Коронавирус пандемияси йўллардаги вазиятнинг кескин ўзгаришига олиб келди — чекловлар ва масофадан туриб ишлаш режими сабаб одамлар машинада камроқ ҳаракатлана бошлади. Бироқ АҚШ Йўл ҳаракати хавфсизлиги бўйича миллий бошқармаси (NHTSA) ҳисоботида таъкидланишича, 2021 йилнинг биринчи чорагида ЙТҲ оқибатида юзага келган ўлим ҳолатлари ортган. Ҳатто сўнгги 12 йил ичидаги рекордни янгилаган, деб хабар беради Motor.
2021 йилнинг дастлабки уч ойи давомида АҚШда содир бўлган ЙТҲлар оқибатида 8730 киши ҳалок бўлган (2020 йилнинг биринчи чорагида 7900 нафар эди). Шундай қилиб, ўлим ҳолати 10,5 фоизга ортган бўлиб, бу сўнгги 12 йил ичидаги энг юқори кўрсаткич ҳисобланади. Шу билан бирга, босиб ўтилган масофа 2,1 фоизга камайган — тахминан 24 миллиард километр. Солиштирма ўлим коэффициенти босиб ўтилган 100 миллион милга 1,26 ни ташкил этади — 2020 йилнинг биринчи чорагида 1,12, 2019 йилда эса 1,05 ни ташкил этган.
2021 йилнинг биринчи чорагида вафот этганларнинг умумий сони бундан олдинги 12 йилнинг исталган чорагидаги ўлим коэффициентидан юқори. Қайд этилишича, йўлларда ўлим ҳолатининг бу қадар ортишига ҳайдовчиларнинг хатти-ҳаракати сабаб бўлмоқда.
NHTSA’дагиларнинг таъкидлашича, ҳайдовчилар рул бошқарувида ўзини анча хатарли тута бошлаган. Ўлим билан якунланган йўл-транспорт ҳодисаларининг содир бўлишига, асосан, тезликни меъёридан ошириш, алкоголь ёки гиёҳвандлик воситалари таъсирида бўлиш, хавфсизлик камарларини тақмаслик ва хавфли бошқариш сабаб бўлган. «Йўлларда инсонларнинг фожиавий ўлимига боғлиқ муаммони биргаликда ёндашиш орқали ечишимиз керак. Барча, жумладан, лойиҳачи, фойдаланишга топширадиган, қурувчи ва йўл тизимидан фойдаланадиганлар хавфсизликка жавобгардир», — дейди NHTSA раҳбари вазифасини бажарувчи Стивен Клифф.
Изоҳ (0)