Жанубий Африка Республикаси (ЖАР)да ўтган ҳафта тартибсизликлар, қирғин ва талон-торожлар бошланди — бу апартеид режими қулаганидан буён содир бўлган энг йирик тартибсизликлар. Намойишлар собиқ президент Якоб Зуманинг ҳибсга олиниши билан бошланган бўлса-да, қашшоқлик ва амалдаги ҳукуматдан норозилик туфайли янада кучайди. 70 дан ортиқ одам тартибсизликлар қурбонига айланди. Meduza ЖАРнинг зиддиятлар авж олган икки провинцияси — Гаутенг ва КваЗулу-Наталдан олинган фотосуратларни тақдим қилди.

Фото: LETA

ЖАРдаги тартибсизликлар бир ҳафтадан буён давом этмоқда. Улар собиқ президент Якоб Зума 7 июль куни 15 ойлик қамоқ жазосини ўташ учун полицияга таслим бўлганидан кейин бошланди. Собиқ президент ўзига қарши олиб борилаётган коррупция иши бўйича кўрсатма бериш тўғрисидаги суд буйруғига бўйсунмагани учун қамоққа олинган. 2009—2018 йилларда ЖАР раҳбари бўлган 79 ёшли Зума аҳолининг камбағал қатлами орасида ҳалигача машҳур.

Зуманинг қамалишига қарши бошланган ҳаракатлар тез орада минглаб одамлар иштирокидаги оммавий қирғинга айланди. Оқибатда 72 киши ҳалок бўлди (уларнинг 10 нафари Соуэтодаги савдо марказини талон-торож қилиш пайтида тиқилинчда ўлган), 1200 дан ортиқ одам ҳибсга олинди.

Фото: Reuters

Тартибсизликлар ЖАРдаги тўққиз провинциянинг иккитасини қамраб олди. Улардан бири Гаутенг бўлиб, унда мамлакатнинг энг йирик шаҳри ва иқтисодий маркази Йоханнесбург жойлашган. Иккинчи провинция Кавзулй-Натал эса Зума таваллуд топган жой, шунингдек, у ерда яна бир йирик шаҳар Дурбан жойлашган.

Фото: LETA

Фото: LETA

Фото: EPA

Намойишчилар йўлларни тўсиб, биноларга ўт қўймоқда, дўконларни, омборларни ва банкоматларни таламоқда. Тартибсизликлар таъсирида қолган ҳудудларда коронавирусга қарши эмлаш пунктлари ёпилди, полиция эса мурожаатларни қабул қилишни деярли тўхтатди.

Фото: Getty Images

ЖАР президенти Сирил Рамафоса ҳозирги тартибсизликларни 1994 йилда апартеид режими қулаганидан буён содир этилган энг йирик тартибсизликлардан бири деб атади. «Ҳеч қандай норозилик ёки сиёсий сабаблар зўравонлик ва қирғинни оқлай олмайди», — деди президент.

Маълумот учун, апартеид режими Жанубий Африкада 1948 йилдан 1994 йилгача расман олиб борилган ирқий ажратиш сиёсати. Жанубий Африканинг қора танли аҳолиси вакиллари деярли барча фуқаролик ҳуқуқларидан маҳрум этилган, уларга махсус резервацияларда яшаш, уларни фақат махсус рухсатномалар билан тарк этиш буюрилган. Кенг маънода, апартеид ҳар қандай йўналиш бўйича ажратиш режимини англатади.

Фото: EPA

Тартибсизликлар содир бўлган ҳудудларда полицияга ёрдам бериш учун, тахминан, 2500 нафар ҳарбий жалб қилинган, аммо бу намойишларни бостиришга ёрдам бермади. BBC таъкидлашича, Рамафоса 2020 йили бутун мамлакат бўйлаб жорий қилинган локдаунни назорат қилиш учун 70 минг ҳарбийни сафарбар қилганди.

Фото: LETA

Фото: AFP

Фото: AFP

Кенг кўламли тартибсизликлар сабаби нафақат собиқ президентнинг ҳибсга олиниши, балки қашшоқлик ҳамдир. ЖАРдаги 60 миллион аҳолининг ярмидан кўпи қашшоқлик ёқасида яшайди, мамлакатда ишсизлик даражаси 32 фоиздан ошади (ёш аҳоли орасида 46 фоиздан ҳам ортиқ).

Фото: AFP

Коронавирус пандемияси бошланганидан бери, ЖАРда бир қатор узоқ муддатли ва қатъий локдаунлар жорий қилинди, жумладан, алкоголь маҳсулотлари ва сигареталарни сотиш тақиқланди. Чекловлар туфайли аҳолининг энг қашшоқ қатламлари зўрға кун кечира бошлади; одамлар озиқ-овқат ва бошқа асосий маҳсулотларга навбатда турарди. Дельта штаммнинг тарқалиши сабабли июнь ойи охирида ЖАРда яна бир локдаун жорий этилди. Шу билан бирга, мамлакатда вакцинация суст бормоқда: аҳолининг 7 фоизидан камроғи вакцинанинг камида битта дозасини олган.

Фото: EPA

Фото: AFP

Фото: AP Photo

Фото: AP Photo

Фото: Reuters

Фото: AFP