Япониянинг Токио шаҳри мезбонлик қилаётган Олимпиадада 25 июль куни таэквондо бўйича ярим финал баҳслари ўтказилди.

Фото: AFP

Ўзбекистонлик таэквондочи Улуғбек Рашидов финал йўлланмаси учун кечган баҳсда Босния ва Герцеговина вакили Недзад Ҳушичга қарши даянга чиқди.

Улуғбек биринчи раундни 14:1 ҳисобида ўз фойдасига ҳал қилди. Ўзбекистонлик спортчи иккинчи раундни ҳам фаол ўтказди ва қимматли очколарни ўз ҳисобига ёздириб қўйди. Ўртача темпда ўтган учинчи раунд ҳам Рашидов фойдасига ҳал бўлди.

Фото: AFP

Шу тариқа Рашидов 28:5 ҳисобида ғалаба қозониб, финалга чиқди. Ўзбекистон тарихида илк бор таэквондочи Олимпия ўйинлари финалига чиқди. Қайд этиш жоиз, Ўзбекистоннинг Токио Олимпиадасидаги илк медали нақд, фақат унинг кумуш ёки олтин бўлиши финал жангидан сўнг маълум бўлади.

Финалда Улуғбек Бредли Синден ва Шуаи Жао жуфтлиги ғолибига қарши жанг қилади. Финал 25 июль кунининг кечки дастуридан ўрин олган бўлиб, Тошкент вақти билан 17:45 дан сўнг старт олади.

Маълумот учун, Рашидов дастлабки босқичда малилик Сейду Мофанани 38:17 ҳисобида мағлуб этиб, 1/8 финалга йўл олди. Ўзбекистонлик спортчи чорак финал йўлланмаси учун жангда 3 карра жаҳон чемпиони, Олимпия ўйинларининг 2 карра совриндори жанубий кореялик Ли Де Ҳун билан асосий вақтда 19:19 ҳисобида қайд этди Баҳс тақдирини ҳал қилган «Олтин зарба»да Рашидов 2 очко қўлга киритиб, чорак финалга йўл олди. Рашидов 1/4 финалда эронлик Мирҳошим Ҳуссаинини 34:22 ҳисобида енгди.