Президентнинг 28 августдаги қарори билан Тошкентда С.А.Герасимов номидаги Бутунроссия давлат кинематография институти федерал давлат бюджети олий таълим муассасаси филиали ташкил этилди, деб хабар бермоқда Адлия вазирлиги матбуот хизмати.
Хабарга кўра, филиалда таълим фаолияти 2021/2022-ўқув йилидан бошланади. Таълим жараёни Кинематография агентлиги билан келишган ҳолда БДКИ томонидан тасдиқланадиган ўқув режа ва дастурлар асосида рус тилида олиб борилади, шу билан бирга унда ўзбек тили ва Ўзбекистон тарихи ўқитилади.
Драматургия ва продюсерлик (турлари бўйича) филиалнинг асосий таълим йўналишлари ва мутахассисликлари ҳисобланади. Таълим кундузги, сиртқи шаклда ҳамда масофавий тарзда йўлга қўйилади.
Битирувчиларга Ўзбекистонда олий маълумот сифатида тан олинадиган Россия давлат намунасидаги БДКИ дипломи берилади. Филиалда давлат гранти асосида таълим олган битирувчилар 5 йилдан кам бўлмаган муддатга мажбурий ишлаб бериш шарти билан кинокомпаниялар, телерадиокомпаниялар ёки кино ва телевидение соҳасидаги ташкилотларга тақсимланади.
Бутунроссия давлат кинематография институтининг Тошкент филиалини очиш масаласи 2018 йилдаёқ кўзда тутилганди. Ўзбекистон Президентининг «Миллий киноиндустрияни ривожлантириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарорида ушбу институт филиали 2020/2021-ўқув йилидан очилиши белгиланганди.
Маълумот учун, мазкур олий таълим муассасаси кинематографчиларни етиштириб берувчи дунёдаги нуфузли таълим даргоҳларидан бири бўлиб, ўзбек киноси арбобларининг кўпчилиги айнан мана шу муассасада билим олган.
Изоҳ (0)