Санкт-Петербургда полиция Чеченистон ва Тожикистон фуқаролари иштирокида содир этилган оммавий муштлашув тафсилотларини ўрганмоқда, деб хабар берди «Интерфакс».

Фото: Спутник

Хабарга кўра, 28 июль, чоршанба куни кечқурун Болшевиклар проспектидаги «Белие ночи» меҳмонхонасида олти нафар чеченистонлик ва тўрт тожикистонлик ўртасида маиший хусусиятга эга можаро чиққани ҳақида хабар келиб тушган. Можаро меҳмонхонанинг биринчи қаватида бошланган, сўнг ҳисобни давом эттириш учун иштирокчилар кўчага чиққан.

Тўқнашув оқибатида 23 ёшли Чеченистон фуқароси мия чайқалиши билан Маринский касалхонасига ётқизилди, кейинроқ яна бир чеченистонлик Жанелидзе номидаги тез ёрдам илмий тадқиқот институтига юборилди.

Воқеа жойида тўқнашувнинг тўққиз иштирокчиси ҳибсга олинган. Шунингдек, яна 70 га яқин Тожикистон ва Ўзбекистон фуқаролари воқеанинг барча тафсилотларини аниқлаштириш ҳамда уларнинг Россия ҳудудида бўлиши қонуний эканини текшириш учун қўлга олинган.

Ички ишлар вазирлигининг Санкт-Петербург ва Ленинград вилояти бўйича бош бошқармаси матбуот хизмати ҳозирда полиция жанжалнинг келиб чиқиш сабабларини ўрганаётгани ҳақида хабар қилди. Жиноят иши қўзғатиш масаласи ҳам муҳокама қилинмоқда.

Аввалроқ Россия Ички ишлар вазирлиги Россия ҳудудида оммавий муштлашувларда қатнашадиган чет элликлар мамлакатдан чиқариб юборилиши ҳақида эълон қилганди.

«Содир этилган хатти-ҳаракатларнинг жамоат хавфсизлигига зарарини ҳисобга олган ҳолда, ушбу хорижий фуқароларнинг Россияга киришига рухсат берилмаслик тўғрисида қарор қабул қилинди. Агар улар Россия Федерацияси ҳудудидан ўзлари чиқиб кетмаса, уларни депортация қилиш чоралари кўрилади», — дейилади хабарда.

Эслатиб ўтамиз, 12 июль куни Москванинг «Кузминки» метро бекати яқинида 180 дан ортиқ киши иштирокида оммавий муштлашув содир этилганди. Дастлаб можаро Ўзбекистон ва Қирғизистон фуқаролари ўртасида чиққани айтилган. Ўзбекистон Ташқи миграция агентлиги Россия Ички ишлар вазирлиги ходимлари билан мулоқотда бўлиб, вазиятни ўрганди ва можарода ўзбекистонликлар иштирок этмаганини маълум қилди.

Муштлашув Тожикистон ва Қирғизистон фуқаролари ўртасида юз берган. Жанжал иштирокчилари суд қарори билан Россиядан чиқариб юборилиши хабар қилинди.

Ундан аввал Москвадаги кафеда Қирғизистон ва Тожикистон фуқаролари ўртасида оммавий муштлашув бўлиб ўтганди.