Тошкент вилоятининг Бекобод шаҳридаги хонадонларнинг бирида истиқомат қилувчи оила 2 туп чинор дарахтини ноқонуний кесди. Бу ҳақда вилоят экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бошқармаси хабар берди.

Фото: Тошкент вилояти экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бошқармаси

Маълум қилинишича, Бекобод шаҳар ҳудудида чинор дарахтлари кесилаётганлиги тўғрисида ижтимоий тармоқлар орқали тарқалган видео хабарга асосан Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш соҳасидаги Бекобод шаҳар инспекцияси ходимлари томонидан жойига чиқиб ўрганиш ишлари олиб борилган.

Ўрганиш давомида Бекобод шаҳар «Бирдамлик» МФЙ ҳудудида икки туп, шундан бир тупи қуриб қолган чинор дарахти тегишли рухсатномасиз, шу кўчада жойлашган хонадоннинг том қисмига шохлари синиб тушаётганлиги сабабли хонадон эгалари томонидан таг қисмидан кесиб ташлангани аниқланган.

Қонунбузар фуқароларга нисбатан «Ўсимликлар дунёсини муҳофаза қилиш тўғрисида»ги қонунинг 37-моддаси талаблари бузилишига йўл қўйилганлиги учун Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 79-моддасига (дарахтлар, буталар, бошқа ўрмон ўсимликлари ва ниҳолларни ғайриқонуний равишда кесиш, шикастлантириш ёки йўқ қилиш) асосан 2 миллион 450 минг сўм жарима ва 128 миллион 625 минг сўм табиатга етказилган зарар ҳисоб-китоб қилинган.

Айни пайтда улардан суд тартибида ундириш чоралари кўрилмоқда.

Эслатиб ўтамиз, Шавкат Мирзиёевнинг 3 февралдаги фармони билан Ўзбекистонда дарахт ва буталарни кесишга ўрнатилган мораторий муддати 2021 йил охиригача узайтирилган. Шунингдек, дарахтларни ноқонуний кесганлик учун жарима миқдори икки бараварга оширилган.