1903 йил 25 июнь — дунёга маълум ва машҳур ёзувчи, публицист Жорж Оруэлл таваллуд топган кун. Адиб таваллудининг 118 йиллиги муносабати билан «Жорж Оруэлл ким?» деган саволга жавоб излаган ўзбекистонлик таниқли ёзувчи Назар Эшонқулнинг мақоласи қуйида қайтадан чоп этилмоқда. Шунингдек, ёзувчига оид теша тегмаган фикрлар «Дарё» таржимасида тақдим этилади.

(Ушбу мақола аввал адиб Хуршид Даврон кутубхонасида чоп этилган)

Жорж Оруэлл

Шўро мафкурачилари 80 йиллар ўрталаригача номини эшица чўчиб тушишадиган, ҳатто ўлимидан қарийб 40 йилдан ошиқ вақт ўтгач ҳам асарлари чоп этилишига рухсат берилмаган Жорж Оруэлл ўзи ким?

Жорж Оруэлл инглиз ёзувчиси, публицисти, жамоат арбоби. Машҳур асарлари: «Молхона» қиссаси, «1984» романи, эссе ва адабий мақолалар. Ўз асарида коммунистик дунёқараш ва коммунистик тузумни масхара қилгани учун барча коммунистик давлатларда асарлари тақиқланган.

Тақиқланган! Ғалати қиёс. Бутун бошли давлат, унинг улкан идеология машинаси битта ёзувчидан қўрқади. Ёлғон шу даражада мўртки, бир оғиз ҳақиқатга қулаб тушади. Ваҳоланки, бу ёлғон йиллар давомида зеб бериб, қад кўтарган бўлади. Шўро тузуми ярим аср Оруэллдан қўрқиб яшади.

Дунёга Жорж Оруэлл тахаллуси билан танилган англиялик журналист Эрик Артур Блейр токи 1936 йилгача жўшқин социалист, ўз тили билан айтганда, демократик социалист эди. Ҳатто шу эътиқоди учун мустамлака Бирмадаги келажаги порлоқ амалдорлик мансабидан ҳам воз кечди ва бутун дунёга демократик социализмни ёйиш ҳақидаги ғоялар билан яшади.

У бу пайтда социализмнинг энг яқин дўсти, тарафдори ва курашчиси эди. Хўш, 1936 йил Испанияга социалистлар тарафдори бўлиб борган Блейрнинг дунёқарашида қандай ўзгариш юз берди? У Испанияда нимани кўрди? Нимага дуч келди? Нега у Испаниядан сўнг социализмнинг ёрқин душманига айланди? Умрининг охиригача бу тузум бошида турганларни ҳам, тузумни ҳам нега масхара қилиб ўтди?

«Молхона» ҳақида

Молхона ёки ҳайвонлар салтанатини очлик, касаллик, ўлим қамраб олади. Бироқ энг фожиалиси қўрқув даҳшати эди. Наполеон ва унинг жазо отряди бу салтанат фуқароларини руҳан синдирди, маънан йўқ қилди, расман озод, маънан қуллик бошланди. Ўзбошимчалик, диктатура ҳаётни издан чиқарди. Наполеон қўрқув ва ўлим рамзига айланди. Ҳайвонлар эрта-ю кеч ишлар, лекин бири икки бўлмасди, қашшоқликдан бошлари чиқмасди. Эртанги кунга умид сўнди. Махсус колонияларда Наполеон тарбиясини олган ҳайвонларнинг болалари ўз ота-оналарини ўлдиришдан тап тортмайдиган жаллодларга айландилар.

Албатта, томошабин бу образ ва рамзларда ҳикоя қилган воқеа ва Оруэллнинг шу асари асосида суратга олинган фильмидан олинган тасвирларда ким ёки қайси тузум тимсоллашганини сезган бўлишса керак. Шу сабабли шўро мафкурачилари бу ёзувчи асарларини тақиқладилар. Оруэлл асарлари 80 йиллар охирларидагина таржима қилина бошланди. Оруэлл асарлари Шўро тузумини фош қилишда ўсиб келаётган озодликни англаш жараёнига хизмат қилди.

Оруэллнинг ушбу асари фақат Гитлер ва Сталин яратган тузум ва унинг фожиаси ҳақида деб бўлмайди, бу асар умуман тоталитаризм ва қуллик психологияси ҳақида. 1945 йили мазкур асар эълон қилиниши билан адабиётшунос Артур Кестлер «Янги Свифт» пайдо бўлди, деб ёзганди. Айнан шу Кестлер 1950 йили Оруэлл қабри устида шундай деган: «Келажакдаги адабиётшунослар Оруэлл ўз ижодида Свифт ва Кафкани бирлаштирганини тан оладилар».

Шўро мафкурачиларини чўчитиб юборган «Молхона» ёки юмшоқроқ таржима қилинганда «Ҳайвонлар салтанати» қиссасида нима бор эдики, коммунистларни талвасага солди? Энди қиссадаги воқеани қисқача гапириб берайлик. Эгаси ароқхўр бўлиб қолган фермадаги ҳайвонлар тенглик, адолат талаб этиб инқилоб қилишади. Инқилобнинг бош илҳомчиси «Майор» лақабли исқирт чўчқа (қиссани мана бу саҳифада ўқишингиз мумкин).

Майорнинг шогирдлари ва издошлари бўлган чўчқалар бошчилигида фермада инқилоб содир этилади. Инқилобчилар шиорлари жуда оҳанрабо ва мафтункор. Саводсиз ҳайвонлар дастлабки ҳарфларни «тенглик, биродарлик, адолат» сўзини ёзиш билан ўрганишади ва бу ишоралар уларнинг ҳаёт мазмунига айланади. Оми ва содда ҳайвонлар ҳақиқатан ҳам тенглик келганига, энди ҳайвонларга ҳеч ким хўжайинлик қилмаслигига, оламшумул озодликка эришганликларига ишонадилар. Ҳайвонлар ўз давлат тизимини, байроғини, герби ва китобларини яратишади. Бу улуғ ишда уларга қўнғир чўчқа – Наполеон бошчилик қилади. Наполеон тезда атрофига махфий хизмат, жазолаш гуруҳини тўплайди.

Ҳайвонлар ўзларини эзиб келган одамлар устидан дастлабки ғалабага эришадилар.

Доҳий ва йўлбошчилари Майорнинг мавзолейи, ҳайкали очилади.

Ўз атрофида жазо гуруҳини ташкил этиб олган Наполеон тезда ўзини ферманинг доҳийси деб танитади. Доҳий Наполеон ўз хўжалари яшайдиган уйни қароргоҳ қилади, ҳайвонлари эса ўша эски молхонада яшашда давом этади. Наполеон ҳокимиятини мустаҳкамлаб олгач сўз эркинлиги, фикр эркинлигини тақиқлайди ва барча ҳайвонлар учун фақат ўзи фикрлайди, ўзи сўрайди, ўзи жавоб беради. Фермада тўлиқ Наполеон диктатураси ўрнатилиб, барча ҳайвон унга ҳамд-у сано ўқий бошлайди.

Фермада ҳур куни идеологик машина – Наполеоннинг буюклигини таъкидлаб, тасдиқлаб турувчи кинолавҳалар – ўзига хос матбуот ишлаб туради. Наполеон билан келишмаган барча ҳайвонлар таъқиб ва қатл қилинади. Ферма қатли ом ва қўрқув салтанатига айланади.

Оруэллдан икки катта насрий асар, тоталитаризмни фош этувчи жўшқин публицистика ва эсселар мерос бўлиб қолди.

Жорж Оруэллдан иқтибослар

Иллюстрация: “Дарё” / Ҳусан Собитов

Иллюстрация: “Дарё” / Ҳусан Собитов

Иллюстрация: “Дарё” / Ҳусан Собитов

Иллюстрация: “Дарё” / Ҳусан Собитов

Иллюстрация: “Дарё” / Ҳусан Собитов

Иллюстрация: “Дарё” / Ҳусан Собитов

Иллюстрация: “Дарё” / Ҳусан Собитов

Иллюстрация: “Дарё” / Ҳусан Собитов

Иллюстрация: “Дарё” / Ҳусан Собитов

Иллюстрация: “Дарё” / Ҳусан Собитов

Иллюстрация: “Дарё” / Ҳусан Собитов

Иллюстрация: “Дарё” / Ҳусан Собитов

Иллюстрация: “Дарё” / Ҳусан Собитов

Иллюстрация: “Дарё” / Ҳусан Собитов

Иллюстрация: “Дарё” / Ҳусан Собитов