2019 йилда Sotheby’s аукциони орқали McLaren F1 суперкари 19,805 миллион долларга сотилиб, рекорд ўрнатганди. Шасси рақами 018 бўлган машина 25 йил давомида 21,5 минг километр йўл босган холос ва ишлаб чиқарувчи томонидан LМ спецификациясига қадар ишланган иккита купедан бири ҳисобланарди: двигатели пойга GTR’ники ва High-Downforce Кit «обвеси». Яқиндагина Gooding & Company каталогида пайдо бўлган McLaren F1 эса бундан ҳам қимматроққа сотилиши мумкин. У ҳозирга қадар 390 километр йўл босган ва ҳолати идеалга яқин, ҳатто унинг оригинал шиналари сақланиб қолган, деб хабар беради Motor.
Завод реестридаги қайдларга кўра, шасси рақами 029 бўлган McLaren F1 — бу 1992 йилдан 1998 йилга қадар бўлган даврда яратилган 25-суперкар ҳисобланади. Шу билан бирга, у ўз тиражида компаниянинг шаклланишида муҳим рoль ўйнаган McLaren Cаrs раҳбарларидан бирининг шарафида номланган Creghton Brown рангига бўялган ягона модель. Икки эшикли машина салони Light Таn ва Dark Brown чармлари билан қопланган, қўшимча аксессуарлари рўйхатидан титанли ускуналар, TAG Heuer соатлари ва йўл сумкалари жамланмаси ўрин олган.
Суперкар «умрининг» асосий қисмини Япониядаги хусусий коллекцияда ўтказган, бироқ ҳозирда у АҚШга олиб келинган. Машинанинг эгаси уни оригинал ҳолатда сақлаб қолиш учун катта меҳнат қилган, шу сабабли унга ҳамон заводдаги Goodyear Eagle F1 шиналари кийгизилган. Gooding & Company аукциони вакилларининг сўзларига кўра, коллекционерларда ҳозирга қадар аукционларга қўйилган энг кам масофа босган автомобилни харид қилиш имконияти пайдо бўлган, бироқ унинг нархи арзон бўлмаслиги аниқ.
McLaren F1 627 от кучи ва 650 Нм айланувчи моментни тақдим этишга қодир 6,1 литрли (BMW S70/2) В12 атмосфера двигатели билан жиҳозланган. Узатмалар қутиси — олти поғонали механика бўлиб, у Американинг Wiesmann Transmissions фирмаси билан ҳамкорликда яратилган. Купе соатига 100 километр тезликка 3,2 сонияда эришади. Максимал тезлиги — 372 километр/соат. 2005 йилга қадар McLaren F1 дунёдаги энг тезкор машина бўлган ва кейинчалик ушбу ном Bugatti Veyron’га насиб этган.
Изоҳ (0)