«Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги қонун Президент томонидан имзоланди. Бу ҳақда Telegram’даги «Ҳуқуқий ахборот» канали хабар берди.
Қонун билан Жиноят кодексида бир нечта янги жиноий жавобгарлик турлари белгиланган.
Жумладан, ҳайвонларга нисбатан шафқатсиз муносабатда бўлиш, яъни ғаразли ёки бошқа паст ниятларда уларни қийноққа солиш ёхуд уларга азоб бериш уларнинг ўлимига ёки майиб бўлишига олиб келса, шундай ҳаракатлар учун маъмурий жазо қўлланилганидан кейин содир этилган бўлса – 12 миллион 250 минг сўм жаримадан 6 ойгача озодликдан маҳрум қилишгача жазо чоралари қўлланилиши белгиланди.
Шунингдек, гиёҳвандлик воситалари, уларнинг аналоглари ёки психотроп моддалар ҳисобланмайдиган кучли таъсир қилувчи ёхуд заҳарли моддаларни ўтказиш мақсадида тайёрлаш ёхуд қайта ишлаш учун асбоб-ускуналарни тайёрлаш, олиш, сақлаш, ташиш, жўнатиш ёки ўтказиш 5 йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланиши мумкин.
Бундан аввал Тошкент вилоятида итлар сўйиб сотилаётгани тўғрисидаги хабар ўз тасдиғини топмагани, Наманганда итни дарахтга осган болаларнинг ота-оналари ва уни видеога олиб тарқатган болалар жаримага тортилгани ҳамда Олмалиқда итни майиб қилган уйсиз ҳайвонларни ушлаш хизмати ходимига 122 минг сўм жарима солингани ҳақида хабар берилганди.
Изоҳ (0)