Аёлнинг ўрни қаерда? Илм-фан йўлини танлаган аёл олдида қандай тўсиқ, мажбурият, имкониятлар бор? Масъулият қайси жинс вакилининг елкасига кўпроқ тушади? Аёл фақат рўзғор ташвиши ва кундалик юмушлар бажариш учунгина яшайдими? Бу саволларга тилшунос, тадқиқотчи, Жанубий Кореядаги Кемёнг университети кичик илмий ходими Дилфуза Аббосова билан имкон қадар жавоб излаймиз.

Фото: Дилфуза Аббосованинг шахсий архивидан

– Кимнингдир турткиси, маслаҳати, тавсия ёки далдаси кўпинча муайян касбни танлашга йўл очади. Корейс тили мутахассиси, тилшунос бўлишингизга сабаб нима?

– Тошкентдаги 144-мактабда ўқиганман. Мактабимизда негадир ўша пайтлари ҳинд тили ўқитиларди. 1-синфдан ҳиндчани ўрганганимиз учунми хорижий тилларга муҳаббат ўшандан бошланган-ов. Ҳиндлар кўп меҳмонга келарди, ўйинлар ўйнардик, тадбирлар ўтказардик. Корейс тилини Шарқшунослик институти (у пайтлари институт эди) қошидаги лицейда ўрганганман. Адашмасам, 1997 йили телевизорда «Қалбим чечаги» сериали бериларди. Экранга михланиб, корейслар ҳаётини ҳайратимиз ошиб, кейинги қисмларини интиқ кутардик. «Корейслар шундай чиройли эканми? Шунақа яшарканми?» дердик. Маданияти бўлакчалиги қизиқ туюларди. Қаранг, сериал орқали ўзга миллатларни маданият, тил, анъаналарга қандай қизиқтириш мумкин! Менам шундай қизиққанлар орасидан чиққанман...

– Кореяга кетиш ва тадқиқот қилиш осон танлов ва иш эмас. Кетиш қарори, жараёни қандай бўлган?

– Кетиш ҳозир анча осондир, лекин олти-етти йил аввал сал қийин эди. Кореяга кетмасимдан аввал Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатияси университетида 8 йил ишладим. Талабалик йилларим ва иш пайти Кореяга бир неча марта қисқа муддатли ўқув курслари, мавсумий лагер, танловларга бориб-келардим-у, узоқ муддат яшаш, грант ютиб кетишга негадир омадим чопмасди. Жуда кўп грант дастурларига ариза топширар, ҳар сафар ўтолмаганимни эшитиб, умидларим ўларди.

2007–2008 йили қисқа муддатга борганимни айтмаса, узоқ вақтга кетишга «навбат» келмасди. Охири, 2014 йили синхрон таржимонлик бўйича малака оширишга университетдаги профессор ўқитувчилар билан бирга жўнадим. Бу сафарим йўлимни очди. Корейс тили таълими мутахассиси, профессор хоним Ким Сон Жонг билан танишдим. Маърузасини эшитиб, маҳлиё бўлганман. Негадир шу хонимнинг қўлида илмий иш бошлагим келди. Анжуман тугагач, муаллимани ҳоли учратиб, ниятимни айтдим. Хурсанд бўлди. Ўзаро ташриф қоғозларимизни алмашдик. Ортимга қайтиб, яна грантларга топширавердим. Лекин мен кутган омад ҳадеганда келавермас, кетиш «ишқ»ига кул тортилаверарди.

Орадан бир йилча ўтиб, уйимга қўнғироқ бўлди. Кореяда танишган олима хоним Ким Сон Жонг гапиряпти. Хурсанд бўлиб кетдим. Тошкентга келган экан. Кўришмаймизми, деди. Шоша-пиша бордим. Анча суҳбатлашдик. Гап охирида илмий иш қилиш-қилмаслигимни сўради. Йўқ, дедим. Оила, икки бола, қайнона-қайнотадан ортиб, қандай қиламан? Яна Кореяда яшаш, ўқишнинг ўзи бўладими? Харажатларига имконим етмайди, дедим ҳафсаласиз. «Йўқ, шу сафар, яна бир марта, охирги марта уриниб кўр!», – дея қуриган умидларимни тирилтирди. «Майли, шу сафар ҳаракат қилай-чи! Бу аёлнинг ҳам гапини ерда қолдирмай...» – деб яна қайтадан грант излаб, ҳужжатларимни топширдим. Омадим келиб, Жанубий Корея Республикаси тақдим этадиган ГКС грантига эга чиқдим – ҳамма харажатларим қоплаб берилди, стипендия ажратилди.

Ўйлантирадигани – оила аъзоларимни кўндириш бўлди. Ҳозиргача онам ва қайнонамга – қароримни тўғри тушуниб, қўллаб-қувватлаган шу икки мўътабар инсонга раҳмат айтаман. Ўғилларимни қайнона-қайнота қарамоғига қолдириб, жўнаб кетдим. Турмуш ўртоғим орадан сал ўтиб, ортимдан борди. Агар оила аъзоларим кўмаги, суянчи бўлмаганда ҳозирги ютуқларимга эришолмаган бўлармидим...

– Корейсларнинг жуда кўп одат, тартибига ҳавас қиламиз. Талабчанлик ва ўз ишини пухта бажариш қоидаси улар учун баридан устун. Бир қанча «корейсча қоида»ларга кўниб, илмий иш қилиш, ёқлаш қийин бўлмадими?

– Биринчи йил оғир ўтди. Болаларимни соғиниб, анчагача ўзимга келолмаганман. Лекин ўқиш бошлангач, соғинч тафти анча пасайган. Кореяда, умуман, хорижда илм қилиш – ўзингни синовлари кўп майдонга отиш дегани. Охирида мукофоти ширин бўлади. Кемёнг университетида «Ўзбек тилидан корейс тилига таржимада қўшма гапларни беришнинг ўзига хосликлари» мавзусида беш йил изландим.

Кореяда PhD даражасини олиш Ўзбекистонникидан фарқ қилади ва жараён жуда қийин. Ҳар қайси номзод аввал икки йиллик таълим дастурини ўзлаштириши, ўқиши керак. Икки йилдан кейин диссертация ёзасиз. Лекин биздан фарқли сиздан диссертацияни 3 йил ичида ёзиб, топширишингиз, ҳимоя қилишингиз сўралмайди. Танланган ишнинг қийин-енгиллигига қараб, муддат берилади. Айримлар ўн йиллаб ҳам ишини тугатолмайди. Агар сиз 3 йилда ёзиб қўйсангиз сиз – ё даҳо, ё кўчирмачисиз. 3 йилда тадқиқот ишини битиришни тасаввурига сиғдиролмайди улар.

Тадқиқотчи учун кўпроқ унинг раҳбари – профессор жавоб беради. Ҳатто айримлари ёнидан пул тўлаб, шогирдини олиб қолишга, лабораториясида бирга ишлашга кўндиради, стипендиялар беради. Кейинчалик университетда муаллимлик қилишига оқ йўл тилаб, тавсиянома ёзиб беради. Бу жуда муҳим. Тавсияномасиз сизни ишга олишлари қийин.

2015 йили эл қатори икки йиллик ўқишни бошладим. Бошида ўқиш ва беш йилга чўзиладиган иш сочларимни оқартирадиган даражада оғирлигини билмагандим. Орада болаларимни чақиртириб, бир йилча бирга яшадик. Лекин ўқиш қийинлиги, қиладиган юмушларим кўплиги учун уларни уйга – Тошкентга қайтардим. Уйқусиз тунлар, кутубхона, лабораториялардаги ўқиш-ўрганишлар, тадқиқот учун сўровнома ўтказиш, изланишдан тўхтамаслик – ҳаммаси гапирганда осон, бажарилганда қийиндан қийин. Йиллар ўтгани сари тадқиқотим мураккаблашиб борар, ҳатто, бир марта устозимга «Бўлди, шу ерда тўхтатаман! Илм қилиш менга эмас, шекилли...» дедим сабрим тугаб. «Шунча жойгача келиш осон эмас. Бир қадам қолганда орқага юриш – ожизлар иши. Битта қадам ташла, бўлди!» дея профессор хоним Ким Сон Жонг яна жонимга ора кирди.

Ахийри, шу йили ишимни тугатдим, ҳимоя қилдим. Ўзбекча айтганда «беш»га ёқладим. Танлаган мавзуйим ҳали кўпчиликка номаълум. Тилшуносликдаги бир бўлакни олиб, обдон ўргандим. Тадқиқотим таржима, сўзлашув жараёнида асқатса хурсанд бўламан.

– Илмий иш, диссертацияларга қўйиладиган талаб ҳам бошқача бўлиши табиий. Тадқиқотчидан масъулиятдан ташқари яна нималар сўралади? Илмий ишнинг оригиналлиги нима билан белгиланади?

– Кореяда тадқиқотчига фалонча мақола чиқарасан, фалон-фалон журналларда кўринишинг шарт, деган бемаъни талаблар қўйилмайди. 3 ёки 5 та мақола чиқариб қўйинг – тамом. Кейин фақат асосий ишингизни қилаверасиз. Конференцияларда қатнашиб, анжуманларда фаол бўлсангиз ҳам етарли. Ўзбекистонда 20 тача мақола чиқариш керак деб эшитдим. Бу ерда энг аввал ўқув режангиз билан қизиқишади. Нима қилмоқчисиз, деб сўралади. Корейс тили таълими билан шуғулланаётганларга ишингни танитгин дейишади.

Корейслардаги 3 жиҳат:

– қандай иш юклатилмасин, вазифани сифатли бажариш, имкон қадар камчиликсиз тугатиш;

– масъулият;

– пунктуалликни жуда ҳурмат қиламан.

Ўзим ҳам шундай бўлишга, кимдир иш тайинладими, ортиғи билан бажаришга ўргандим. Бу уларнинг қонига сингиб кетган. Ҳеч кимга малол келмайди, аксинча, кимдир нолиса, камчиликка, нуқсонга йўйишади. Профессорингиз сизга «Соат тўққизда кел эртага!» деса, сиз ярим соат ёки ўн беш дақиқа олдин етиб келишингиз, «Юз бет ўқиб кел!» деса, икки юз бет ўқиб келишингиз шарт. Шундай! Буни биров айтмайди. Ҳамма амалда кўрсатади. Бир-бирига шундай намуна бўлади. Оғиз кўпиртириш, фақат ваъда, бериб, «хўп-хўп» дейиш уларга бегона.

Илмий ишлар оригиналлигига келсак, Жанубий Кореяда олимлар диссертацияси, тадқиқотчининг илмий иши жойланадиган «рисс.кр» деган машҳур сайт бор. Шу сайтга қўйилган иш – оригинал, бошқа нусхаси йўқ дегани. Сайт нуфузи жуда баланд. Кореядаги жамики изланувчининг иши шу ерга жамланади. Лекин ҳамманики ҳам эмас. Айрим диссертацияларни тўлиқ ўқишга рухсат йўқ. Иши ноёблиги учун муаллиф ёпиқ ҳолда туришини хоҳлайди. Лекин мана шу ёпиқ иш сизга керак бўлса, кўрсатилган университетга мурожаат қилиб, рухсат олиш мумкин.

Яна бир қаттиқ қораланадиган иш – плагиаторлик. Университетларнинг ички антиплагиат даражаси бор. Қай бири 20 % қўяди, баъзиси бундан ҳам кам ё кўп. Плагиаторлик аниқланган ишлар автоматик бекор қилинади. Ҳатто, тадқиқотчи устозининг унвон, даражаси ҳам бекор қилиниши мумкин.

– Билишимча, профессор рейтинги деган тушунча бор. Бу қандай аниқланади? Ўқитувчи ишга олинаётганда қандайдир мезонларга қараладими?

– Рейтинг – бу профессорнинг ишда қолиш-қолмаслиги. Буни талабалар белгилайди. Кимнинг қандай дарс ўтиши, педагоглик маҳорати, методларига баҳони на олий таълим вазирлиги, на университет раҳбарияти беради. Талабаларнинг баҳоси «гапиради». Профессор шу рейтингда кам овоз тўпласа, ўз-ўзидан ишдан кетади. Шунинг учунам профессор на ўзи тинади, на талабасини тиндиради. Кун-тун ўқийди, изланади, тўхтаб қолиш улар учун фожиа. Кутубхонаси, лабораториясида суткаларни ўтказади. Университетларда қатор имтиёзлар бор. Профессор энг керакли кадр бўлгани учун уй, машинагача таъминланади.

– Гуманитар фанлар доирасида илмий иш қилаётганда унинг натижаси ҳадеганда билинмайди. Лекин бизда кўпинча айрим ишлар, негадир, қоғозда қолиб кетаётгандек. Амалиётга олиб чиқишда, самарасини кўришда шошилмаймиз. Нега шундайлигини билгим келади.

– Жавоб жуда оддий: сўровнома ўтказиш керак! Бу ерда кимдир китоб ёзмоқчи бўлса, шунчаки, «Келинг, китоб ёзамиз!», дейишмайди. Олдин «рисс.кр» сайтига кирасан. 5 йил ичидаги сўровномаси бор мақолаларни оласан, эринмай ўрганиб чиқасан, ҳижжалаб ўқийсан, дейишади. Кейин икки вилоят талабаларига дарс ўтиб, натижани кузатишади. Агар иккала вилоятдаги талабалар мавзуни тенг ўзлаштирса, демак, уларга бир хил китобни ёзиш керак экан, дейишади. Натижа ўхшамаса, кўпроқ грамматика ва бошқа жиҳатларига қараб тайёрланади. Бугун назарий китобларни хоҳлашмаяпти. Амалиётга, ҳаётга боғланганини қадрлаб, талаб этишяпти. Шундай ишларни кўтариб борсангиз: «Биз буни биламиз. Мана, интернетда айтиб қўйган. Қани, амалий тарафи? Сен бизга бугунги ҳолатни кўрсатгин!» деб албатта қайтаришади. Назарий иш қиламан, десангиз, йўқ, яхшиси уйингга – Ўзбекистонга бориб сўровнома ўтказ, дейишади.

Диссертация ёзиш асноси ўзбекча манбалар топишга қийналдим. Ўзбек тили грамматикаси бўйича қилинган диссертацияларнинг электрон вариантини тополмадим. Ишим бевосита ўзбек тилидаги адабиётларга ҳам боғлиқ. Корейс тилида манба жуда кўп. Нимага фақат корейсларнинг тадқиқотини ёзгансан, ўзбекларники йўқми, деб сўрайди устозим. Ўзбекистонники бор, фақат китоб қилиб чиқаришган, деб айтишга уялдим ҳам.

Гуманитар соҳа ёки таълимда натижа бўлиши учун тадқиқотларни педагогика институтлари олиб бориши керак. Тўғрими? Магистратура, докторантурада ўқиётган талабаларга шундай мавзу бериш керакки, мактабни ривожлантирадиган тадқиқотлар олиб боришсин. Шунда таълим ривожланади. Бизда кўпроқ назарияга боғланиб қолишган. 1 та ёки 10 та китоб олиб, униси-бунисидан парчалар юлиб, тадқиқот ишини ёзиб қўйишади. Бўлди, диссертация тайёр! Қани, амалиёт, ҳаётга боғлиқлик тарафи, дегингиз келади.

Шарқшунослик, жаҳон тилларидан талабаларим менга чиқиб: «Устоз, қандай мавзуда иш қилсам экан?» деб сўрашади. «Сўровнома қилинг!» десам, «Қандай қилиб?!» деб эски замон одамидек қарашади. Ҳой, барака топкур, ҳамма гап сўровномадан чиқиб келади. Жараён қизиқ бўлади. Бировнинг китобидан кўра сўровномада кўп саволлар очиқланади. 10 йил олдинги назарий билим ҳозирги замон талабига жавоб бермаяпти, ахир.

– Гапимиз таълим мавзусига бурилган экан, корейс таълими ва ютуқларини эътироф этмай илож йўқ. Ўрганса арзигулик томонлари жуда кўп-у, аммо ҳавас қилиб ўтиб кетавериш ҳам ёмон-а?

– Шундай. Намуна қилиб олгулик тарафлари кўплигидан қайси бирини айтишни билмаяпман. Масалан, Кореяда бошланғич синфларга (1–6-синф) уй вазифаси берилмайди. Ҳамма топшириқ мактабда бажарилади. Дафтар-китобни ташлаб кетади. Ота-оналар эрталабдан кечгача ишлагани учун уйда боласи билан шуғулланолмайди. Бу ерда қандайдир қоида, қонун чиқаришдан олдин тадқиқот ўтказилади. Сўровнома, анкеталар тўлдириб, вазият ўрганилади. Муаммоларнинг кўпи шу йўл билан очиқланиб, тўғриланади. Ота-оналарнинг болаларига вақт ажратолмаслиги, дарсини бирга қилолмаслиги ҳам шундай сўровномаларда билинган.

Энг қизиғи, мактабларда фаррош деярли йўқ. Ҳар бир боланинг ўзига тегишли кичкина ҳокандозчаси ва чўткаси бўлади. Дарсини тамомлагач, партаси ва оёғининг тагини супуриб, тозалаб, чиқиндисини махсус жойга ташлаб, кейин кетади. Тарбиянинг энг самарали йўли – бировларнинг меҳнатини қадрлашни ўрганиш. Мактабларда синф рейтинги паст чиқса ҳам дарров ўқитувчини айблаб, ҳайфсан берилмайди. Аввал вазиятни ўрганишади. Ўқитувчи бир йиллик фикрларини ёзиб, шунчаки «яхши ўқитолмадим», демайди. Болаларнинг дарсликни ўрганишда қийналган жойи, муносабати, дарсни ўзлаштиришдаги қийинчиликларини батафсил изоҳлайди ва таклифларини айтади. Сўнг муҳокама учун интернетга қўйилади. Мутасаддилар шу ердан кам-кўстни билволиб, муаммони тўғрилашади.

Китоб, дарсликлар ҳам шундай услубда ўзгартирилиб, янгиланади. Бунда кўпинча ўқитувчилардан ёрдам сўралади. Масалан, ўқитувчи таълим вазирлиги чиқарган китоб бўйича дарс ўтса-ю, бола буни тушунмаса, қийналса ёки умуман ақли етмаса, болалар қийналган мавзуни белгилаб, ҳаммасини батафсил қоғозга туширади. Кимнинг қандай реакцияси бўлганини эринмай қоралайди ва таълим вазирлигига топширади. Экспертлар бундай таклифларни ўрганиб, дарслик янгиланиш пайтида ҳаммасини инобатга олишади. Масалан, 5 йил давомида болаларнинг эшитиб ўрганиш даражаси юқори эди, лекин ўқиш паст эди. Энди тескариси кузатиляпти, нега, деб саволлар қўйишади. Дарслар таҳлил қилинади. Доимий назорат бўлади. Оддий ўқитувчи ҳам таклифини бемалол айта олади тегишли ташкилотга.

– Охирги пайтлари таълимда ўқитувчини айбдор кўрсатиш, бебош ўқувчини жазолаганни кўпинча ишдан бўшатиш ҳолатлари кўпаймоқда. Айрим ўқувчиларнинг ота-онаси, ака-опаси ўқитувчига қўл кўтариб, тан жароҳати етказишгача боряпти. Кореяда ўқитувчи-ўқувчи муносабати, муомаласи ҳақида гаплашсак.

– Болага шахс деб қарайди, болага гўдак деб эмас. Ўқитувчи ўқувчиси билан худди ўзининг боласидек муомала қилади. «Сен яхшисан. Раҳмат, мактабга келганинг учун! Кеч қолмагин, хўп. Энг ақллиси ўзингсан. Сенга ишонаман. Ишончимни оқлагин-а! Майли, бугун кеч қолибсан. Майли, бошқа бундай қилма. Эртага сени мана бу пайтда кутаман, хўп», дейди. Кейин бошланғич синф ўқувчиларининг ота-оналари ҳар куни эрталаб навбати билан галма-гал катта йўлда навбатчи бўлади. Чорраҳанинг тўрт тарафида ота-оналар туриб, дарс бошлангунича болаларни йўлдан ўтказиб қўяди. Мен ўз хоҳишим билан ҳафтада 1 марта чиқиб навбатчилик қилардим. Эрталаб мактаб директори дарвоза олдида болаларни кутиб туради. Шахсан ўзи. Кейин барвақт келган болаларни рағбатлантириш учун қўлига наклейка беради.

Тадқиқотларга кўра, корейс халқида кальций етишмовчилиги кўп учраркан. Иқлими, ҳавоси шундай касалликни зўрайтирган. Шунинг учун болаларга ҳар куни мактабда сут берилади. Таътилга чиққанида ҳам икки ойлик сути (60 та)ни уйингизга элтишади. Ҳаммаси бепул. Сутни ёмон кўрадиганларга махсус ширин сутлар, кальцийга бой йогуртлар ишлаб чиқарилади. Болаларга ҳам ёшлигидан ўргатишади. Уйда ичмасаям, албатта, мактабда ичади.

Болалар овқатини шифокор назорат қилади. Мактаб ошхонасига келиб, овқатни ейди, санитария-гигиена қоидаларини текширади, кейин рухсат беради. Балки бундай эътибор болалар сонининг камлиги, туғилиш даражасининг пасаётгани билан боғлиқдир. Яна ким билсин...

Таълим мажбурий. Корея республикасида яшаётган (ҳужжати борми-йўқми, муҳожирми ёки муқим бошпанасиз – фарқи йўқ) болалар мактабга бориши шарт. Шахсий маълумотлари очиқланмайди. Ният – бола кўчада юрмасин, бекор юрмасин. Ҳужжати бўлмаса ҳам мактабга олади.

– Илмий соҳада аёллар сони ҳар доим кам бўлади. Бир қанча омиллар: уй-жой, рўзғор ишлари, бола туғиш-боқиш, ўзбекчилик, босимлар ёки тушунмаслик аёлнинг шаштини синдиради, илмга рағбатини сусайтиради. Илм учун оиладан воз кечишга ҳамманинг ҳам юраги бетламайди. Сиз ўқиган-ишлаган университетда ҳолат қандай? Аёл тадқиқотчиларга қандайдир имтиёзлар борми?

– Йўқ, ҳеч қандай имтиёз йўқ. Аёл ва эркак тадқиқотчилар сони баравар. Икки жинсдан ҳам бир хил талаб қўйилиб, бир хил натижа сўралади. Эркакларнинг кўпи оилали. Лекин аксар аёллар ажрашган ё турмуш қурмаган. «Мен биттасини эплашим керак!» деб илмни танлаган аёллар анча. Аммо бундан афсусланишадиям баъзан. Менимча, оиладан воз кечиш аёл кишига минус қарор. Ҳар бир аёлнинг оиласи бўлиши керак. Менам бу ерга келгунча икки фарзанднинг онаси, рафиқа ва келин эдим. Оила аъзоларимга вазиятни тўғри тушунтира билганман, дейман ҳозиргача. Қайнонам ҳам мен тараф бўлганлар. «Невараларим ва уларнинг келажаги учун фойда. Уйни эпласа бўлади, рўзғорни амаллаш мумкин, илм қилиш қийин» – деб қўллаганлар.

– Келажагингизни қандай тасаввур қиласиз? Яна узоқ муддатга Кореяга жўнаб кетиш арафасидасиз... Қайтиб келиш нияти борми?

– Келажагимни Ўзбекистон таълими ривожига боғлайман кўпинча. Агар олий таълим вазири имкон берса, Ўзбекистонда корейс тили, умуман, чет тиллари таълимини ривожлантиришга ҳиссамни қўшган бўлардим. Лекин афсуски, яқинда таклифларимни кўтариб, вазирликка борганимда, вазир сафарда эканлиги сабабли учрашолмай қайтдим. Майли, вақти келса айтарман ҳам. Келажагимни юртимизда чет тили таълимини ривожлантираётган устоз сифатида кўргим келади. Узоқ йилларга режалаштирган ишларим кўп. Орзуларим ҳам кўп. Уларни амалга ошириш йўлидаман.

Чарос Низомиддинова суҳбатлашди

Маълумот учун:

Дилфуза Аббосова, 37 ёш Тошкент шаҳрида туғилган; Тошкент давлат Шарқшунослик университети Узоқ Шарқ ва Жанубий Осиё тиллари факультетини тамомлаган; Жанубий Кореянинг Кемёнг университетида таҳсил олган; Корейс тили ва маданияти таълими мутахассиси; Филология фанлари бўйича фалсафа доктори (PhD); Ёджу институтида доцент; Оилали, икки ўғилнинг онаси.