ҳолат 31 июль куни содир бўлган ва 1 август куни туман ИИБ ҳузуридаги Тергов гуруҳи томонидан Жиноят кодексининг 277-моддаси (безорилик) 3-қисми «г» банди билан жиноят иши қўзғатилиб, вилоят прокуратураси томонидан тергов ҳаракатлари олиб борилган.
Тергов давомида ҳодиса иштирокчиларининг шахси аниқланиб, терговга жалб қилинган. Жиноят иши доирасида жами 20 нафар шахс айблов эълон қилиниб, шулардан 17 нафарига «қамоққа олиш тарзида»ги, 3 нафарига гаров эҳтиёт чоралари қўлланилган.
«Жиноят иши бўйича тергов ҳаракатлари тамомланиб, 20 нафар шахсга нисбатан бўлган жиноят иши айблов хулосаси билан 11 сентябрь куни мазмунан кўриб чиқишлик учун жиноят ишлари бўйича Сурхондарё вилояти судига юборилган», — дейилади хабарда.
Шунингдек, жиноят ишининг 2 нафар айбланувчиларга нисбатан бўлган қисми алоҳида иш юритувга ажратилиб, вилоят ИИБ томонидан тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Аввалроқ Тошкентда мактаб ўқувчилари ўртасида оммавий муштлашув содир бўлгани ҳақидаги хабарга изоҳ берилгани, Чилонзордаги кафеда жанжал кўтариб, ички ишлар ходимига қўл кўтарган шахслар ҳибсга олингани, Нукусда бўлиб ўтган фестивалдан сўнг жанжал содир бўлгани тўғрисида хабар берилганди.
Изоҳ (0)