Деҳқонобод тумани ҳокимлиги «Дарё»да эълон қилинган мақолага муносабат билдириб, вазият вилоят ҳокими назоратида эканини маълум қилди.
Ҳокимлик ахборот хизматининг қайд этишича, вилоят ҳокими топшириғига кўра мақола юзасидан ўрганиш олиб борилган.
«‘Daryo.uz’ сайтида ‘Қашқадарёлик тадбиркор вилоят ҳокими Зоир Мирзаев ваъдасини бажармаётганини айтмоқда’ сарлавҳали мақола эълон қилинган бўлиб, унда деҳқонободлик тадбиркор Бекзод Бердиевнинг муаммоси тилга олинганди. Мақолада тадбиркор вилоят ҳокими Зоир Мирзаев туманнинг Бойқўрғон қишлоғидаги бозор муаммосига етарлича эътибор қаратмаётганини, шунингдек, 2019 йил 31 декабрдаги келишувга кўра бозор эгалиги сотувга қўйилмаётганини айтиб, шикоят қилганди. Мазкур масала омма эътиборига ҳавола қилингач, вилоят ҳокими топшириғига кўра, 2021 йилнинг 21 август куни вилоят ҳокимлиги масъулларидан иборат ишчи гуруҳ томонидан ўрганиб чиқилди», — дейилади ҳокимлик расмий муносабатида.
Қайд этилишича, вилоят раҳбари 2019 йил 31 декабрь куни бозорда бўлиб, қишлоқдаги ҳар иккала бозор — «Бойқўрғон беклиги» ва «Турсунхон—Бибизулайҳо» деҳқон озиқ-овқат бозорлари талабга жавоб бермаслигини маълум қилиб, вилоят ҳокимлиги ҳомийлиги асосида бозор қайта таъмирланишини маълум қилган. Ҳоким ваъдасига кўра, бозор 115 миллион сўм ҳомийлик асосидаги маблағ эвазига қайта таъмирланиб, янги чирой касб этган. Аммо шу пайтга қадар бозор эгалиги сотувга қўйилмаган.
Таъкидланишича, ишчи гуруҳ хулосасига кўра, мазкур масала юзасидан тез орада якуний қарорга келинади.
Мавзуга доир:
- «Вилоятда ким мажбурий меҳнатга йўл қўйса, шахсан ўзим уни ишдан оламан» — Қашқадарё ҳокими
- Зоир Мирзаев танқидидан сўнг Деҳқонобод ва Шаҳрисабзда ҳам ҳокимликларни ўраб турган панжаралар олиб ташланди
- Қашқадарё ҳокими қабулига борган фуқаролар учун сарфланган харажат эндиликда улар яшовчи туман ҳокимлари томонидан қопланиши маълум қилинди
Изоҳ (0)