АҚШ ҳеч қачон Россия ёки Хитой билан урушга йўл қўймаслиги керак, чунки унинг оқибатлари бутун дунё учун ҳалокатли бўлади. Бу ҳақда АҚШ Қуролли кучлари штаб бошлиқлари қўмитаси раиси ўринбосари генерал Жон Хайтен Вашингтондаги Брукингс институти томонидан ташкил этилган видеоконференцияда айтиб ўтди.
«Буюк давлатларга келсак, бизнинг мақсадимиз ҳеч қачон Хитой билан, Россия билан уруш қилмаслик бўлиши лозим, чунки ўша кун сайёрамиз учун, мамлакатларимиз учун даҳшатли кун бўлади. У дунёни вайрон қилади», — деди Хайтен.
Генералга кўра, Россия ва Хитой билан стратегик музокараларни давом эттириш зарур. «Ўртамизда қанчалик фарқ бўлмасин, бизнинг умумий мақсадимиз бор — бу ҳеч қачон бир-биримиз билан жанг қилмасликдир, чунки ядро давлати билан уруш даҳшатли», — деди у.
Хайтеннинг қайд этишича, АҚШ Россиянинг модернизация қилинган ядро қуроли билан уруш бошламоқчи эмас.
«Ҳозир Россиянинг ядровий кучлари тўлиқ модернизация қилинган, бизники эса йўқ», — деди генерал. Шу муносабат билан Хайтен Америка ядровий қуролларини модернизация қилишни тезлаштиришга чақирди.
Август ойи охирида АҚШ Ҳарбий ҳаво кучлари генерал-лейтенанти, Стратегик кучлар қўмондони ўринбосари Томас Бюссьер Хитой яқин келажакда АҚШ учун «ядровий таҳдид» даражаси бўйича Россиядан ўзиб кетишини тахмин қилганди.
«Шундай лаҳза яқин, ўтиш лаҳзаси, унда Хитойдан келадиган таҳдид даражаси ҳозирда Россия кўрсатаётган таҳдид даражасидан ошиб кетади», — деди Бюссьер.
АҚШ ҳукумати бир неча бор Россияни АҚШ учун асосий таҳдид деб атаган. Январь ойида, Пентагон раҳбари этиб тайинланишидан сал олдин, Ллойд Остин Россия ва Хитой АҚШ учун асосий муаммо эканини айтганди ва иккаласи ҳам глобал хавфсизлик муҳитини бузади, деб таъкидлаган.
Ўз навбатида, Москва Вашингтон билан конструктив мулоқотга тайёрлигини даъво қилган.
Изоҳ (0)