Қашқадарё вилояти Яккабоғ туманида Lacetti ва MAN юк машинаси иштирокида йўл-транспорт ҳодисаси содир бўлди, дея хабар бермоқда вилоят Ички ишлар бошқармаси ахборот хизмати.
Қайд этилишича, воқеа 9 август куни соат 16:50 атрофида туман ҳудудидан ўтувчи халқаро аҳамиятга эга М-39 автомобиль йўлининг 1195-километрида содир бўлган. Йўналиш бўйлаб юқори тезликда ҳаракатланиб келаётган Lacetti қувиб ўтиш қоидасини бузган ва юк машинасининг орқа қисмига урилган.
Оқибатда машина салонида бўлган бир нафар фуқаро воқеа жойида ҳалок бўлган ва бошқа бир йўловчи шифохонада вафот этган.
Мазкур ҳолат юзасидан туман ички ишлар бўлими ҳузуридаги тергов бўлими томонидан Жиноят кодексининг 266-моддаси 3-қисми «а» банди (одамлар ўлимига сабаб бўлган транспорт воситалари ҳаракати ёки улардан фойдаланиш хавфсизлиги қоидаларини бузиш) билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Бундан аввал Тошкентдаги «Бек тўпи» савдо маркази рўпарасида автокран ҳамда Volvo юк машинаси тўқнашиб кетгани, Тошкентда йўловчилар бўлган «Газель» ЙТҲга учраб ағдарилгани ҳамда Сурхондарёда Nexia-3 пиёдани уриб кетиши оқибатида 5 нафар онасиз бола отасидан ҳам айрилгани ҳақида хабар берилганди.
Изоҳ (0)