Тошкент вилояти Оҳангарон туманида томорқасини наша плантациясига айлантирган 38 ёшли Б.Ж. ушланди. Бу ҳақда ИИВ Тергов департаменти хабар берди.

Фото: ИИВ Тергов департаменти

Вилоят ИИББ ходимлари томонидан «Қорадори-2021» тезкор тадбирини ўтказиш давомида Янгибозор кўчасида яшовчи ушбу фуқаронинг хонадони холислар иштирокида текширилганда, томорқанинг 200 метр квадрат майдонида яшил рангли, ўткир ҳидли гиёҳванд ўтга ўхшаш ўсимликлар зич ҳолатда экилгани аниқланган.

Шунингдек, томорқада жойлашган маккажўхори экинлари орасида эса 59 туп, елим идишда 8 туп, ҳовлида ҳам 1 туп қуруқ ҳолдаги шунга ўхшаш ўсимлик сақланаётгани аниқланган.

Суд-кимёвий экспертизасининг хулосасига кўра, тадбир давомида Б.Ж.нинг хонадонидан олинган жами 803 туп ва 171 грамм миқдордаги ҳўл ҳолдаги ўсимлик туплари таркибида фаол гиёҳванд модда тетрагидроканнабинол мавжуд бўлиб, бу ўсимлик моддалари каннабис гиёҳвандлик воситаси турига кириши кўрсатилган.

Фото: ИИВ Тергов департаменти

Фото: ИИВ Тергов департаменти

Мазкур ҳолат юзасидан Оҳангарон тумани ИИБ ҳузуридаги Тергов бўлинмаси томонидан Б.Ж.га нисбатан Жиноят кодексининг 25, 273-моддаси 5-қисми (гиёҳвандлик воситаларини ўтказиш мақсадини кўзлаб қонунга хилоф равишда тайёрлаш, олиш, сақлаш ва бошқа ҳаракатлар қилиш, шунингдек, уларни қонунга хилоф равишда ўтказишга суиқасд) билан жиноят иши қўзғатилган.

Ҳозирда тергов ҳаракатлари давом этмоқда.