Владимир Зеленский Украина президентлигига сайланганидан буён унинг Киев мэри Виталий Кличко билан муносабатлари кескин эди. Зиддият бироз вақтга босилганди, аммо энди яна кучайиб кетди. Зеленский Киев ҳукуматини коррупцияда айбламоқда ва Кличкони шаҳар ҳукумати раҳбари лавозимидан олиб ташламоқчи, Кличко эса бу режаларни Виктор Янукович услубидаги конституцияга зид ниятлар деб ҳисоблайди. Экспертлар фикрича, зиддият ортида Зеленский жамоасининг 2024 йилги сайловларда президент рақиблари айнан Кличко атрофида тўпланиши мумкинлиги ҳақидаги хавотирлари турибди. Аммо Киев мэрининг ғолиб бўлиш эҳтимоли ҳозирча жуда паст, деб ёзади Meduza.
Ўтган бир ҳафта ичида Киев мэри Виталий Кличко икки марта Украина ОАВлари диққат марказига тушди. 20 август куни у Миллий хавфсизлик ва мудофаа кенгаши мажлисига келишдан бош тортди, чунки хизмат сафари билан Киевдан чиқиб кетган эди, таклифнома эса унга йиғилиш бошланишидан икки соат олдин юборилган. Президент идорасида Кличконинг хатти-ҳаракатлари саботаж (ишдан бўйин товлаш) деб баҳоланди, унинг кутилмаган сафарини «пиар-топшириқ» деб аташди, Киев ҳукуматининг ўзи эса «воқеликдан узоқда» деб ҳисобланди.
Икки кундан кейин Германия канцлери Ангела Меркель билан учрашиш учун Киев аэропортига келган Кличко у ерга киритилмади, унинг тегишли рўйхатларда йўқлиги пеш қилинди. Кличко куч билан кириб олишга уринмади, бироқ протоколнинг бу тарзда бузилишидан ўта ҳайратда эканини билдирди.
Ўзи боксчи Кличко қандай қилиб Киев мэрига айланган?
Виталий Кличконинг Киев мэриясигача босиб ўтган йўли узун ва мураккаб бўлган. Таниқли боксчи шаҳар сайловларида биринчи марта 2006 йилдаёқ қатнашган ва ғайриоддий популист, банкир Леонид Черновицкийга ютқизган. Кличко ўзининг спорт соҳасидаги машҳурлиги ва европапараст имижидан фойдаланиб, ўшанда ёшлар ва ўрта синфдан умид қилган эди, унинг тажрибалироқ рақиби эса анча ишончлироқ сайловчилар — пенсионерлар билан ишлаган. Черновицкийнинг штаби киевлик кампирларга календарлардан тортиб, гречкаларгача бўлган оддийгина совғаларни тез-тез тарқатиб турарди. 2008 йилда ўтказилган муддатидан аввалги сайловларда тарих такрорланди: Кличко мағлуб бўлди, Черновицкий мэр лавозимида қолди.Лекин Кличко яхшигина умуммиллий карьера қилишга эришди — унинг рамзий ва бироз пародияли номга эга УДАР партияси (Украина ислоҳотлар демократик альянси) 2012 йилда парламент сайловларида учинчи ўринни эгаллади, Кличконинг ўзи унинг фракцияси етакчисига айланди. Келаси йили мухолифат Кличкони 2015 йил бошига режалаштирилган президент сайловларига илгари суриш имконияти ҳақида музокаралар ўтказишни бошлади.
Бироқ тез орада Киевда Евромайдон бошланди ва Кличко митингли норозилик етакчиларидан бирига айланди. Виктор Янукович мамлакатдан қочиб кетиб, инқилоб ғалаба қозонгач, Кличко учун президентликка йўл очилгандек бўлди. Аммо 2014 йил мартида у кутилмаганда президент сайловларида қатнашишдан бош тортди ва яна Киев мэри бўлиш истагини билдирди. Кейинроқ унинг президент этиб сайланган Пётр Порошенко билан норасмий келишувлари ҳақида маълум бўлди (украиналик олигарх Дмитрий Фирташнинг сўзларига кўра, у ушбу келишувда воситачилик қилган, чунки ҳокимият тепасига Юлия Тимошенко келишини истамаган).
Ўша йилнинг майида Кличко қийинчиликсиз шаҳар сайловларида ғалаба қозонди ва шундан бери Киев мэри лавозимида қолмоқда, орада икки марта қайта сайланишга ҳам муваффақ бўлди. Шаҳардаги тартибсиз қурилишлар ва идоралардаги тузалмас коррупция бўйича танқидларга қарамай, у ҳамон шаҳарликлар орасида машҳур бўлиб, ҳалигача жиддий рақобатчиларга дуч келмаган.
Кличко ва Зеленский нима сабабдан яхши муносабатлар ўрната олмади?
Пётр Порошенконинг президентлиги даврида у ва Киев мэри ўртасида ҳамкорлик муносабатлари бўлган. 2015—2016 йилларда Кличко ҳатто президент блоки етакчиси бўлган, унинг таркибига УДАР ҳам кирган. 2019 йилда Владимир Зеленскийнинг ғалабасидан кейин марказий ҳокимият билан алоқалар бузилди. Ғолиблар жамоаси барча асосий лавозимлардан Порошенко тайинлаган амалдорларни, шу жумладан, Кличкони ҳам туширишга интилди.Киевдаги ҳокимиятнинг ўзига хос жиҳати шундаки, Кличко нафақат шаҳар бошлиғи (мэр) этиб сайланган, балки у маҳаллий ҳукумат — Киев шаҳар давлат маъмурияти (КШДМ)га ҳам раҳбарлик қилади. Биринчи лавозим кўпроқ вакиллик сифатида бўлса, Кличко ҳақиқий бошқарув дастакларига айнан ижро этувчи ҳокимият раҳбари сифатида эга бўлади. КШДМнинг расмий раисини президент тайинлайди, аммо 2003 йилда Конституциявий суд давлат раҳбарига танлов қолдирмади ва ушбу лавозимга фақат сайланган мэрни тайинлаш мажбуриятини юклади ҳисоб.
2010 йилдаёқ Виктор Янукович КШДМ раҳбари лавозимидан мэр Черновицкийни олиб ташлаб, у ерга ўз одамини қўйганди. 2019 йилда Украина ҳукумати Зеленскийга Кличко билан ҳам худди шундай иш тутишни таклиф қилди, бироқ президент ўшанда мэрнинг истеъфоси ҳақидаги фармонни имзоламади. Ва агар имзолаган тақдирда ҳам унинг конституциявийлиги юзасидан катта шубҳалар пайдо бўлган бўларди.
Шунга қарамай, ўшанда Зеленскийнинг «Халқ хизматкори» партияси шаҳар бошқаруви тўғрисидаги қонуннинг янги версиясини ишлаб чиқди, унга кўра, сайланган мэрнинг КШДМга раҳбарлик қилиши, аксинча, тақиқланди. Натижада Кличконинг ваколатлари сезиларли даражада чекланиши мумкин эди.
Янги қонун парламентда биринчи ўқишдан ўтиб бўлдики ҳам, президент идорасида кадрлар алмашуви ўтказилди: Кличконинг рақиби Андрей Богдан ўрнини Андрей Ермак эгаллади, у эса пойтахтдаги вазиятни мураккаблаштирмаслик учун Киев мэри билан сулҳ тузишни афзал кўрди. Охир-оқибат Зеленскийнинг жамоаси 2020 йилда маҳаллий сайловларда Кличконинг қайта сайланишига тўсқинлик қилмади: «Халқ хизматкори» ўшанда атайлаб кучсиз номзодни илгари сурди.
Бироқ 2021 йилда Зеленский ва Кличко ўртасидаги уруш қайтадан бошланди. Киев кучлари мэрнинг яқин маслакдошлари уйида ва бир қатор коммунал муассасаларда тинтувлар ўтказди. Ҳуқуқ-тартибот органлари ходимлари мэр хонадони жойлашган уйга ҳам келди, аммо кейинроқ унинг қўшнилариникига борганини айтиб тушунтирди. Мэр ушбу «тушунмовчилик»ни унга нисбатан руҳий босим элементи деб атади.
Зеленскийнинг маъмурияти ҳуқуқ-тартибот органларининг фаоллиги киевлик амалдорларнинг ўз ваколатларини суиистеъмол қилаётгани билан боғлиқлигини қайд этди, президентнинг ўзи Киев ҳукуматини очиқчасига коррупцияда айблади. Хусусан, «Кличкони ўз рақибингиз деб ҳисоблайсизми?» — деган саволга жавоб берар экан, Зеленский шундай деди: «Менинг идорам раҳбари пора олмайди, шунинг учун биз у билан рақиб эмасмиз». Савол тасодифий эмасди, Киев учун кураш яна авж олишининг асл сабаби сифатида украиналик сиёсатшунослар Зеленскийнинг бўлғуси президент сайловларидаги хавфли рақибини ўйиндан чиқаришга уринишини кўрмоқда. Кличконинг ўзи ҳам мэрияга ҳужумни «Янукович давомчилари»нинг сиёсий буюртмаси деб ҳисоблайди: «Буларнинг барчаси шошма-шошарлик билан ташкил қилинган акция каби уюштирилганга ўхшайди. Шов-шув кўтариб, пойтахт ҳукумати ва шахсан менга лой чаплаш учун. Битта нарсани айтаман: сиз ҳозир Янукович Черновицкий билан қилган схемани такрорлаяпсиз».
Кличконинг АҚШ давлат котиби Энтони Блинкен ва унинг ўринбосари Виктория Нуланднинг Киевга ташрифи чоғида улар билан учрашуви оловга ёғ сепди. Зеленский топ сиёсатчиларнинг бир томонлама халқаро музокараларига асабийлик билан ёндашади. Кличконинг Борисполда Меркель билан учрашувга қўйилмагани, эҳтимол, шу билан изоҳланади.
Кличко билан алоқалар кескинлашиши фонида Зеленский мэр ва маъмурият раҳбари лавозимларини ажратиш ғоясига қайтди. Миш-мишларга кўра, унинг маъмурияти КШДМ раҳбари лавозимига даъвогарларни доимий равишда кастингдан ўтказиб туради. Аммо халқ орасида машҳур мэрга босим ўтказиш орқали, Зеленский тескари натижага эришиб, ўзининг пойтахт аҳолиси орасидаги обрўсига путур етиши мумкин. «Рейтинг» гуруҳининг июль ойидаги сўрови натижаларига кўра, киевликларнинг 53 фоизи Кличкога ишонади, айни вақтда уларнинг 42 фоизигина президентга ишонч билдиради.
Нима, Кличко ҳақиқатан ҳам кейинги президент бўлиши мумкинми?
Киевда катта нуфузга эга бўлишига қарамай, жамияцҳунослар Кличконинг президентлик борасидаги истиқболлари юзасидан унчалик ҳам кўп нарса кутмаяпти. 2021 йил январида унинг рейтинги атиги 1,5—1,8 фоизни ташкил қилган, мартда эса Разумков маркази унга бор-йўғи 1 фоиз берди. Лекин шуни ёдда тутиш муҳимки, Кличко шу пайтгача бирор марта ҳам мамлакат миқёсида президентлик кампаниясини олби бормаган.Зеленский рейтингда етакчиликни сақлаб қолмоқда. Сўров натижалари бўйича унинг рейтинги 27—30 фоиз атрофида — бу унинг машҳурлик чўққисидаги кўрсаткичларидан анча паст, аммо 2019 йилги сайловларнинг биринчи босқичида у айнан 30 фоиз натижага эришганди. Иккинчи босқични моделлаштириш шуни кўрсатадики, эҳтимоли энг катта бўлган натижа Зеленскийнинг собиқ президент Пётр Порошенко ёки россияпараст мухолифат етакчиси Юрий Бойко устидан ғалабаси бўлади — уларнинг сайловчилари мафкуравий жиҳатдан шунчалик фарқлики, улар амалдаги давлат раҳбарини ағдариш учун бирлашиши даргумон. Нима бўлганда ҳам Зеленский Донбасс аҳолиси учун националист Порошенкодан кўра ёки Галичина фуқаролари учун москвофил Бойкодан кўра камроқ ёвузлик келтиради.
Зеленскийнинг иккинчи муддатга сайланиши учун (битта муддат билан чекланиш ҳақидаги дастлабки ваъдаларга қарамай) тайёргарлик кўришни бошлаб юборган президент жамоаси 2024 йилги сайловларнинг бундай ривожига тайёр. У кўпроқ жокер — янги популист пайдо бўлишидан қўрқмоқда, у 2019 йилда Зеленскийнинг ўзи қилганидек, Украина жамоатчилигининг эски элиталардан чарчаганидан фойдаланиб, шаклланган тартибни бузишидан хавфсирамоқда. Кличко — Ғарбда таниқли шахс бўлиб, украиналик олигархлар билан алоқалари бор ва пойтахт мэри сифатида машҳур. Қандайдир ташқи ҳодисалар оқибатида Зеленскийнинг рейтинги кескин пасайиб кетиши янги номзод яхши старт олиши учун кифоя қилиши мумкин. Шунинг учун ҳам «президент лашкари» олдиндан унинг имкониятларини камайтиришга уринмоқда.
Изоҳ (0)