Россия Соғлиқни сақлаш вазирлиги коронавирусга қарши «ЭпиВакКорона-Н» вакцинасини рўйхатдан ўтказди. Бу ҳақда Meduza хабар берди.
Янги вакцина Россия Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва инсон фаровонлигини назорат қилиш федерал хизмати («Роспотребнадзор»)нинг «Вектор» маркази томонидан ишлаб чиқилган. Ушбу препарат «ЭпиВакКорона» вакцинасининг янгиланган версиясидир.
Ишлаб чиқувчиларнинг маълум қилишича, янги вакцинада синтез қулайлиги учун иккита пептид бирлаштирилган — бу ишлаб чиқаришни енгиллаштириш ва кенгайтириш имконини беради, ушбу икки вакцина ўртасида туб фарқ йўқ.
Вакцина икки марта юборилади, уларнинг орасидаги муддат камида 14 кун бўлиши керак. «ЭпиВакКорона-Н» нинг савдодаги номи AURORA-CoV бўлади.
«ЭпиВакКорона» — Россияда коронавирусга қарши иккинчи бўлиб рўйхатга олинган вакцина. Препарат ёрдамида 2021 йилнинг баҳорида аҳолини оммавий эмлаш бошланган.
«ЭпиВакКорона» клиник синовида иштирок этганлар баҳорда Соғлиқни сақлаш вазирлигига очиқ хат юборган. Хатда вазирликдан «Роспотребнадзор»дан мустақил равишда вакцина самарадорлигини ўрганиш сўралган. Бундай сўровга ушбу вакцина билан эмланганларда зарарсизлантирувчи антитаналар ишлаб чиқилмагани сабаб бўлган.
«ЭпиВакКорона» ва «ЭпиВакКорона –Н»дан ташқари Россияда яна учта вакцина — «Спутник V», «Спутник Лайт» ва «КовиВак» рўйхатдан ўтган.
Изоҳ (0)