Инглиз ёзувчиси, журналисти ва публицисти Жорж Оруэлл таваллудига 25 июнь куни 118 йил тўлди. Ўзбек ўқувчиси уни, дунёнинг исталган бошқа мамлакатидаги китобхон каби, «Молхона» («Animal Farm: A Fairy Story») ривоят-қиссаси ва «1984» («Nineteen Eighty-Four») романлари орқали танийди. Қайд этиш жоиз, «1984» антиутопия жанрининг энг юксак намуналаридан бири ҳисобланади. Эҳтимол, айнан шу романи сабаб Оруэлл Британиянинг 1945 йилдан кейинги энг буюк 50 ёзувчиси қаторидан ўрин олгандир.

Оруэлл ушбу романни ўлимидан бир йил аввал, 1949 йили чоп эттирган бўлса-да, у ҳали ҳам бесцелларлар қаторида. Роман 2003 йили BBC талқини бўйича 200 та энг яхши китоб рўйхатида саккизинчи бўлган. The Times газетаси 2009 йили «1984»ни сўнгги 60 йилда чоп этилган 60 китобдан бири дея эътироф этган. Newsweek журнали эса барча замонлар ва халқларнинг энг яхши китоблари рейтингида иккинчи ўринга лойиқ кўрган.

Тоталитаризм, цензура ва авторитаризм мавзулари муҳокамаси вақтида тез-тез қўлланиладиган «фикр жиноят», «фикр полицияси», «катта оға», «янгитил» каби атамалар манбаи айнан «1984»дир. Роман учун хом ашё вазифасини, худди «Молхона» қиссасида бўлгани каби, СССР ўтаб берган. Шу боисдан асар Совет Иттифоқида 1988 йилга қадар тақиқланган адабиётлар рўйхатида турган. «Оруэлл асарлари Шўро тузумини фош қилишда ўсиб келаётган озодликни англаш жараёнига хизмат қилди», — деб ёзади Назар Эшонқул.

«Дарё» ёзувчининг таваллуд куни муносабати билан «1984» романидан бир бобни (Карим Баҳриев таржимасида) муштарийлар эътиборига ҳавола қилади.

Иллюстрация: «Дарё» / Дилзода Ҳамиджонова

Уинстон тўртта текисланган қоғозни кўриб чиқди. Ҳар бирида — бир-икки сатрли топшириқ, телеграф тилида ёзилган, бу Янгитил бўлмаса-да, Янгитил сўзларидан иборат эди ва вазирликда фақат ички истеъмол учун қўлланиларди. Топшириқлар шундай тусда эди:

таймс 17.03.84 нутқ к.о. айлантириш африка аниқлаш

таймс 19.12.83 4 квартал режаси 83 босмахатолар келиштириш бугунги сон билан

таймс 14.02.84 фарваз баёноти айлантириш шоколад аниқлаш

таймс 03.12.83 қўшплюс баён этилган талаб к.о. тилга олинганлар шахслармас қайта ёзиш оралаб юқорига тахламлар

Уинстон сокин бир қониқиш билан тўртинчи варақни четроққа суриб қўйди. Бу жуда нозик ва масъулиятли топшириқ, уни охирида бажарган маъқул. Қолган учтаси — одатий топшириқлар, гарчанд иккинчиси учун, эҳтимол, рақамларни синчковлик билан текширишга тўғри келади.

Уинстон телекранга «эски саналар» сўзларини терди — «Таймс»нинг эски сонларини сўради; бир неча дақиқадан сўнг пневматик қувур орқали бу сонлар келиб олдига тушди. Варақларда газета мақолалари ва хабарлари бўлиб, уларни у ёки бу сабабларга кўра ўзгартириш ёки, расмий тил билан айтганда, тузатиш лозим эди. Масалан, «Таймс»нинг 17 мартдаги хабаридан маълум бўлишича, яқинда Катта Оға ўзининг нутқида жанубий ҳинд жабҳасида сокинлик бўлишини ва Евросиё қўшинлари Шимолий Африкада тезда ҳужумга ўтишларини башорат қилганди. Аммо евросиёликлар Жанубий Ҳиндистонда ҳужумга ўтдилар, Шимолий Африкада ҳеч қандай ҳаракат қилмадилар. Катта Оғанинг нутқидаги шу жумлани шундай қайта ёзиш керакки, Катта Оға воқеаларнинг аслида юз берганидек башорат қилган бўлсин. Ёки, яна шу, «Таймс» 19 декабрь сонида 1983 йилнинг тўртинчи кварталида, яъни, тўққизинчи уч йилликнинг олтинчи кварталида истеъмол маҳсулотларини ишлаб чиқаришнинг расмий тахминини чоп этганди. Бугунги сонда амалдаги ишлаб чиқариш кўрсаткичлари чоп этилган бўлиб, маълум бўлишича, расмий тахмин буткул хато бўлган экан. Уинстон бугунги рақамларга мос келиши учун дастлабки рақамларни аниқлаштириши лозим эди. Учинчи варақда жуда оддий, бир дақиқада тузатиб қўйса бўладиган хато ҳақида сўз борарди. Узоқ эмас, шу йилнинг февралида Фаровонлик вазирлиги 1984 йилда шоколад тақсимоти меъёрини ўзгартирмасликка ваъда берганди (расмий тилда айтганда, қатъий таъкидлаганди). Аслида эса, Уинстон ҳам буни телекрандан эшитди, шу ҳафтанинг охирида тарқатиладиган шоколад миқдорини 30 граммдан 20 граммга камайтиришга қарор қилинди. Энди у газета хабаридаги эски ваъдани апрелда меъёр қисқартирилиши эҳтимоли борлиги ҳақидаги бошқа матн билан алмаштириб қўйса кифоя эди.

Дастлабки учта топшириқни бажариб бўлгач, Уинстон овозёзгичдан олинган тузатилган нусхаларни «Таймс»нинг тегишли сонлари билан бириктириб, пневматик қувур орқали жўнатиб юборди. Кейин деярли ғайришуурий тарзда олинган варақларни ва ўзининг ишлаш пайтида ёзган қайдларини ёқиб юбориш учун хотира туйнугига тиқди.

Пневматик қувурлар уланган кўз кўрмас лабиринтларда нима юз беришини у аниқ билмасди, фақат умумий тасаввурга эга эди. Газетанинг тегишли сонига оид барча тузатишлар жамланиб, текширилгач, уни янгидан чоп этишади, эски нусхаларини йўқ қилишади ва ўрнига янги тузатилганини тикиб қўйишади. Нафақат газеталар, балки китоблар, журналлар, брошюралар, плакатлар, варақалар, фильмлар, фонограммалар, карикатуралар, фотосуратлар — сиёсий ва ғоявий аҳамиятга эга бўлиши мумкин барча адабий ва ҳужжатлар узлуксиз тузатиб турилади. Ҳар куни ва ҳатто ҳар дақиқа ўтмиш бугунги кунга мувофиқлаштирилади. Шунинг учун партиянинг ҳар қандай башорати ҳужжатлар билан тасдиқланади; ёзувларда кун эҳтиёжига зид бўлган бирорта хабар, бирорта фикр бўлиши мумкин эмас. Тарихни кўҳна терига ишлов бергандай ҳар куни қиртишлаб, тозалаб, янгидан ёзишади — қанча зарур бўлса, шунча ўзгартиришади. Кейин бунинг сохта эканлигини исботлайдиган бирорта йўл қолмайди.

Ҳужжатлар бўлимининг энг катта шў’басида — бу шў’ба Уинстон ишлайдиган шў’бадан ҳам жуда катта эди — йўқотиш ва алмаштириш лозим бўлган газеталар, китоблар ва бошқа нашрларнинг барча нусхаларини излаб топиш ҳамда жамлаш билан шуғулланишарди. «Таймс» газетасининг сиёсий хатолар ва Катта Оғанинг хато башоратлари туфайли ўнлаб марта қайта чоп этиладиган сони тахламда барибир аввалги сана билан тикиб қўйилади, уни инкор этадиган бирорта нусхаси қолдирилмайди. Китоблар ҳам қайта-қайта йиғиб олинади, ўзгартирилади, аммо бу ўзгаришлар ҳақида айтилмайди. Уинстон оладиган ва бажарилгач дарҳол йўқ қилинадиган буйруқларда ҳам сохталаштириш ҳақида гапирилмайди, балки хатолар, бузиб талқин қилинган иқтибослар, писандалар, аниқлаштириш учун тузатиладиган босма хатолар айтилади.

Умуман олганда, ўйлади у, Фаровонлик вазирлигининг арифметикасини ўзгартириш ҳатто сохталаштириш эмас. Бу бир сафсатани бошқа сафсата билан алмаштириш, холос. Сенинг ёзган материалинг жўяли айтганда воқеликдаги ҳаётга алоқасиздир — ҳатто очиқдан-очиқ ёлғонни ёзсанг ҳам. Дастлабки статистика ҳам унинг ўзгартирилган варианти каби сохта бўлади. Кўпинча уни тўқиб чиқаришга тўғри келади. Масалан, Фаровонлик вазирлиги тўртинчи кварталда 145 миллион жуфт пойабзал ишлаб чиқаришни режалаганди. Хабар қилишадики, ҳаққоний ҳаётда 62 миллион жуфт пойабзал ишлаб чиқарилган. Уинстон эса, режани қайта ёзиб, ундаги рақамни 57 миллионга ўзгартиради, чунки режа, ҳар доимгидай ошириб бажарилган бўлиши лозим. Ҳар ҳолда, 62 миллион 57 миллионга ёки 145 миллионга нисбатан ҳақиқатга яқинроқ эмас. Мамлакатда оёқ кийим умуман ишлаб чиқарилмаган, деб тахмин қилиш ҳам мумкин. Яна ҳам, эҳтимол, қанча ишлаб чиқарилганини ҳеч ким билмайди ва билишни ҳам истамайди. Фақат бир нарса маълум: ҳар кварталда қоғозда астрономик сонларда пойабзал ишлаб чиқарилади, айни пайтда Океания аҳолисининг ярми оёқяланг юради. Худди шундай — ҳар қандай катта ёки кичик ҳужжатлар ҳам шу ҳолдадир. Ҳаммаси шарпалар дунёси бағрига сингиб кетади. Ҳатто бугунги санани ҳам аниқ била олмайсан.

Уинстон йўлакнинг у томонидаги шиша хоначага қаради. У ерда Тиллоцон исмли, қорамтир иякли саранжом-саришта одамча газета тахламини тиззасига қўйганча, сўзёзгич микрофонига ёпишиб, жон-жаҳди билан меҳнат қиларди. У гўё барча гаплар ўзи ва телекран ўртасида қолишини истаётгандек кўринарди. У бошини кўтарди ва унинг кўзойнаклари Уинстон томонга душманона ялтиради.

Уинстон Тиллоцонни деярли билмасди ва у нима билан машғуллигини ҳам тасаввур қилолмасди. Ҳужжатлар бўлими ходимлари бир-бири билан қилаётган ишлари юзасидан гаплашмас эди. Икки томонида хоналар бўлган деразасиз йўлакда қоғозлар шилдираши ва сўзёзгичга минғирлаётган овозлар ичра ўндан зиёд одам йиллар бўйи бирга ишлардики, Уинстон ҳатто уларнинг исмини ҳам билмасди, ҳолбуки уларни шу қаватда у ёқдан бу ёққа шошиб кетаётганларини кўрар, Икки Дақиқа Нафратда қўлларини силкитишарди. Қўшни хонадаги анави малласоч пакана аёл кунбўйи матбуотни варақлаб, буғлантириб юборилган, демакки, ҳеч қачон яшамаган одамларнинг фамилияларини газеталардан ўчириш билан шуғулланарди. Муайян маънода бу машғулот унга мос: икки йил аввал унинг эрини буғлатиб юборишганди. Уинстондан бир неча хона нарида калта, беўхшов, паришонхотир махлуқ ўтиради. Бу Амплфорт исмли кимса бўлиб, қофия ва ҳижолар бўйича уста эди, шеъриятнинг андозаларини — расмий айтганда, намунавий матнларини — тайёрларди, бу матнлар ғоявий бўш бўлса-да, у ёки бу сабаб билан антологиялардан олиниб ташлаши мумкин эмасди. Элликдан зиёд одам ишлайдиган бу йўлак «Ҳужжатлар бўлими»нинг остбўлими, айтиш мумкинки, мураккаб организмидаги бир ҳужайраси эди, холос. Узоқроқда, юқорида, қуйида, хизматчилар гала-гала бўлиб, кўплаб тасаввурга сиғмас топшириқларни бажаришарди. Бу ерда ўз муҳаррирлари, ноширлари, матбаачиларига эга бўлган катта босмахоналар ва мукаммал аслаҳаланган студиялар фотосуратларни сохталаштириш билан машғул эди. Бу ердаги теледастурлар бўлими ўз муҳандислари, режиссёрлари ва яхлит артистлар гуруҳлари билан бегона овозларни ўхшатишга машғул эдилар. Бунда референтлар тўдаси тафтиш қилинадиган китоблар, вақтли матбуот рўйхатини тузиш билан банд эди. Тузатилган ҳужжатлар сақланадиган улкан омборлар ва асл нусхаларни йўқ қиладиган яширин оташгоҳлар ишлаб турарди. Ва қаердадир — қаердалиги номаълум — сиёсий йўналишни аноним тарзда белгилаб берадиган раҳбарий мия ишларди, унинг кўрсатмаларига мувофиқ ўтмишнинг бир қисмини сақлаб қолиш, бошқа қисмини сохталаштириш ва учинчи бир қисмини изсиз йўқотиш лозим эди.

Яхлит «Ҳужжатлар бўлими» Ҳақиқат вазирлигининг бир таркибий қисми эди. Вазирликнинг бош вазифаси ўтмишни қайта яратишгина эмас, балки Океания аҳолисини газеталар, фильмлар, дарсликлар, телекўрсатувлар, песалар, романлар — барча турдаги ахборот ва қўлланмалар билан таъминлаш ва кўнгилочишдир, бу ҳайкалдан то шиоргача, лирик шеърдан то биологик тадқиқотгача, мактаб ҳуснихатидан то Янгигит луғатларигача — ҳаммасини қамраб олади. Вазирлик нафақат партиянинг турли-туман эҳтиёжларини таъминлайди, балки шунга ўхшаш — аммо савияси пастроқ — пролетариатга мос ахборот маҳсулотларини ҳам тарқатади. Пролетар адабиёти, мусиқаси, драматургияси ва умуман кўнгилочар маҳсулотлари билан шуғулланадиган яхлит бўлимлар тармоғи мавжуд эди. Бу ерда спорт, жиноятчилик хроникаси ва мунажжимлар башоратидан бошқа нарса босилмайдиган сариқ чақалик газеталар, шов-шувбоп беш сентли новеллалар, уятсиз фильмлар, версификатор деб аталадиган махсус калейдоскопда механик тарзда яратиладиган сентиментал қўшиқлар ишлаб чиқариларди. Ҳаттоки Янгитилда «Порнобўлим» деб аталадиган бўлинма ҳам бўлиб, у энг фаҳш мавзуларда порнография ишлаб чиқарарди. Уни муҳрланган ёпиқ пакетларда жўнатишар, бевосита тайёрловчиларни ҳисобга олмаганда, партия аъзолари уни кўришлари ман этилганди.

Уинстон ишлаб турганда, пневматик қувур яна учта буюртмани пуфлаб чиқарди. Улар жуда жўн топшириқлар эди ва у Икки Дақиқа Нафрат бошланишидан аввал уларни саранжомлаб қўйди. Нафрат тугагач, у ўз хонасига қайтди ва жавондан Янгитил луғатини қўлга олди, сўзёзгични узоққа суриб қўйди, кўзойнагини артиб, куннинг асосий топшириғини бажаришга киришди.

Уинстоннинг ҳаётдан оладиган энг катта завқи ҳам шу иши эди. Иши асосан зерикарли, бир тусдаги ишлардан бўлса-да, гоҳида шунақа ишлар ҳам тушардики, уларга худди математик масала ечаётгандек бутун диққатингни жамлайсан. Айрим нарсаларни сохталаштиришда ингсоц ақидалари ва партия сендан нимани исташи ҳақидаги тасаввурларинггагина таянасан, холос. Бундай топшириқларни Уинстон аъло даражада бажаради. Унга ҳатто «Таймс»нинг мутлақо Янгитилда ёзилган бош мақолаларини тузатишни ҳам ишониб топширишади. У эрталаб четга суриб қўйган тўртинчи топшириқни қўлга олди:

таймс 03.12.83 қўшплюс баён этилган талаб к.о. тилга олинганлар шахслармас қайта ёзиш оралаб юқорига тахламлар

Эскитилда (одатий инглиз тилида) бу тахминан қуйидагиларни англатарди:

«Таймс» газетасининг 1983 йил 3 декабрь сонида Катта Оғанинг мамлакат бўйича буйруғи жуда қониқарсиз баён этилган: мавжуд бўлмаган шахслар тилга олинган. Тўла қайтадан ёзинг ва ўз вариантингизни архивга жўнатишдан олдин раҳбариятга ҳавола этинг.

Уинстон хато мақолани ўқиб чиқди. Унинг фикрича, буйруқнинг каттагина қисми СҚИМ ташкилотини мақташга бағишланган — бу ташкилот сузиб юрувчи қалъалар матросларини сигареталар ва бошқа истеъмол маҳсулотлари билан таъминлашга масъул эди. Ички партиянинг таъсирли арбоби, қандайдир ўртоқ Уидерс алоҳида тилга олинганди — уни 2-даражали «Буюк хизматлари учун» ордени билан тақдирлашганди.

Уч ойдан кейин, айтилмаган сабабларга кўра, СҚИМ тўсатдан тарқатиб юборилди. Уидерс ва унинг ходимлари энди назардан қолганини тахмин қилиш мумкин эди. Бу ўзгариш ҳақида на газеталар ва на телекран орқали хабар берилган. Бунга ҳам ҳайратланмаса бўлади: сиёсий хато қилганларни суд қилиш ва ҳатто ошкора фош қилишга одатланилмаган. Ўз айбини бўйнига олиб, тазарру қилгач, қатл этиладиган хоинлар ва фикри бузуқларнинг ошкора суд қилиниши билан кечадиган ва минглаб одамлар йўқ қилинадиган тозалашлар махсус томоша бўлиб, тез-тез ўтказилмас, бир неча йилда бир марта юз берарди. Партияни норози қилганлар шунчаки йўқолиб қоларди ва улар ҳақида бошқа ҳеч ким ҳеч нарсани билмас ва эшитмас эди. Уларга нима бўлганини тахмин қилишнинг фойдаси йўқ. Уларнинг айримлари тирик қолган бўлиши ҳам мумкин. Шу тарзда Уинстоннинг ўттизга яқин танишлари йўқолган, ота-онасини айтмаса ҳам бўлади.

Уинстон қоғоз қистиргич билан бурнини енгил қашлаб қўйди. Қарама-қарши хонада ўртоқ Тиллоцон аввалгидай микрофонга қапишиб, сирли шивирларди. У бошини кўтарди, унинг кўзойнаги яна ёвқараш йилтиллади. Ўртоқ Тиллоцон ҳам шу вазифа билан банд эмасмикин, деб ўйлади Уинстон. Бўлиши мумкин. Бундай нозик ишни бир одамгагина ишониб қўйишмайди. Бошқа томондан, уни комиссияга топшириш сохталаштиришни ошкора тан олиш бўларди. Эҳтимол, камида ўн одам Катта Оға аслида нима демоқчи бўлгани ҳақида турлича тахминларни ишлаб чиқиш билан банд. Кейин Ички партиядаги қайсидир катта ақл тахминларнинг биттасини танлаб олади, таҳрир қилади, ўзаро боғланган иқтибосларнинг мураккаб тизимини яратади, шундан сўнг танлаб олинган ёлғон доимий сақлашга топширилади ва ҳақиқатга айланади.

Уинстон ўртоқ Уидерс нима учун назардан қолганини билмасди. Балки айнигани ёки ёмон ишлагани учундир. Эҳтимол, Катта Оға қўл остидаги ҳаддан зиёд машҳур бўлиб кетаётган тобеинидан қутулмоқчидир. Эҳтимол, Уидерс ёки унинг атрофидаги кимдир партия йўлидан тойганликда айблангандир. Эҳтимол — шуниси аниқроқ — бу тозалаш ва буғлатишлар ҳукумат фаолиятининг зарурий қисми бўлгани учундир. Ягона тайинли ишора «тилга олинганлар шахслармас» деган сўзларда мужассамдир — бу нарса Уидерс аллақачон ўлганини билдирарди. Инсоннинг ҳибсга олиниши доим ҳам унинг ўлганини билдирмасди. Гоҳида уни чиқариб юборишар, қатл қилингунгача бир ёки икки йил озодликда юрарди. Гоҳида шундай бўлардики, аллақачон ўлиб кетган деб ҳисобланган одам кутилмаганда очиқ суд мажлисида арвоҳдек пайдо бўлар ва батамом йўқ бўлиш олдидан юзлаб одамларга қарши кўрсатма берарди — ана шундан сўнг у изсиз йўқоларди. Лекин Уидерс аллақачон шахс ҳам эмас эди. У йўқ, ҳеч қачон бўлмаган. Уинстоннинг фикрича, Катта Оғанинг нутқини шунчаки ўзгартириш етарли эмас. У дастлабки мавзудан буткул бошқача нарсани гапириши керак.

Уинстон нутқини хоинлар ва фикр жиноятчиларни фош этишга қаратилган намунавий нутққа айлантириши мумкин эди, аммо бу жўн нутқ бўлиб қолар эди, агар фронтдаги ғалаба ёки уч йиллик режанинг зафарли бажарилиши ҳақида бир нима тўқиса, ҳужжатлаштириш жуда мураккаблашиб кетар эди. Соф фантазия — шу керак эди. Бирдан унинг хаёлида — айтиш мумкинки, тайёр ҳолда — куни кеча жангларда қаҳрамона ҳалок бўлган ўртоқ Огилви тимсоли гавдаланди. Катта Оға гоҳида партиянинг қайсидир камтарин, оддий аъзоси хотирасига бағишлов айтарди, унинг ҳаёти ва ўлимини бошқаларга намуна қилиб кўрсатарди. Бугун у нутқини ўртоқ Огилви хотирасига бағишлайди. Тўғри, бу ўртоқнинг ўзи умуман ҳаётда бўлмаган, аммо бир неча босма сатрлар ва бир-икки сохта фотосурат уни яшаган қилиб кўрсатиш учун етарли.

Уинстон бир дақиқа ўйланиб турди, кейин сўзёзгични олдига суриб, Катта Оғанинг одатий услубида ёздира бошлади: ҳарбий ва айни пайтда расмий услуб ўхшатишга қулай услуб эди — савол қўйиларди ва дарҳол жавоб бериларди («Ўртоқлар, биз бундан қандай сабоқ чиқаришимиз керак? Сабоқлар — улар айни пайтда ингсоцнинг асосий тамойиллари ҳамдир — шундан иборатки...» ва ҳоказо, ва ҳоказо).

Ўртоқ Огилви уч ёшлигидаёқ дўмбира, автомат ва вертолётдан бошқа барча ўйинчоқлардан воз кечди. Олти ёшида — муддатидан бир йил аввал истисно тариқасида «Жосуслар»га қабул қилинди; тўққиз ёшида отряд бошлиғи бўлди. Ўн бир ёшида тоғасининг гапларини эшитиб, ундан жиноий ғоялар исини сезди ва Фикр полициясига хабар берди. Ўн етти ёшида «Сексга қарши ёшлар лигаси»нинг туман раҳбари бўлди. Ўн тўққиз ёшида у ихтиро қилган граната Тинчлик вазирлиги томонидан қабул қилинди ва тажриба учун биринчи портлашдаёқ ўттиз бир евросиёлик ҳарбий асирни ер тишлатди. У йигирма уч ёшида урушда ҳалок бўлди. Муҳим маълумотлар билан Ҳинд океани устидан учиб бораркан, душманнинг қирувчи учоқлари ҳужум қилди, ўз танасига пулемётни ва маълумотларни боғлаб, сув тагига чўкиб кетди; бундай ўлимга, — деди Катта Оға, — ҳавас қилмаслик мумкин эмас. Катта Оға таъкидлайдики, ўртоқ Огилвининг бутун ҳаёти поклик ва мақсад йўлида жидду жаҳд намунасидир. Ўртоқ Огилви ичмас ва чекмас эди, гимнастика залидаги кунлик бир соат машқлардан бошқа кўнгилочар машғулотни билмасди; уйланиш ва оила ташвишлари умрни бурчни ўташга бағишлашга монелик қилади деб белди ва тоқ ўтишга қарор қилади. У ингсоц тамойилларидан бошқа мавзуда гапирмасди, Евросиё ўрдасини тор-мор этиш, хоинларни, зараркунандаларни, фикр жиноятчиларини ҳамда бошқа хоинларни топишдан бошқа ҳаётий мақсади бўлмаган.

Уинстон ўртоқ Огилвини «Буюк хизматлари учун» ордени билан тақдирласамми, деб ўйланиб қолди; тақдирламасликка қарор қилди — бу кўплаб аввалги кесишган иқтибосларни тузатишни тақозо қилади.

У яна бир карра қарши хонада ўтирган ғанимга назар солди. Нима учундир хаёлига Тиллоцон ҳам шу иш билан банд деган ўй келиб қоли, буни тушуниб бўлмасди. Кимнинг иши қабул қилинади, буни билиш қийин, аммо унинг ишончи комилки, ўзиники ютиб чиқади. Бир соат олдин умуман бўлмаган ўртоқ Огилви воқеликка айланди. Уинстонга тирикларни эмас, ўликларни яратиш қизиқарли туюлди. Ўртоқ Огилви ҳаётда ҳеч бўлмаган, аммо энди у ўтмишда яшайди — сохталаштиришнинг излари йўқотилгач, у ҳаққоний ва рад этиб бўлмас тарзда Буюк Карл ва Юлий Цезарь сингари тарихий шахсга айланади.

Маълумот учун: «1984» романини Ўзбекистондаги онлайн китоб дўконларидан 22 минг сўмдан 34 минг сўмгача бўлган нархда сотиб олиш мумкин.