«Толибон» ҳаракати Афғонистонда ҳокимият тепасига келгач, мамлакатнинг гиёҳванд моддалари етиштиришни тўхтатиши ҳақида ваъда берди. «Энди гиёҳванд моддалар ишлаб чиқарилмайди ва контрабанда йўли билан бошқа давлатларга олиб ўтилмайди. Афғонистон афюн етиштирадиган мамлакат бўлмайди», — деган ҳаракат вакили Забиҳулла Мужоҳид. У шундай сиёсат олиб бориш учун «Толибон»га хориж давлатларининг кўмаги зарурлигини ҳам таъкидлаган. Meduza «Толибон»нинг Афғонистонда гиёҳванд моддалар етиштирилишига қарши туриши жуда қийин бўлишини таҳлил қилган.
Толибларнинг мазкур ваъдаси ҳақиқатга тўғри келиши ёки аксинча эканлиги ҳозирча номаълум, сабаби кўп йиллар давомида ҳаракатнинг асосий даромад манбаи гиёҳванд моддалар бўлиб келган. Аммо охирги йилларда толиблар ўз иқтисодиётини қайта ташкил қилишга уринди ва маблағларнинг асосий қисми бошқа манбалардан олина бошланди.
«Толибон» 2000 йилда гиёҳванд моддаларни расман тақиқлаган. Бу ҳаракатнинг Афғонистондаги бошқарув режими тугашига туртки берган бўлиши мумкин.Героин савдоси қарийб йигирма йил давомида «Толибон» учун асосий маблағлар манбаи бўлган, дейилади 2020 йил май ойида эълон қилинган БМТ Хавфсизлик кенгашининг ҳисоботида. Толиблар наркотик ишлаб чиқаришдан 2000 йилларда Афғонистондаги биринчи ҳукумати вақтида узоқлашишга уринган: 2000 йилда халқаро ҳамжамият «Толибон» тузган давлатни тан олиши учун улар афюн ва кўкнори етиштиришни тақиқлаб, кўкнори етиштириладиган далаларни йўқ қилган.
Оқибатда героин ишлаб чиқариш рекорд даражада пасайиб кетган, бироқ орадан ҳеч қанча фурсат ўтмай, АҚШ қўшини Афғонистонга кириб келиб, уруш бошлангач, толиблар бошқарувни йўқотганидан кейин яна ўз ҳолига қайтганди. Кейинчалик экспертлар толиблар томонидан кўкнор етиштиришнинг тақиқланиши ҳаракат ҳукуматининг тезда қулаганига сабаблардан бири эканини қайд этган, яъни маҳаллий фермерлар толибларни ортиқ қўллаб-қувватламай қўйган. Якунда мамлакатда кўкнор етиштиришга қайтилди ва ҳатто «Толибон» вакиллари ҳам АҚШга қарши курашда ўз-ўзини молиялаштириш учун афюн бизнесига қайтди. Шунингдек, тақиқнинг вақтинчалик бўлгани, толиблар героин нархининг минимумгача тушишига йўл қўймаслик мақсадида шундай қилгани, чунки мамлакатда кўкнор ҳосили одатдагидан анча кўп бўлганлиги ҳақида маълумотлар пайдо бўлди.
АҚШ мамлакатга ҳарбийларини киритганидан кейин Афғонистонда гиёҳванд моддалар савдосига қарши курашга 9 миллиард доллардан маблағ ажратилганига қарамай, афюн етиштириладиган кўкнор майдонлари катталашди (нафақат толиблар ҳукмронлик қиладиган ҳудудлар, балки расмий ҳукумат ерларида ҳам кўкнор етиштириларди).
Афғонистонда охирги тўрт йилликнинг уч йилида рекорд даражадаги ҳосил олинган, ҳатто 2020 йил коронавирус пандемияси шароитида кўкнор плантациялари 37 фоизга кўпайган. БМТ экспертларининг тахминига кўра, «Толибон» ўзига тегишли ерларда кўкнор етиштириб, лабораторияларида афюн олади ва тайёр «маҳсулот»нинг мустақил савдогарлар орқали бутун ҳудуд бўйлаб етказиб берилишини таъминлайди.
Героиндан ташқари толиблар метамфетамин етиштиришдан ҳам даромад кўради. Ушбу модда аввал Афғонистонда кенг тарқалмаган эди, бироқ охирги беш йил ичида афғонлар уни ишлаб чиқариш учун эфедра ўсимлигидан хом ашё ажратиб олишни ўргангач, метамфетамин ишлаб чиқариш ҳажми кескин ошиб кетди. 2014 йилда бутун дунёда атиги 10 килограмм метамфетамин олинган бўлса, 2019 йилнинг биринчи ярмида ушбу кўрсаткич 650 килограммга етди. БМТ ахборотларига кўра, 2020 йилда толиблар бошқарувидаги Афғонистон ерларида метамфетамин лабораторияларининг 60 фоизи жойлашгани аниқланган.
Охирги йилларда гиёҳванд моддалар ташкилотнинг асосий даромад манбаи бўлмай қолди. Гуруҳ энди фойдали қазилмаларни сотиш билан шуғулланмоқда.БМТ Хавфсизлик кенгаши ҳисоботига кўра, ҳаракатнинг 2020 йилдаги йиллик даромади 300 миллиондан 1,5 миллиардгача деб баҳоланган. Таққослаш учун, 2019 йилда Афғонистоннинг умумий ялпи ички маҳсулоти ҳажми 18,9 миллиард долларни, бюджет даромадлари эса 5,5 миллиард долларни ташкил қилган.
НАТО ҳам 2020 йил сентябрь ойида шунга ўхшаш баҳолашни амалга оширган, «Озод Европа радиоси» ташкилотнинг ёпиқ ҳисоботига таяниб, ортда қолган молиявий йилда толибларнинг 1,6 миллиард доллар ишлаб топганини хабар қилган. Шундан 416 миллиони гиёҳванд моддалар савдосидан, яна 450 миллиони фойдали қазилмалардан, 160 миллиони ташкилотга тегишли ҳудудларда савдо қилувчи тадбиркорлардан олинган божлардан олинган даромад. Қолган 240 миллион эса «Толибон»га ўзининг асосан Покистон ва Форс Кўрфазидаги давлатларда яшовчи ҳомийларидан келиб тушган.
Ҳисоботда айтилишича «Толибон» даромадларининг ошгани учун, аввало, мулла Муҳаммад Ёқубдан миннатдор бўлиши лозим. У 2013 йилда ўлдирилган Мулла Умарнинг ўғли. «Толибон» ҳарбий комиссияси раҳбари бўлган Ёқубнинг бошқаруви остида толиблар темир рудаси, мис, олтин, рух ва бошқа камёб қазилма бойликларига, минерал ресурсларга эга Афғонистон маъмурий ҳудудларини аста-секин эгаллаб олишни бошлаган.
Толиблар ўзлари эгаллаган ҳудудларда фойдали қазилмалар олиш сирларини ўзлаштиришди, аҳолидан солиқлар олишни бошлашди ва бир вақтнинг ўзида ўзлари эгалик қиладиган ҳудудларда яширин каналлар яратиш орқали, асосан, Хитой ҳамда БААдаги катта улгуржи харидорларга маҳсулот етказишни бошлади. Оқибатда 2015 йилдан 2020 йилгача гуруҳнинг фойдали қазилмалардан олган даромади ҳажми 35 миллиондан 464 миллионга кўтарилди.
Даромаднинг бошқа муҳим манбаси — «Толибон» ҳудуди орқали ўтадиган транзит моллар учун олинадиган ўлпон. Одатда ҳайдовчилардан улар ўтадиган блогпостларда ҳақ олинади. Шунингдек, толибларнинг ҳудудида қонуний бизнес олиб бораётган ҳамма, ҳатто узоқ ҳудудларда мобил алоқа таянч станциясини ўрнатган алоқа оператори ҳам ўз даромадидан улушни ташкилотга тўлаши шарт.
Экспертлар толиблар кўкнор етиштиришга қарши кураш олиб бормайди, деб ҳисобламоқда. Сабаби улар кўкнор ҳосилидан даромад қилувчи фермерлар билан уришмоқчи эмас.Таҳлилчилар «Толибон» ўз ваъдасида туриб, Афғонистонни гиёҳванд моддалардан ҳоли мамлакатга айлантиришининг эҳтимоли кам деб ҳисобламоқда. Лондон университетининг Шарқ ва Африка тадқиқотлари мактаби эксперти Жонатан Гудхенд Agence France-Presse’га берган изоҳида гиёҳванд моддалар бизнесини ҳақиқатан рад этиш «Толибон»нинг тарқалиб кетишига сабаб бўлиши мумкинлигини билдирди.
«Толиблар бир томондан Ғарб билан мулоқотга тайёрлигини кўрсатиб, гиёҳванд моддалардан ҳоли бўлмоқчи — бу Европага яқинлашишнинг яхши йўли. Бошқа томондан бу Ғилмон ва Қандаҳор вилоятларидаги фермерларга жиддий зарба бериши мумкин», – дея таъкидлаган эксперт.
Брукинг институтининг эксперти Ванда Фелбаб-Браун эса Reuters агентлиги билан суҳбатда толибларнинг аввалги ҳукумати даврида гиёҳванд моддалар етиштиришни тақиқлаш ҳақидаги қарор ушбу соҳадаги афғонистонликлар норозилигига ва АҚШ ҳарбийлари мамлакатга кириб келганидан кейин «Толибон»нинг тезда таслим қилиниши сабабларидан бири бўлганини эслатган. Экспертнинг фикрича, энди яна ҳокимият тепасига қайтган толиблар ўз бошқарувига нисбатан норозилик кайфиятининг ошиб кетмаслигини таъминлаш учун қишлоқлардаги аҳоли билан ҳисоблашишга мажбур.
Мавзуга доир:
- Гуантанамо қамоқхонасининг собиқ маҳбуси, мулла Умарнинг болаликдаги дўсти ва бошқалар. «Толибон» ўзининг юқори мартабали фахрийларини асосий вазир лавозимларига тайинлади
- «Толибон» афғон аёлларини уйдан чиқмасликка чақирди. Чунки жангариларга ҳали «аёллар билан қандай мулоқот қилиш ўргатилмаган»
- Панжшерда ҳаммаси энди бошланяпти, Эмомали Раҳмон тожиклар иштирокида ҳукумат тузишни таклиф қилди. Афғонистон янгиликлари
Изоҳ (0)