Олий Мажлис Қонунчилик палатаси спикери ўринбосари, «Миллий тикланиш» партияси раҳбари Алишер Қодиров Оққўрғондаги боғчада 25 нафар бола заҳарлангани ҳақидаги хабарлардан сўнг Жиноят кодексига Келажакка хиёнат бобини киритиш таклифи билан чиқди.
У таълим-тарбия келажак шаклланадиган соҳа эканлигини таъкидлаб, соҳада келажакка хиёнатчилар ҳам аралашиб юрганини айтиб ўтган.
«Боланинг соғлом, тарбияли ва билимли бўлишини ташкил қилишдек масъулият юкланган инсон болалар озуқасини ўғирласа, сифатлисини виждонсизларча ўзи еб, болаларга қолдиқларини ёки эскироқларини едириб юборса. Билим ўрнига болалар тафаккурига ‘хатолар пакети’ ёки ‘бўшлиқ’ни жойласа. Пулини олиб, қулаб тушадиган кўприкни лойиҳалайдиган муҳандисга ‘аълўни босиб берса… бу тоифа инсон бу қадар масъулиятли жойда нима қилиб юрибди, деган савол туғилишидек табиий нима бор?», — дейди депутат.
Алишер Қодиров Келажакка хиёнат бобида болалар боғчаси, мактаб ва олийгоҳларда «вазифасига хиёнат қилаётганлар, болаларнинг ҳаққи ва вақтини ўғирлаётганларга» нисбатан чоралар белгиланишини таклиф қилган.
«Такрор айтаман, бу соҳада қаҳрамонлар ишлаши керак. Ва уларнинг маошлари ҳам, меҳнат шароитлари ҳам энг юқори даражада бўлиши шарт», — дея сўзини якунлаган у.
Изоҳ (0)