Қозоғистонда бир қатор ташкилотлар ходимлари учун мажбурий вакцинация жорий қилинди. Бу ҳақда республиканинг бош санитария шифокори фармонига асосланиб, Tengrinews хабар берди.

Фото: «РИА Новости»

Хабарга кўра, эмланмаганлар масофадан ишлашга ўтказилади. Агар ходим офисда ишлашни хоҳласа, у ҳафтада бир марта ПЗР-тестидан ўтиши шарт.

Дўконлар, кафелар ва ресторанлар, гўзаллик салонлари, фитнесс клублари, музейлар, театрлар, меҳмонхоналар, транспорт, соғлиқни сақлаш ва уй-жой коммунал хўжалиги ходимлари ҳам мажбурий вакцинациядан ўтказилади.

Улар вакцинанинг биринчи компонентини 15 июлгача, иккинчисини 15 августгача олиши лозим. Тиббий жиҳатдан эмланиш тавсия этилмаганларга, шунингдек, сўнгги уч ой ичида COVID-19 дан тузалганларга вакцинация мажбурий эмас.

Апрель ойида Қозоғистонда вазирликларда ишловчи мансабдор шахслари учун коронавирусга қарши мажбурий вакцинация жорий қилинганди: президент маъмуриятининг бош шифокори марказий давлат аппарати ходимларини «100 фоиз эмлаш тўғрисида» қарор қабул қилган. Эмланиш тавсия этилмаганлар ҳамда эмланмаганлар масофадан ишлашга кўчирилган. Ишхонага келиш учун эса улар ўз ҳисобидан ПЗР-тестидан ўтиши керак бўлган.

Қозоғистонда коронавирусга қарши эмлаш «Спутник V» (Россия), маҳаллий ишлаб чиқарилган QazVac, шунингдек, Хитойнинг Hayat-Vax (БААдаги Sinopharm компаниясида ишлаб чиқарилади) ва CoronaVac (Sinovac) вакциналари ёрдамида амалга оширилмоқда.

Аввалроқ Қозоғистонда коронавирусга қарши мажбурий эмланишдан бош тортганларга жарима солиниши ҳақида хабар берилганди.